Туркия элчихонаси: Су-24 самолёти уриб туширишдан аввал 10 марта огоҳлантирилган

24 ноябрь куни Туркиянинг Хатай вилояти ҳудудида уриб туширилган Су-24 самолёти ўт очишдан аввал 10 маротаба огоҳлантирилган. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 27 ноябрь куни тарқатган баёнотида маълум қилди.

Аввалроқ ҳалокатдан сўнг тирик қолган Су-24 штурмани Константин Мурахтин Туркия ҳарбийлари томонидан огоҳлантириш берилмаганини айтган эди.

Баёнотда қайд этилишича, огоҳлантиришларга қарамай, кимга қарашли экани номаълум бўлган икки самолёт Хатай вилояти Яйладағи ҳудудида шарқ-ғарб йўналишида Туркия ҳаво ҳудудини бузиб ўтган. Қоидабузар биринчи самолёт бир муддатдан кейин Туркия ҳаво ҳудудини тарк этган. Қоида бузишни тўхтатмаган иккинчи самолётга қарши эса Туркиянинг ҳавода патруллик қилаётган Ғ-16 ҳарбий самолётлари ўт очган. Натижада Су-24 самолёти Сурия ҳудудига қулаган. Унинг айрим бўлаклари Туркия ҳудудига тушган ва бунинг натижасида икки нафар турк фуқароси яраланган. Туркия баёнотига қараганда, Су-24 самолётининг Россия Федерациясига тегишли экани кейин маълум бўлган.

Аввалроқ – жорий йил 3-4 октябрь кунлари Сурияда ҳарбий амалиётда иштирок этаётган Россия самолётлари томонидан Туркия ҳаво ҳудуди бузилиши ҳолатлари қайд этилган. Ўшанда Россия элчиси Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, яна бир бор шундай ҳолат қайд этилса, самолёт уриб туширилишидан огоҳлантирилган. Шунга асосан расмий Анқара 24 ноябрь кунги ҳодиса учун жавобгарликни ўзидан соқит қилган.

Айни чоқда, Туркия томони ушбу воқеа атайин уюштирилмаганини алоҳида таъкидланган. “Бу биз содир бўлишини мутлақо истамаган ҳолатдир. Мазкур ҳодисадан қайғудамиз”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, расмий Анқара ушбу ҳолат бўйича ҳамда бошқа масалалар юзасидан Россиянинг ваколатли идоралари билан аввалги каби конструктив мулоқотга тайёрдир.

Туркия ҳаво ҳудудини бузган самолётнинг уриб туширилиши юзасидан БМТ Бош котиби Пан Ги Мун, Хавфсизлик Кенгаши ҳамда НАТО аъзолари хабардор қилинган.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг 24 ноябрь куни ҳарбий иттифоқ расмий Анқара билан бирдам экани ҳамда ўз иттифоқчисининг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Жаҳон ахборот агентликлари хабарига кўра, самолёт уриб туширилганидан кейин Россия Президенти Владимир Путин ушбу ҳодиса Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатга салбий таъсир этишини маълум қилган. Шу билан бирга, Россия раҳбари Туркиядан ушбу ҳолат юзасидан кечирим сўрашни талаб қилган.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса ҳаво ҳудуди бузилган ҳолатда ҳарбийлар айнан шундай йўл тутишини таъкидлаб, кечирим сўрашга асос йўқлигини билдирган.

Айни пайтда икки давлат ўртасида сиёсий тарангликни кузатиш мумкин. Аммо таҳлилчилар ҳозирги вазиятда мақбул ва маъқул йўл ўзаро дипломатик мулоқот эканини таъкидламоқдалар.

Дарвоқе, 27 ноябрь куни Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли Белградда ЕХҲТ анжумани доирасида россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашишини маълум қилди. Туркия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари сиёсий инқирозни дипломатик йўл билан ҳал этишга ишонч билдирди.

Собир Салим