Ўзбекистонда атоқли озарбойжон адиби Анорнинг янги китоби чоп этилди

Тошкентда атоқли озарбайжон адиби Анорнинг “Мен, сен, у ва телефон” деб номланган китоби чоп этилди. Тўпламга муаллифнинг сара ҳикоялари, олам ва одам ҳақидаги ҳикматлари, шунингдек, таниқли инсонлар, жумладан, Озарбойжон миллий етакчиси Ҳайдар Алиевнинг Анор ижоди хусусидаги мулоҳазалари киритилган.


“Мен, сен, у ва телефон” китоби Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази ташаббуси ва кўмагида дунё юзини кўрган. Марказ раҳбари Самир Аббосов китобга ёзган сўзбошисида Анор ўзбек ўқувчилари орасида ҳурмат  ва муҳаббат қозонганини таъкидлаган, адиб замонавий Озарбойжон адабиёти ва санъатида муҳим ўрин тутишини қайд этган.

Тўплам “Davr press” нашриётида “Дунё адабиёти хазинасидан” туркумида чоп этилган. Озарбойжон маданият маркази китоб Ўзбекистоннинг етакчи кутубхоналари ҳамда таълим масканларига тарқатилишини маълум қилган.

Анор Расул ўғли Ризоев (Anar Rəsul oğlu Rzayev) 1938 йили Боку шаҳрида машҳур шоирлар Расул Ризо ва Нигор Рафибейли хонадонида таваллуд топган. 1960 йили Озарбойжон давлат университетини, 1964 йили Москвадаги Олий сценарийнавислик курсини тамомлаган. Узоқ йиллар матбуот ва телевидение тизимида фаолият юритган. 1987 йилдан Озарбойжон ёзувчилар бирлиги (AYB) раиси вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Адибнинг “Байрам ҳасратида” (1963), “Мулла Насриддин-66” (1970), “Одамнинг одами” (1977),  “Мажол” (1973),  “Ичаришаҳар” (1978), “Сизни деб келганман” (1984), “Дунё бир деразадир” (1986), “Сизсиз” (1992), “Шаҳарнинг ёз кунлари” (1992), “Шаҳидлар доғи” (1995), “Минг беш юз йиллик Ўғуз шеърияти” (1999), “Оқ қўчқор, қора қўчқор” (2003) каби китоблари нашр этилган ва дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Ижодкор “Ҳар оқшом ўн бирда”, “Кун келди”, “Тахмина” каби фильмлар учун сценарий ҳам ёзган.

 

Шу мавзудаги мақола:

Юнус Ўғуз: “Мақсадим – туркийларнинг дунё тамаддунидаги ўрнини кўрсатиш”. 16.11.2015