Ҳасан Қудратуллаев. Улуғ шоир шахсияти

http://n.ziyouz.com/images/alisher_navoiy3.jpgБобур ва унинг замондошлари талқинида Заҳириддин Бобурнииг Алишер Навоийга муносабати олимларимиз томонидан ўрганилган, бу мавзуда фикр-мулоҳазалар айтилган. Шу боис биз «Бобурнома»дан Навоий шахсиятини янада теранроқ ёритган, ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ шахслар, воқеа-ҳодисалар тасвирини таҳлил этиб, Бобурнииг улуғ шоир ҳақидаги қарашларини ёритишга интилдик. Шунингдек, Навоий шахсияти, мавқеини Хондамирнинг

«Ҳабиб ус-сияр», Восифийнинг «Бадоеъ ул-вақоеъ» асарларидаги турли персонажлар ва тарихий лавҳалар асосида ҳам кўриб чиқмоқчимиз. Бу қиёсий таҳлил, шубҳасиз, Алишер Навоий шахсиятини кенгроқ кузатиш имконини беради.

Маълумки, “Бобурнома”да муаллиф Маждиддин Муҳаммад шахси борасида ҳам кенг тўхталган. Ҳусайн Бойқаронинг бу вазири Навоий билан баҳс-мунозарада, фикр ихтилофида бўлгани ҳам тарихий манбалардан маълум. Турли сабаблар билан салтанат хазинаси бўшаб қолганда, Ҳусайн Бой­қаро Маждиддинга мурожаат қилади. У иқтисодий, молиявий, солиқ тизимини қаттиқ­қўллик билан олиб бориб, салтанат хазинасини тўлдиришга муваффақ бўлади. Бу ҳақда маълумот бераркан Бобур амир Маждиддиннинг “Алишербек бошлиқ жамиъ беклар ва аҳли мансаб била зиддона маош” қилганини айтиб, бу ҳаракати оқибатида «борча анинг била ёмон бўлдилар», дейди. Шу ўринда бир нозик муносабатга эътибор берайлик. Бир қараганда, Бобур Навоийнинг жамиятдаги мавқеи, таъсир кучини кўрсатмоқда. Иккинчидан, Маждиддиннинг иқтисодий ва молиявий қобилиятини зимдан эътироф этади.

Бироқ Маждиддин салтанат иқтисодини қанчалик мустаҳкамлаган бўлмасин, маълум даражада Султонга ёқмасин, Ҳусайн Бойқаро, Навоий ҳурмати боис, уни вазифасидан «маъзул» этади. Бобур Ҳусайн Бойқаро салтанатида Навоий қарашлари жиддий тўқнашувга учраганига, баъзи ҳолларда адолатга зиён етганига ишора қилади: «Саъй ва иғво қилиб, Маждиддин Муҳаммадни туттуруб маъзул қилдилар. Анинг ўрниға Низомулмулк девон бўлди. Неча маҳалдин сўнг Низомулмулкни ҳам туттуруб ўлтуруб, Хожа Афзални Ироқтин келтуруб, девон қилдилар. Мен Кобул келган фурсатда Хожа Афзални бек қилиб эдилар, девонда ҳам муҳр босар эди”.

Бошқа жиҳатдан юқоридаги парча ­Навоий ва унинг тарафдорларининг Ҳусайн Бойқаро давлати бошқарувидаги таъсир доираси катта бўлганини ҳам кўрсатади.

Бобур вафотидан сўнг исми номаълум қолган котиб томонидан “Бобурнома”нинг охирига икки бетли илова қўшилган. Иловада асар муаллифига таъриф берилиб, “Ва бир неча аҳли табъким, ушбу подшоҳ (яъни Бобур —Ҳ.Қ.) доимул авқот суҳбатдин айру қўймас эрди”, “аҳли табъ”лар қатори “Султон Муҳаммад кўсаким, Мир Алишернинг мусоҳибларидин эрдиким, подшоҳ суҳбатида иззат топиб, сарафроз бўлуб эрди”, деб ёзилади. Демак, Бобур сўнгги нафасигача Навоийга яқин кишилар ҳурматини бажо келтирган, уларни эъзозлаган.

Заҳириддин Бобурнинг Алишер Навоийга муносабати ҳақида сўз юритганда, унинг Ҳирот шаҳрида қисқа муддат бўлган пайтда атайин Навоийнинг шахсий уйи — “Унсия”да яшагани, шаҳардаги улуғ шоир қурдирган биноларни меҳр билан зиёрат қилиб, бу ҳақда “Бобурнома”да ёзганини таъкидлаш жоиз. Бу эътирофда шоҳ, адиб, шоир, адабиётшунос Бобурнинг Навоий даҳосига юксак эътиқоди, садоқати мужассам. Бобур Навоий барпо этган биноларни номма-ном санайди, бу кошоналар инсон ҳаёти, маънавияти, пок ва соғлом турмуш, охирати ва бугунги куни учун нечоғли зарурлигини уқдиради. Улуғ шоирнинг эл учун яшаганини, умрини юрт осо­йишталиги ва фароғатига сарфлаганини таъсирчан ифодалайди: “Алишербекнинг ўлтурур уйлариким, “Унсия” дерлар, мақбара ва масжиди жомеиниким “Қудсия” дерлар, мадрасаси ва хонақоҳниким “Халосия” ва “Ихлосия” дерлар, ҳаммом ва дорушшифосиниким “Сафоия” ва “Шифоия” дерлар, борини андак фурсатга сайр қилдим”.

Умуман, XV асрнинг охири—XVI асрнинг биринчи ярмида яратилган ёки шу давр ҳақидаги тарихий, саргузашт, ҳатто поэтик асарларнинг аксариятида Алишер Навоий ҳақида маълумотлар берилган. Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ” асари ҳам шулар жумласидандир.

Маълумки, Алишер Навоий Ҳирот адабий муҳитини бошқарган пайтда Зайниддин Восифий ёш бўлган. Ёш Зайниддиннинг муаммо билиш қобилиятини синаб кўрган Навоий унга юқори баҳо берган. ­Восифий «Бадоеъ ул-вақоеъ»да бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтган. Шу боис унинг Навоийга устоз ва ҳомий сифатида қараши табиий. «Бадоеъ ул-вақоеъ»да муаллиф Навоийнинг шахсий ҳаётига доир нозик жиҳатларни кўпроқ ёритган. Бунда, асосан, ­Заҳириддин Бобур асаридаги аниқ баён, қисқа ва мантиқий умумлашма таърифлардан фарқли тарзда, улуғ шоир ҳаётидан ҳикоя қилувчи ғаройиб воқеаларга кўпроқ ўрин берилган. Восифийнинг санъаткорлиги шундаки, у Навоийнинг буюклиги, халқ билан муносабатларини ёритишда жонли мисоллар — шеърият оқшомлари, шоир шахсий ҳаётига доир лавҳалардан кенг фойдаланган. Бу тасвирлар шунчалик халқона, оммабопки, осон ўқилади, ўқувчига эстетик завқ беради. Яна бир жиҳат шуки, Восифий шоирнинг шахсий ҳаётидаги кўпчилик учун жумбоқ туюлган жиҳатларни енгил ҳазил оҳангида ойдинлаштиради, давр адабий муҳити ва жараёни ҳақида кенг ва муҳим маълумотларни беради.

Восифийнинг мазкур асарида Навоийнинг ҳаётида содир бўлган бир воқеа ҳикоя қилинади. Ҳусайн Бойқаро саройида Мир Ҳожи Пири Баковул деган номдор ошпаз бўлиб, кунларнинг бирида уни тахтиравонда олиб ўтишади. Мир Ҳожи Навоийга кўзи тушиши билан: “Махдум, бугун Сизнинг мулозимларинғиз ҳазрати Мирзо (яъни Ҳусайн Бойқаро — Ҳ.Қ.) олдида ажойиб гапларни айтишди”, дея ўтиб кетади. Албатта, ҳар қандай амир ўз мулозимларининг шоҳга қандай “ажойиб” гапларни айтганини билишга қизиқиши табиий. Шу боис Навоий Мир Ҳожи тахтиравони орқасидан “Махдум, бир пас тўхтанг”, деб югуради. Шунда Баковул: “Маъзур тутинг, Мирзо мени бир зарур иш билан жўнатдилар, шошиб турибман”, дея унинг кўнглини баттар таҳликага солади. Баковул бу билан гўё ғалаба қилган, яъни у одамлар орасида кимсан вазири аъзам, шоирлар сарвари Навоийни ўз ортидан югуртирди, деган сохта обрўга эришгандек бўлади.

Восифий бу воқеа тасвирини бир маромда давом эттириб, Пири Баковулнинг ҳеч кимни писанд қилмай қолганини, ҳатто султон Ҳусайн Бойқаро ҳам ўзига бунчалик эрк бермаганини айтади: “Тахтиравон олдида ўн чоғли йигитчалар олтин, кумуш ва чиннидан ясалган май идишларни кўтариб олишган. Қўлларида лаъл, фируза, забаржад ва ёқут пиёлалар. Тахтиравон ҳар беш-олти кадам юрганда Пир бир пиёла май ичиб, газакига ёнидаги йигитчаларнинг биридан бўса оларди…”. Ҳусайн Бойқаро бу хабарни эшитиб, Пири Баковулни сурбетлиги боис йўқ қилиб, мол-мулкини хазина ҳисобига мусодара этади. Ушбу воқеа баёнидан ҳам Навоийнинг ўша даврда сарой олдида, халқ орасида қанча обрў-эътиборга эга эканлигини билиш мумкин.

Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” асарида 150 нафардан зиёд адиб, тарихчи, шайх, тасаввуф пешволари, давлат арбоблари ҳақида қимматли маълумотлар жамланган. “Ҳабиб ус-сияр” тарихий асар бўлгани учун муаллиф Алишер Навоийга алоҳида боб бағишламаган. Шоир шахсияти замонга, давлатдорликка оид маълумотлар, адабий асарлар, адиб ва адабий жараёнга берилган баҳоларда кўзга ташланади. Асар давомида Навоийнинг исми эллик мартадан ортиқ тилга олинади. Агар Хондамир келтирган маълумотлар умумлаштирилса, Навоий мав­қеи, унинг тарихда, адабий муҳитда, қолаверса, ўз даври кишилари тақдирида тутган ўрни яхлит ҳолда ўқувчи кўз ўнгида гавдаланади.

“Ҳабиб ус-сияр”да муаллиф улуғ шоирнинг уч хислатини кенгроқ ёритишга интилган: биринчидан, тарихий асар талаби ва мундарижасидан келиб чиқиб, Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро салтанатидаги ўрни; иккинчидан, нозик истеъдоди — одам таниш қобилияти ва валиёна хислати; учинчидан, ўша давр адабий жараёнига сарварлиги.

Хондамир Ҳусайн Бойқаро салтанатидан олдинги давр — Султон Абусаид мирзо саройидаги воқеаларни тасвирларкан, Алишер Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Ганжкина (Хондамир шу ном билан берган — Ҳ.Қ.) ҳақида қисқача маълумот келтиради. Муаллиф Султон Абусаид салтанати ҳақида сўз юритар экан, Навоийнинг падари бузрукворини бу даргоҳда нуфузли шахслар доирасида бўлгани, эътиборга ноиллигини алоҳида таъкидлайди. Султон Абусаид кунларнинг бирида жуда катта нуфузли ҳайъат та­йинлашга қарор беради. Бу масалани ҳал қилиш учун давлатнинг энг нуфузли арбоблардан иборат ҳайъат тузилади. “Биринчи, Шайх Нуриддин Муҳаммад бинни Шайх Баҳовуддин Умар, иккинчи Хожа Шамсиддин Муҳаммад Кўсавий ал-Жомий, учинчиси—амир Бобуриддин Хованшоҳким, мазкур сатр муаллифининг (яъни Хондамирнинг — Ҳ.Қ.) паноҳбонидир ва Амир Ғиёсиддин Ганжкинаким, ҳазрати амири султон Низомиддин Алишернинг падари бузрукворидир ва сафарда у уч бузругга хизмат қилиш ҳамда ҳамкорликка тайинланган эдилар, ўз ишларининг бажарилишига амр этилди…”. Хондамир фикрича, бу ҳайъатга юксак масъулият — салтанатдаги парокандаликни тўхтатиб, ўрнига тинчлик ва барқарорликни барпо этиш вазифасини юклаган.

Ғиёсиддин Кичкинанинг улуғ кишиларга ҳамроҳ бўлиши унга билдирилган улкан ишонч эди. Қолаверса, бу факт юртда тинч­ликни асрашда, султонлар орасидаги ихтилофларни бартараф этишда жонбозлик кўрсатишдек улуғ эзгу ишлар аслида Алишер Навоийнинг отасидан олган тарбияси, таъсири, маънавияти юксак оиладан унга мерос бўлиб ўтган бурч сифатида баҳоланиши жоиз.

Хондамир асарида улуғ шоир характери ёритилган диққатга лойиқ яна бир мисолни кузатайлик. Бу Навоий хизматида бўлган, ўз даврининг йирик ихтирочиси, наққош ва адиб Мавлоно Ҳожи Муҳаммад Наққош ҳақидаги қимматли маълумотдир. Ушбу маълумотни ўз таржимамизда тўла келтиришни лозим топдик: “Мавлоно Ҳожи Муҳаммад Наққош ўз даври илмини эгаллаган, доимо ҳайратланарли ихтиролар ва ажиб тажрибалар ўтказиб, уни кундалик амалий ҳаётда қўллаган шахс эди. Тасвир ва тазҳиб (зар билан нақш бериш) фанида маҳорати чексиз эди. Бир неча вақт чинни идишлар ясаш билан шуғулланди. Жуда кўп тажриба ва чексиз меҳнати эвазига катта бир чинни идиш ясашга эришди. Бироқ ранг ва жилоси унча ўхшамас эди. Мавлоно Ҳожи Муҳаммад ихтироларидан бири Амир ­Низомиддин Алишер кутубхонасида қўйилган сандиқли соат эди. Ушбу сандиқда у одам ҳайкалини ясаган эди. Бу ҳайкал ҳар соатда қўлидаги чўпи билан олдида турган ноғорага бир марта урар, икки соат ўтса икки марта уриб садо берар эди. Мавлоно Ҳожи Муҳаммад Наққош муайян муддат Алишер Навоий кутубхонасининг мудири вазифасини ҳам бажарган. Мирзо Бадиъуззамон Ҳиротни босиб олишга киришган пайтда Муҳаммад Наққош Навоийдан аразлаб, Бадиъуззамон ҳузурига борди…”.

Ушбу парчада Хондамир Алишер Навоий характерининг нозик нуқталарини чизиб берган. Энг аввало, бу мисолда Навоийнинг янгилик яратишга, ихтирога муносабати ойдинлашади. Навоий даврида Хуросон ва Мовароуннаҳр улкан маданий, адабий, илмий ва ижтимоий юксалиш йўлини тутган эди. Ислом оламида Баҳовуддин Нақшбанднинг “Дил ба ёр, даст ба кор” фалсафий-сўфиёна қараши таъсирида яратувчанлик, янгиликка интилиш меҳнатга муносабатнинг ажралмас қисмига айланган эди. Шунга қарамай, ҳали ислом олами илм-маърифатга, янгилик-ихтироларга ўз эшикларини ланг очиб бермаганди, албатта. Ана шундай бир шароит Муҳаммад Наққошдек халқ ичидан чиққан моҳир ихтирочи ва косиб маданият ҳомийси Навоийнинг паноҳида туриб, фақат ғаройиб соат яратмаган, балки одам мужассамасини — ислом қонуниятига унча мос келмайдиган пайкарли ихтиросини пешкаш қилган. Шубҳасиз, Навоий бу ихтирони яратилгунга қадар кузатган, унга қизиққан, Муҳаммад Наққош кашфиётига ҳомийлик қилган. Табиийки, ихтирога Навоий ҳомий экан, нега Муҳаммад Наққош ундан аразлаб кетди, деган ҳақли савол туғилади. Хондамир бу борада аниқ маълумот бермаган. “Ҳабиб ус-сияр”да номлари келтирилган шахсларнинг (Муҳаммад Наққошдан ташқари) Навоийдан аразлаб кетганининг аниқ сабаблари бор: айримлари унинг нафратига учраган, айримлари ёлғончилиги, ғийбатга мойиллиги, мастликка ружу қўйгани оқибатида устод марҳамати ва суҳбатидан маҳрум этилган.

Хуллас, Алишер Навоийнинг мўътабар сиймоси ҳали у ҳаёт пайтида ва вафотидан кейинроқ замондош адибу тарихчилар асарларида Комил Инсон даражасида тасвирланганини кўрамиз. Унинг шахсияти турли даврларда минглаб кишиларнинг юксак инсоний ахлоқ руҳида тарбия топишларига омил бўлди.

Ҳасан Қудратуллаев,

филология фанлари доктори, профессор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 40-сон