Туркия раҳбарияти Президент Ислом Каримов вафоти муносабати билан таъзия изҳор этди

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон раҳбарияти, марҳумнинг яқинлари ҳамда ўзбек халқига таъзия изҳор этди.

“Ўзбекистон жаноб Каримовнинг кучли пешқадамлигида сўнгги чорак асрда жадал тараққий этиб, минтақа ва дунёда муҳим давлат сифатида ўрин эгаллади. Туркия тарихий дўсти ва қардоши бўлган Ўзбекистон билан алоқаларини ҳар соҳада ривожлантиришга  катта аҳамият беради. Ўзбекистон билан икки томонлама, минтақавий ва халқаро платформалардаги ҳамкорлигимизни халқларимизнинг манфаатига хизмат қиладиган шаклда ва ўзаро ишонч асосида  ривожлантиришда давом этишимизга чин қалбдан ишонаман”, – дейилади Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев номига йўлланган таъзия мактубида.

Туркия етакчиси Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамда Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова номига ҳам таъзия мактублари йўллаган.

Шунингдек, Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим, Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушоғлу, Буюк Миллат Мажлиси собиқ раиси ва собиқ Ташқи ишлар вазири Ҳикмат Четин номидан ҳам Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан таъзияномалар келган.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабариага кўра, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон G20 саммити доирасида Хитой Халқ Республикасига ташриф буюргани ҳамда Туркияда фавқулодда ҳолат жорий этилгани туфайли Ислом Каримовни дафн этиш маросимида Туркия номидан Бош вазир ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркеш бошчилигидаги делегация иштирок этди. Делегация аъзолари орасида Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Икки томонлама сиёсий алоқалар департаменти директори Шефик Вурал Алтай ва Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Намик Гюнер Эрпул ҳам бор эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни вафот этди. Шу муносабат билан 2016 йил 3 сентябрдан мамлакатимизда уч кунлик мотам эълон қилинди. Марҳум ўзи таваллуд топган Самарқанд шаҳрида дафн этилди. Дафн маросимида бир қатор давлат ва ҳукумат етакчилари ҳозир бўлди.