Сув — бебаҳо неъматнинг беқиёс имкониятлари

Она заминимиздаги электр ва иссиқлик энергияси ҳосил қилишда асқатадиган нефть, газ, кўмир каби табиий бойликлар чексиз эмас, улар эртами-кечми, барибир, тугайди. Айниқса, одамзоднинг уларга нисбатан “иштаҳаси” тобора “карнай” бўлиб бораётгани бу жараённи янада тезлаштирмоқда. Шу боис энергиянинг муқобил манбаларидан имкон қадар кўпроқ фойдаланиш ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан саналади. Мазку муаммони ижобий ҳал этишда эса Ердаги тириклик асоси саналмиш сув ҳам жуда қўл келади. Чунки у қачонлардир рўй бериши муқаррар бўлган мураккаб вазиятдан қутулиш имконини берувчи омиллар сирасига киради. Энг муҳими, оби ҳаётнинг афзалликлари қуёш, шамол ва ҳаво сингари қайта тикланадиган энергия манбалариникидан асло қолишмайди.

Аслини олганда, сув энергияси инсон ўз мақсадлари йўлида ўзлаштирган энг дастлабки беминнат қувватлардан бири ҳисобланади. Масалан, ибтидоий кўринишдаги эски тегирмонларни эслайлик. Уларнинг ишлаш тартиби ўта оддий, айни чоғда, жуда ғаройибдир: ғилдираклар оқим таъсирида ҳаракатланиши асноси оқарсувнинг кинетик энергияси механик энергияга айланади. Моҳиятан қараганда, ҳозирги барча гидроэлектростанциялар ҳам айнан шундай тартибда ишлайди. Фақат битта муҳим фарқи – бу жараёнда механик энергиядан электр энергия олинади.

Сув энергиясининг бошқа энергияга айланишини, кўринишига қараб, тахминан уч турга бўлиш мумкин.

Биринчиси – океан сувларининг кўтарилиш-пасайиш энергияси. Нафсиламбрини айтганда, бу жуда қизиқарли жараён. Шу боис уни фан ва техника ривожланмаган замонларда тушуниш қийин бўлиб келган. Эндиликда эса ҳаммаси кундай равшан: Қуёш ва Ой каби йирик ҳамда Ерга яқин фазовий жисмлар ўз гравитацияси, яъни тортишиш кучи таъсирида океанларда улкан ўркачлар ҳосил қилиб, сувнинг нотекис тақсимланишига сабабчи бўлади. Айни ҳолатда Ернинг ўз ўқи ва Қуёш атрофида айланиши туфайли сув ҳаракатга келади ва тўлқинларга айланиб, қирғоқлар сари сурила бошлайди. Лекин худди шу дамларда океаннинг Ойга нисбатан ўрни тортишиш таъсирини камайтирган ҳолда ўзгаради.

Энг муҳими, сайёрамиз юзасининг 70 фоизи океанлар билан қопланган. Уларда тўлқинлар доимий равишда мавж уради, сув кўтарилиб пасаяди ёки турли оқимлар рўй беради. Ана шу жараёнда жуда қувват юзага келади. Агар ундан фойдалана олсак, атиги икки фоизи жумлаи жаҳонни электр энергияси билан таъминлаш учун кифоя қилади. Шу боис охирги пайтларда океан тўлқинлари кучидан айни мақсадда фойдаланиш бўйича дунё миқёсида кенг кўламли изланишлар олиб борилаяпти. Масалан, Америкадаги Ocean Power Technologies компанияси бундан сал олдин қиймати 12 миллион долларга тенг лойиҳа асосида Гавайя оролларига океан тўлқинлари воситасида электр энергия ишлаб чиқарадиган генераторлар ўрнатишга киришди.

Дарвоқе, ушбу имкониятдан фойдаланиш учун қирғоқлар бўйлаб дамбалар ва техник қурилмалардан иборат махсус ҳавзалар қурилади. Кўтарилиш чоғида улар сувга тўлади. Пасайиш чоғида эса яна орқага, яъни уммон сари ҳаракатланаётган сув ўз оқим кучи билан турбиналарни айлантиради. Бу электр энергияси ҳосил қилишда қўл келади. Муҳими, сувнинг кўтарилиш баландлиги имкон қадар юқори бўлиши керак. Акс ҳолда, эзгу умидда барпо этилган электр станцияси ўзини оқламайди. Шу боис бундай иншоотларни сув ўзининг доимий сатҳига нисбатан энг камида ўн метрча баландликка кўтариладиган тор ўзанларда барпо этиш мақсадга мувофиқдир. Фақат битта ташвишланарли жиҳати – дамбалар океандан кўтарилган сувнинг чор тарафга ёйилишига сабабчи бўлади. Оқибатда қирғоқ бўйидаги қуруқликларни шўр сув босиб, ўша ҳудуднинг биологик тизимини ўзгартириб юборади.

Иккинчиси – денгиз тўлқинлари энергияси. Унинг солиштирма қуввати ниҳоятда катта бўлиб, океан тўлқинлариникига нисбатан беш-беш ярим баравар ортиқдир. Агар денгиз тўлқинининг баландлиги икки метр атрофида бўлса, бу кўрсаткич 80 кВт/м.га кўтарилиши мумкин. Аммо унинг ҳаммасини тўла-тўкис равишда электр токига айлантириш мушкул, фақат 85 фоизидан фойдаланиш мумкин. Устига-устак, бу энергия асосида ишлайдиган қурилмаларни бунёд этиш анча мураккаб иш. Шу боис ҳозирча денгиз тўлқинлари қувватидан фойдаланиш унчалик кенг ёйилмай, тажриба тадқиқотлари даражасида қолиб келмоқда.

Учинчиси – ёмғир сувлари воситасида ишлайдиган гидроэлектрстанциялар. Энергиянинг бу тури учта муҳим унсур – сув, ҳаво ва қуёшнинг ўзаро ҳамкорликдаги “фаолияти” туфайли инсоният корига ярайди. Бинобарин, кўллар, денгизлар ва океанлар сувининг муайян қисми офтоб нурида буғланиб, ҳавога кўтарилади. Шамол эса уларни булут сифатида жамланадиган баландликка олиб чиқади. Кейин газсимон сув ёмғирга айланиб, яна ерга қайтиб туша бошлайди. Унинг йўлига беминнат манбани бир жойга тўплаб, электр токига айлантирувчи иншоотлар тикланади. Улар ишлаб чиқарадиган энергия миқдори кўп жиҳатдан ёмғир сувларининг нечоғли баланддан тушишига боғлиқ бўлади. Шу боис ГЭСлар оқим катталигини ҳам бошқариш имконини берувчи дамбалар билан ўралади. Албатта, бундай улкан иншоотни қуриш учун жуда катта маблағ керак бўлади, аммо ГЭС, ишлатиладиган ресурсларининг битмас-туганмаслиги ва ундан бемалол фойдаланиш мумкинлиги шарофати ўлароқ, ўзига сарфланган харажатларни тўла-тўкис қоплайди.

Табиий, “Ҳар тўкисда – бир айб!” деганларидек, сув энергиясининг юқорида баён этилган турларининг ижобий жиҳатлари билан бир қаторда, салбий томонлари ҳам бор. Мисол учун, сувнинг кўтарилишидан пайдо бўладиган энергиядан фойдаланиш учун ГЭС қуриш туфайли катта майдонлар сув остида қолади. Оқибатда маҳаллий наботот ва ҳайвонот олами жиддий зарар кўради. Бироқ, бундай талафотларга сабабчи бўлишидан қатъи назар, ўша иншоотлар экологик жиҳатдан анча афзал эканлигини унутмаслик лозим. Ҳарқалай, улар атмосферани ифлослантирмайди, фақат муайян жойгагина маълум даражада зиён-заҳмат етказади.

Шу боис ҳозир ушбу станцияларнинг зарарини имкон қадар камайтириш чоралари кўрилаяпти. Улардан фойдаланишнинг янги-янги усуллари яратилиб, турбиналар тузилиши изчил равишда такомиллаштирилаяпти. Таклиф этилган усуллардан бирига кўра, турбиналардан ўтган сув бошқа ёққа оқиб кетмайди, балки станция пойидаги йирик ҳавзага бориб қуйилади. Зарур ҳолларда у атом ёки иссиқлик энергияси ёрдамида яна юқорига ҳайдалади ва такроран электр токи ҳосил қилиш мақсадида ишлатилади. Бу усул ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан анча самаралидир.

Яна бир ажабтовур ғоянинг муаллифлари Франциядаги атом энергетикаси бўйича комиссия экспертлари бўлишди. Улар ёмғир зарбидан унумли фойдаланиш таклифини олға сурдилар. Мазкур ғояга кўра, пьезокерамик элементга келиб урилган ёмғир томчилари уларга физик таъсир кўрсатади ва потенциал электр қувват вужудга келиши учун замин яратади. Аниқроғи, бу электр заряд, худди электр сигнал микрофонда тебранишга айланганидек, шаклини ўзгартириб, ток олиш имконини беради. Шу тариқа инсон манфаатига хизмат қила бошлайди.

Дарҳақиқат, суюқлик, буғ, газ ва муз каби турли шаклларга кира оладиган сув электр энергияси ҳосил қилишда ҳар томонлама катта аҳамиятга эгадир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда гидроэнергетика жуда яхши ривожланган ва дунё миқёсида ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади.

Беқиёс имкониятларига қараб, баралла айтиш мумкинки, энергетика соҳасида сувдан фойдаланиш ғоят истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланади.

Абдунаби Ҳайдаров