Жаҳон адиблари ҳаётидан

http://ziyouz.uz/images/yozuvchi.jpg

Лорка ва Самарқанд

Испан шоири Гарсиа Лорка қадимий андалус халқ қўшиқлари оҳангида шеърлар ёзиб, жаҳонга машҳур бўлган ва ўз ижодида Шарқу Ғарб адабий анъаналарини уйғунлаштирган ижодкордир. “Канте Хондо — андалусия қўшиқлари” мақоласида Лорка ушбу ноёб шеърий оҳанглар ҳинд халқ оғзаки ижодиётига бориб тақалишини эътироф этади. Унинг таъкидлашича, Канте Хондо қўшиқлари Испанияга лўлилар билан бирга кириб келган экан.
“Мусиқа маданияти тарихини теран ўрганган тадқиқотчи ва нозик савқи табиий эгаси Мануэл де Фальенинг изланишлари лўлиларнинг ҳиндий қавмлардан тарқаганини исботлайди, — деб ёзади Гарсиа Лорка. — Унинг кўзқарашларига кўра, бизнинг эрамизнинг 1400 йилида лўли қабилалари Ҳиндистон тупроғидан бутун дунёга тарқаб кетган.
Йигирма йилдан сўнг лўли қавмлари Арабистон ва Миср қирғоқларидан сузиб ўтиб Европанинг турли мамлакатларида пайдо бўлишган ва Испанияга ҳам кириб келишган”.
Гарсиа Лорканинг “бобо”си Руи Гонсалес де Клавихо эса 1403-1406 йилларда Испаниядан Самарқандга – Соҳибқирон Амир Темурнинг буюк салтанатига элчи бўлиб келади ва “Самарқандга — Темур саройига саёҳат кундалиги” асарини яратади.

Артюр Рембо бойлиги

Таниқли фаранг шоири Артюр Рембо 1854 йилнинг 20 октябрида Франциянинг Шарлевил шаҳрида туғилган. 1891 йилнинг 10 ноябрида, ўттиз ёшида бевақт вафот этган.
Етти ёшидан бошлаб шеърлар ёзган шоир бор-йўғи ўн тўққиз ёшгача ижод қилган, холос. “Етти яшар шоирлар” шеърида ўзининг бахтсиз болалигини тасвирлаган.
У “Дўзах фасли” номли охирги асарига 1873 йилнинг август ойида нуқта қўйган.
Артюр Рембо ёш бўлишига қарамасдан, шоир сифатида эрта ном қозонган эди. Адабиётни ҳам онгли равишда ўз хоҳиши билан жуда эрта тарк этган. 1873 йилдан сўнг ҳаётининг қолган ўн саккиз йилида бадиий ижод билан умуман шуғулланмаган.
Артюр Рембо бойлик орттириш илинжида Миср, Арабистон, Эфиопия мамлакатларининг турли шаҳарларида, чўлу биёбонларини тинимсиз кезди. Бироқ у ўзи ўйлагандек бой бўла олмади.
Аслида у ўспиринлигидаёқ ҳақиқий бойликка эришган эди — Артюр Рембонинг бетакрор ва нодир шеърияти жаҳон адабиёти хазинасини ҳозирга қадар бойитиб турибди.

Габриэл Гарсиа Маркес ўқиган илк китоб

Колумбиялик таниқли ёзувчи, Нобель мукофоти соҳиби, “Ёлғизликнинг юз йили”, “Бузрукнинг кузи”, “Полковникка ҳеч ким хат ёзмайди” сингари кўплаб жаҳоншумул асарлар муаллифи Габриэл Гарсиа Маркес ҳам бир пайтлар бола бўлган. 1927 йилнинг 6 марти тонготар палласида катта оиланинг келажакда туғилажак ўн фарзанди — тўрт нафар қиз бола, олти нафар ўғил боланинг тўнғичи бўлиб дунёга келган бўлажак буюк адибнинг болалиги ҳам ғаройиботлару ҳайратлар, орзу ва ҳавасларга ниҳоятда бой бўлган.
Ўсмирлик чоғида ҳар хил ўқишлар ва касбу корларни эгаллаш зарурлигини тинмай уқтириб тазйиқ ва зуғум қилган отасига онаси орқали у шундай деган экан:
— Менинг бу ҳаётда яккаю ягона истак-мақсадим — ёзувчи бўлмоқ ва мен албатта, бунга эришаман.
Ўқишни ўргана бошлаганида алифбодаги “м” ҳарфининг “эм” деб ўқилиши ҳали бола Габога мантиқсизликдай туюлган экан. Унинг унли, ундош товушлар билан илк тўқнашуви шундоқ бошланган. Ҳарф танигач, бобосининг омборхонасида чанг босиб ётган сандиқдан ярим варақлари йўқ, титилиб кетган китобни топиб, мук тушиб астойдил мутолаага шўнғиганида, хонадон меҳмонларидан бири: “Худо ҳақи, бу болакай ҳали ёзувчи бўлиб кетади!” деб ҳайратганган экан.
Мазкур китобдан олган таассуротларини, ундаги балиқчи ҳақидаги қисқа ва гўзал ривоятни адиб кейин шон-шуҳратга ғарқ бутун ҳаёти давомида миннатдорлик билан эслайди. Адибнинг “Ҳаёт ҳақида ҳикоя қилмоқ учун яшамоқ” номли эсдаликлар асаридан маълум бўлишича, ушбу китоб “Минг бир кеча” эртакларининг бир жилди экан.
Маркес болалигида меҳр ва чанқоқлик билан мутолаа қилган иккинчи асар эса генерал бобоси совға қилган каттакон луғат китоби бўлган. Ёзувчи ўз хотираларида: “Мен бу табаррук луғатни худди роман ўқигандай завқ билан мутолаа қилдим ва менинг ёзувчилик қисматимнинг асосий китобларидан бири деб биламан”, деб эътироф этган.

Харуки Мураками янги китоб ёзди

Машҳур япон адиби, Нобел мукофоти совриндори Харуки Мураками шу ойда навбатдаги ҳикоялар тўпламини чоп эттирмоқда. “Аёлларсиз эркаклар” деб номланган мазкур тўпламга ҳали эълон қилинмаган янги ҳикоя ҳамда илгари Япониянинг турли журналларида босилган асарлар кирган. Ёзувчининг анча шов-шув ва бир неча ҳафта аввал кечирим сўрашига сабаб бўлган “Менинг машинамни бошқар” номли ҳикояси ҳам шу тўпламдан жой олган. Гап шундаки, ҳикоя қаҳрамони машинада бораётиб, уни бошқараётган ёшгина қиз чекилган тамаки қолдиғини ойнакдан ташқарига отиб юборган ҳолатни кўриб “Накатомбэцуликларнинг ҳаммаси шундай қилади”, деган мулоҳазани айтади. Бу эса Япония шимолидаги Накатомбэцу шаҳри аҳолиси иззат-нафсига тегиб кетгани учун ёзувчи жуда ноқулай аҳволга тушган. Ёзувчи янги тўпламдан жой оладиган шу ҳикоясида шаҳар обрўcига путур етказадиган бу жумлани таҳрир қилишга, яъни жой номини олиб ташлашга ваъда берган.
64 ёшли Харуки Мураками жаҳонда асарлари энг кўп ўқиладиган замонавий ёзувчилардан бири. Асарлари дунёнинг қирқдан ортиқ тилларига таржима қилинган. “Қўй ови”, “Норвегия ўрмони”, “Соҳилдаги Кафка”, “1Q84” каби романлари рус тилига ўгирилган. Х. Муракамининг “Рангпар Цукуру Тадзаки ва унинг сафардаги йиллари” романи ўтган йили Япониянинг мутлақ бестселлери ҳисобланиб, салкам бир миллион нусхада сотилган.

Пабло Неруданинг илк шеъри

1904 йилнинг 14 июлида Чилининг жанубидаги Паррал шаҳрида темирйўлчи оиласида Рикардо исмли ўғлон туғилади. У туғилганиданоқ онасидан етим қолади.
Рикардо зийрак, истеъдодли ва таъсирчан бола эди. У сирли ва мўъжизали табиатни қалбан ҳис этишга интилади, кўп ўқийди ва шеърлар машқ қила бошлайди. Илк шеърларидан бирини ўгай онасига бағишлайди. Камбағал оиласини, томидан чакки ўтган хароб кулбасини, меҳрибон ва мушфиқ онани жонли ва самимий сатрларда тасвирлайди. “Илк шеъримнинг қандай чиққанини билиш учун ота-онамга олиб бордим, — дейди шоир. — Улар ошхонада катталар дунёсини болалар дунёсидан кенг ва теран дарёдан ҳам катта бўлиб ажратиб турувчи ўзаро шивир-шивир гурунгга берилган эдилар. Юрагимга илк бор ташриф буюрган илҳомнинг ҳаяжони ҳамон босилмагани туфайли қўлларим титраб, шеър ёзилган қоғозни уларга узатдим. Отам бепарволик билан варақни қўлимдан олди, бепарволик билан ўқиди ва яна шундай бепарволик билан қайтариб берди:
— Буни қаердан кўчирдинг? — деди-да, онам билан дунёнинг кўҳна ва битмас-туганмас ишлари ҳақидаги суҳбатларини келган жойидан давом эттираверди.
Илк шеърим мана шундай пайдо бўлди, ота-онамнинг бефарқлиги каби адабий танқиднинг ҳам бефарқлигига дуч келди..”
1920 йилдан бошлаб унинг шеърлари Пабло Неруда имзоси билан нашр этила бошланди. Баъзи китобларда ёзилишича, Нефтали Рикардо Рейеснинг адабиётга қизиқиши оила аъзоларига ёқмас ва ота-онаси унинг шеър ёзишига тиш-тирноғи билан қарши чиқар эди. Отаси ва ўгай онасининг ғазабидан қўрқиб ёш ижодкор асарларига Пабло Неруда дея имзо қўйган. Чехословакиялик машҳур шоир Ян Нерудага ҳавас қилиб ўзига Неруда дея тахаллус танлаган. Охир-оқибат Пабло Неруда деган ном унинг расмий исм-фамилиясига ҳам айланиб кетди.
Пабло Неруда 1971 йилда “Башарият қўшиғи” эпопеяси учун Нобел мукофоти билан тақдирланади.

Габриэль Гарсиа Маркес абадияти

ХХ асрнинг энг сўнгги классик адибларидан ҳисобланган Габриэль Гарсиа Маркес Мехикода зотилжамдан вафот этди. Ёзувчи ўн беш йил бетоб ётган. 1999 йили шифокорлар колумбиялик буюк адибга саноқли кунлари қолган, деб ташхис қўйишган. Бунга ишонган ёзувчининг ўзи ҳам, ҳар эҳтимолга қарши қолган вақтини мемуарлар ёзишга бағишлаб, нафақат бутун ташқи дунё, ҳатто ўз яқинлари билан ҳам мулоқотни йиғиштириб қўйганди. Унинг бахтига хасталик ортга чекиниб, 2002 йили “Ҳаёт ҳақида ҳикоя қилмоқ учун яшамоқ” деб номланган хотиралар трилогиясининг биринчи қисми чоп этилади.
Ёзувчига адабий шон-шуҳрат эса 1961 йили чоп этилган “Полковникка ҳеч ким хат ёзмайди” қиссаси орқали келганди. Адиб бу асарни Эрнест Хемингуэйнинг мутлақ таъсирида бўлган кезлари ёзган. Бу асар “реализм сеҳр-жодуси”нинг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилган бўлса-да, шу асардан бошлаб мустақил услуби намоён бўла бошлаган. Орадан беш йил ўтиб адиб оламга шов-шув бўлган асари — “Ёлғизликнинг юз йил йили” романини ёзиб битказади. Унда бир қишлоқнинг пайдо бўлганидан то йўқолиб кетгунига қадар унда яшаган оилаларнинг етти авлоди ҳаёти моҳирона тасвирланган. Реал ҳаёт билан фантастик воқеалар тасвири шу қадар уйғунлашиб кетганки, уларни бир-биридан ажратиш қийин. Китобхон мутолаа жараёнида келадиган маънавий хулосалар ҳам ақл бовар қилмас даражада кўп қирралидир.
Унинг мумтоз ёзувчи сифатида абадий шон-шуҳратга бурканиши учун шу асарнинг ўзи кифоя қилса-да, Г.Маркес ўтган аср саксонинчи йиллари ўрталарига қадар муттасил янги асарлар ёзди. Гарчи, улар адибнинг аввалги икки асари забт этган юксакликка кўтарила олмаган бўлса-да, ҳар бирини китобхонлар катта хайрихоҳлик билан кутиб олишган. 1982 йили ёзувчи “Фантазия ва реаллик ўзаро уйғун ҳолда бутун бир қитъа ҳаёти ва муаммоларини ўзида акс эттирган роман ва қиссалари учун” Нобел мукофоти билан тақдирланган.
2004 йили моҳиятан ижодий васиятлар тарзидаги битиклари чоп этилгач, адибнинг энг сўнгги қиссаси эълон қилинганди. Шундан сўнг адиб роппа-роса ўн йил яшаб, 87 ёшида оламдан ўтди. Колумбиянинг Габриэль Гарсиа Маркес туғилиб ўсган Аракатака шаҳри аҳолиси ўз Ватанининг фахр-ифтихор тимсолига айланган оламшумул адиб сиймосига буюк эҳтиром кўрсатиб видолашдилар.
Колумбия ҳукумати адиб хотираси учун мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди.

Толстой ва унинг романи

Буюк адиб Лев Толстой ўз асарларига, шу жумладан, “Уруш ва тинчлик” романига ҳам ишончсизлик билан қараган. 1871 йили Фетга ёзган хатида: “Мен шундай бахтлиманки… бундан буёғига ҳеч қачон “Уруш”га ўхшаган кўп сўзли бўлмағур нарсаларни ёзмайман”, дейди. 1908 йили эса кундалигига ушбу битикларни ҳам ёзиб қолдирган: “Одамлар мени арзимаган нарсалар учун яхши кўришади — уларга “Уруш ва тинчлик”ка ўхшаган асарлар жуда муҳим бўлиб туюлади”.

Антиқа дастхат

Антон Чехов бетоб бўлганида канакунжут ёғи зарур бўлиб, дорихонага одам юборибди. Доригар ўзини гўлликка солибди-да, иккита катта ғилофдаги канакунжутдан бериб жўнатибди. Ёзувчи ғилофи баҳайбат дориларни кўриб, “Мен от эмасман”, деган ёзув билан дарҳол уни эгасига қайтарибди. Қувлик қилиб адибнинг дастхатини олишга эришган доригар эса, мамнун бўлганча дориларни бошқасига алмаштириб берибди.

“Хато кетган” ўқ

Александр Дюманинг бир сафар дуэлга тушишига тўғри келган экан. Қоидаги кўра, аввал қуръа ташланиб унда ким енгилса, ўша одам ўзини отиши керак бўлган. Қуръада омади чопмаган ёзувчи қўшни хонага ўтибди-да, ичкаридан беркитибди. Бироздан сўнг ўқ овози эшитилиб, ҳамма юрак ҳовучлаб турганда ичкаридан Дюма чиқиб келибди ва воқеа иштирокчиларига қарата: “Мен отдим, бироқ ўқим… хато кетди”, дебди.

Кафканинг ўлимидан сўнг…

Франц Кафка ҳаётлик чоғида фақат бир нечта ҳикояларини эълон қилган. Оғир касал бўлиб ётган адиб дўсти Макс Броддан ўзининг барча битиклари ва ёзиб тугалланмаган романларини ўлимидан сўнг ёқиб юборишни илтимос қилади. Брод илтимосни бажармайди, қайтанга уларнинг — Кафкага ҳаётидан сўнг катта шуҳрат келтирган бу асарларнинг чоп этилишини таъминлайди.

Кавабатанинг жозибали олами

Нобел мукофоти билан тақдирланган биринчи япон адиби Ясунари Кавабата (1899–1972) шифокор оиласида таваллуд топган. У дастлаб Токиодаги қироллик университетининг инглиз бўлимига ўқишга кириб, кўп ўтмай таҳсилни япон филологиясида давом эттирган. Адиб ижодига қадимги япон адабиёти, айниқса, хайку шеърияти катта таъсир кўрсатган. Тасвирдаги назокат, тиниқлик, оддийликка интилишни хайкулардан ўргангани ёзувчи услубининг асосий жиҳати бўлиб қолди.
Дастлаб Кавабата Жойснинг “Улисс” романига эргашиб модернча асарлар ёза бошлаган. Бироқ уларни охирига етказмаган. “Идзулик раққоса” Кавабатанинг илк йирик новелласи бўлиб, унда адиб нозик ва сезгир санъаткор эканини намоён этган. Япон лирик прозасида муҳим воқеа сифатида кутиб олинган “Қор мамлакати” қиссаси унга катта шуҳрат келтирди. Урушдан кейинги йилларда ёзилган “Минг қанотли турна” қиссаси 1951 йили Япония Санъат академияси мукофотига сазовор бўлган. Асар сюжетига японларнинг қадимий чой маросими асос қилиб олинган. “Тоғлар нидоси”, “Кўҳна пойтахт” романлари психологизм ва лиризм теранлиги билан ажралиб туради. Бу асарларда адибнинг қаҳрамонлар қиёфасини ички монолог ва японларга хос рамзлар орқали очишга доир маҳорати яққол намоён бўлган.
1961 йили эълон қилинган “Кўҳна пойтахт” романи Кавабатага жаҳоншумул шуҳрат келтирди. Адибни Нобел мукофотига сазовор этган бу романда дунёнинг тўхтовсиз капиталлашиб бориши таъсирида японларнинг қадимий миллий анъаналари таназзулга юз тута бошлагани изтироб билан тасвирланади. Асар маҳзун руҳда ёзилганига қарамай, тасвирдаги назокат ва жозиба китобхонни маҳлиё этади. Бу асарларга умрбоқийлик бахш этган жиҳат адибнинг кенг кўлам, теран ифода ва мукаммал мажозларга бой образли тилидир. Кавабата 1972 йил 16 апрелда Осакада 73 ёшида вафот этган.

Фолкнер васият қилади

Уильям Фолкнер Миссисипи штатининг Нью-Олбани шаҳрида университет иш бошқарувчиси оиласида туғилган. Унинг катта бобоси Уильям Кларк Фолкнер (1826 — 1889) Шимол ва Жануб урушида қатнашган, ўз даврида машҳур бўлган “Мемфиснинг оқ атиргули” романи муаллифи эди. Фолкнер бола пайтида оиласи шимолдаги Оксфорд шаҳрига кўчгач, адибинг бутун умри шу шаҳарда кечади. Профессионал адабий фаолиятга киришганига қадар Фолкнер Канададаги Британия ҳарбий-ҳаво кучларида курсант, Миссисипи университетида талаба, почта ва электр станция хизматчиси бўлган. Шеърлари “The New Republic” журналида босила бошлагандан сўнг ўқишини чала қолдириб, саёҳатга чиқади.
1925 йили Янги Орлеанда Шервуд Андерсон билан танишади ва ёзувчи унга прозага кўпроқ эътибор қаратишни — ўзи яхши билган Америка жануби ҳақида ёзишни маслаҳат беради. Адиб “Сарторис“, “Шовқин ва ғазаб” каби романларида илк оқ танлиларнинг ҳинду қабилалари ерларига келиб ўрнашишидан токи ХХ аср ўрталаригача бўлган даврдаги Америка жануби тарихини қаламга олади. 1929 йили Фолкнер Эстелл Олдем билан турмуш қуради. Оиласини моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида 1932 йилдан 1946 йилгача Голливуд учун сценарийлар ёзиш билан машғул бўлади. Шу йилларда унинг энг машҳур “Айиқ” қиссаси, “Августдаги ёруғлик”, “Авессалом, Авессалом!”, “Енгилмаслар”, “Қўрғонча”, новеллалардан иборат “Кирақол, Моисей“ сингари романлари эълон қилинади.
Фолкнернинг мазкур асарлари Европада анча машҳур бўлиб, у 1949 йили Нобел мукофоти билан тақдирлангач, ўз ватанида ҳам кенг эътироф этила бошлаган. Инсонга нисбатан собит, барқарор ишонч адиб ижодий меросидаги энг қимматли, энг зарур жиҳат — унинг авлодларга васиятидир. ХХ асрнинг кўпгина йирик адиблари Фолкнернинг наср -мактабидан ўрганганларини эътироф этишган.

Жон Китс ва адабий танқид

Жон Китс (1795-1821) эндиликда инглиз адабиётида номи Байрон ва Шеллилар билан баб-баравар эътироф этилаётган бетакрор шоир. Унинг “Булбулга қасида”, “Юнон кўзасига қасида”, “Кўзга қасида” шеърлари, “Эндимион”, “Гиперион таназзули” достонлари мухлислар томонидан севиб мутолаа қилинади. Илк шеърларини ўн саккиз ёшида битган Жон Китсга Шекспир, Гомер, Чосер асарлари мутолааси илҳом бағишлаган. Сонет ва ода жанрларида баракали ижод қилган шоир қадимги юнон миф ва афсоналаридаги қаҳрамонларга бағишлаб достонлар ҳам битган.
Бироқ ўз замонида Жон Китснинг шеърлари адабий танқидчилик томонидан қадр топмаган. У 26 ёшида оғир хасталикдан вафот этган. Орадан 30 йил ўтиб, Россети, Моррис ва бошқа шоиру рассомлар унинг ижодий анъаналарини давом эттириб, инглиз шеърияти ва тасвирий санъатига янги тўлқин олиб кирадилар. Жорж Байрон бир эпиграммасида шоирнинг ўз даври адабий танқидидан қаттиқ изтироб чекканига ишора қилиб ўтади. “Шоирнинг ҳаёт шаъмини журналлардаги мақолалар сўндирди” қабилидаги узоқ вақт ҳукм сурган қарашлар нечоғли муболағали бўлмасин, Китс чеккан маънавий изтироблар орасида танқидчиларнинг ҳужумлари ҳам унинг хасталиги авж олиб кетишига туртки берган бўлса ажаб эмас. 1971 йили шоир вафотининг 150 йиллиги арафасида Буюк Британия қироллигининг почта хизмати уч пенс қийматдаги почта маркаси чиқарган.

Тагор – “Буюк виждон посбони”

Рабиндранат Тагор (1861-1941) 1912 йили “Бахшида қўшиқлар” номли инглиз тилидаги илк китобини чоп этгач, Осиё ижодкорлари орасида биринчи бўлиб Нобел мукофоти билан тақдирланган. Серқирра ижодига кўра Тагор Уйғониш даври даҳолари билан бир сафда туради. У, аввало, шоир ва носир, айни чоғда, драматург, мусаввир ҳамдир. Жавоҳарлаъл Неҳру Тагор ҳақида: “У сиёсий арбоб эмас, лекин шеър ва қўшиқларида ҳинд халқи тақдири ва озодлигини юрагига жуда яқин олиб куйлаган буюк сиймодир”, деб ёзган.
Тагор ўн етти ёшида бенгал тилида иккита лирика тўпламини чиқарган. Гарчи, йирик шаҳар Калкуттада туғилиб ўсган бўлса-да, Англияда ҳуқуқшуносликка ўқиб қайтгач, халқ ҳаётига яқинроқ бўлиш мақсадида қишлоқда яшай бошлайди. Дастлаб деҳқонларнинг жуда эзилганини кўрган адиб аста-секин уларнинг ички оламига назар солиб, ажойиб шахсларни кашф этади. 1901 йили ўз мактабига, сўнг коллежига асос солади, кейинчалик у Вишваҳарати университетига айланади. Бу билан адиб инглиз мустамлакачилари таълим соҳасида олиб борган сиёсатга қарши туради. Шу сабабли Маҳатма Ганди уни “Буюк виждон посбони” деб атаган.
Тагор шеъриятида иккита асосий мавзу етакчилик қилади: биринчиси — ҳаётни куйлаш, дунё гўзаллигидан ҳайратланиш; иккинчиси — теран гуманизм, инсонга ҳамдардлик, унинг таҳқир этилишига қарши руҳий исён. Шу боис Тагор “Назмда қувонч ва изтироб ёнма-ён келади“, дейди. Ҳаётни эса Тангри таоло қудратининг намоён бўлиши, деб билади. У ҳинд адабиётида ҳикоя жанри асосчиси. Романнавислик маҳорати эса “Бибҳа соҳили“, “Донишманд Рожа“, “Кўзга тушган чўп“, “Чатуранга“, “Сўнгги қўшиқ“, “Тўрт қисм“, “Ҳалокат“, “Хонадон ва жаҳон“ асарлари орқали китобхонларга яхши маълум.

Арагон номидаги майдон

Парижда дунёга келган шоир ва носир Луи Арагон (1897-1982) тахаллусини Испаниянинг ўрта асрлардаги графлиги номидан олган. Париждаги тиббиёт факултетида таҳсил олган ва Биринчи жаҳон урушида санитар сифатида хизмат қилган Луи Арагон 1924 йилда Андре Бретон ва Филипп Супо билан ҳамкорликда сюрреалистлар ҳаракатига асос солади. 1927 йилдан бошлаб журналистика соҳаси билан фаол шуғуллана бошлайди. 1953-1972 йилларда Les Lettres franзaises газетасига муҳаррирлик қилади…
Луи Арагоннинг “Эҳтиросли ҳафта“ романи, “Кўз ва хотира“, “Шоирлар“, “Чинакам ҳалокат“, “Тугалланмаган роман“ каби поэмаларида инсониятнинг тараққиёт йўли, ижтимоий-тарихий жараёнлар поэтик мушоҳада этилган. «Юракдаги тиғ», «Элзанинг кўзлари», «Француз тонги» каби шеърий тўплам ва ҳикояларида адибнинг фаол фуқаролик позицияси акс этган. У социалистик реализм методига хос догматик қарашларни ҳам танқид қилган.
1982 йили Луи Арагон вафот этганда адибни сўнгги йўлга кузатиш маросимига 10 минг киши қатнашган. 2012 йили Париждаги Авлиё Людовик оролида адиб хотирасига эҳтиром сифатида Луи Арагон майдони очилган.

Цвейгнинг ушалмаган орзуси

Австриялик моҳир адиб, новелла устаси Стефан Цвейг (1881 — 1942) Эмиль Верхарн, Ромен Роллан, Франс Мазерель, Огюст Роден, Томас Манн, 3игмунд Фрейд, Жеймс Жойс, Герман Гессе, Герберт Уэллс, Поль Валери, Рихард Штраус, Бертольд Брехт сингари машҳур кишилар билан дўстона алоқада бўлган. У роман ва новеллалардан ташқари шеърий тўпламлар (“Кумуш торлар”), адабий-танқидий мақолалар ҳам эълон қилган.
Вена университетини битириб, докторлик даражасини олган Цвейг Лондон ва Парижга, сўнгра Италия ва Испанияга саёҳат қилади, Ҳиндистон, Ҳиндихитой, АҚШ, Куба ва Панамага боради, Биринчи жаҳон урушининг охирги йилларида Швейцарияда яшайди. Р.Роллан ҳақида ёзган очеркида уни “Европа виждони” деб атайди. Шунингдек, адиб яна бир эссесини Т. Манн, М. Пруст, Й.Рот сингари адибларга бағишлаган.
“Безовта юрак“, “Ўзгариш шарори” каби тарихий романлари ёзувчи ижодий фантазияси билан юксак бадиийлик касб этган. У тарихий ҳужжатлар билан ишлар экан, мемуарлардан руҳий-психологик ҳолатларни топишга ғоятда моҳир бўлган. “Мария Стюарт”, “Эразм Роттердамский зафари ва фожиаси” асарлари шу жиҳатига кўра эътибор қозонган. Цвейг нуқтаи назарича, Эразм фожиаси унинг қирғин-урушларнинг олдини ололмаганидадир. Биринчи жаҳон урушини фожиавий англашилмовчилик, деб ҳисоблаган адиб узоқ вақт “бу жаҳондаги энг охирги уруш бўлиб қолади”, дея ишонган. У ҳатто Р.Роллан, А.Барбюс, шунингдек, фашизмга қарши бўлган немис ёзувчилари билан биргаликда янги қирғинбарот урушини олдини оламиз, деб ўйлаган. Бироқ Эразм ҳақидаги асари устида иш олиб бораётганда нацистлар унинг уйини тинтув қиладилар. Бу яқинлашиб келаётган хавфнинг илк ваҳимаси эди. Шундан сўнг у Лондон, Лотин Америкаси ва АҚШдан паноҳ излайди. Кўп ўтмай Бразилиянинг Петрополис шаҳарчасидан қўним топади.
Адибнинг тарихий новеллалари орасида “Инсониятнинг юлдузли лаҳзалари” асари, айниқса, унинг “Ўлаётган одамнинг мактублари” боби ғоятда машҳур. Ўтган асрнинг бошларида капитан Роберт Скотт инсон қадами етмаган Жанубий қутбга экспедиция уюштиради. Бироқ… Омад ундан юз ўгирган, тақдир муз қитъа кўксига биринчи бўлиб ватани байроғини қадаш шарафини норвегиялик Амудсенга раво кўрган эди. Капитан Скотт бир ойгина кеч қолади. Унинг қайтиш йўли янада машаққатли ва ҳалокатли кечган. Руҳан эзилган капитан сафардош дўстларидан жудо бўлади ва ўзи ҳам музликлар бағрида абадий макон топади.

Экзюперининг ғаройиб тақдири

1900 йили Франциянинг Лион шаҳрида туғилган ёзувчи, шоир, журналист ва учувчи Антуан де Сент-Экзюпери ғаройиб тақдир эгасидир. Унинг “Авиатор”, “Жануб хабарчиси”, “Тунги парвоз”, “Одамлар сайёраси”, “Кичкина шаҳзода” каби роман ва новеллалари, вафотидан сўнг чоп этилган “Гаровдаги кишига мактуб”, “Қўрғон”, “Ўсмирлик хатлари”, “Ён дафтарлар”, “Онамга хат” каби асарлари кўпгина тилларга, жумладан ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.
Сент-Экзюпери 1944 йил 31 июлда Корсика оролидаги Борго аэродромидан сўнгги бор ҳавога кўтарилиб, разведка парвозидан ортига қайтмаган. Унинг самолёти Ўртаер денгизида қандай ҳалокатга учрагани 1988 йилгача ҳам номаълум эди. Бир балиқчи Марсел шаҳри яқинида денгиздан топиб олган Сент-Экзюпери билагузуги масалага ойдинлик киритади. Унда учувчи ва рафиқаси номлари билан бирга адиб китоблари чоп этилган нашриёт манзили ҳам ёзилган экан. 2003 йил кузида денгиз тубида ҳар ёққа сочилиб ётган самолёт бўлаклари олиб чиқиб ўрганилганда ундаги 2734-L рақами Сент-Экзюпери бошқарган ҳарбий учоққа тегишли экани аниқланди. 2008 йил баҳорида босилган матбуот хабарларида 86 ёшли учувчи Хорст Рипперт айнан «Мессершмитт —109» қирувчи самолётида мазкур учоқни уриб туширгани ва унинг штурвалида Сент-Экзюпери бўлганини кейинроқ билиб қолганини айтган.
Ижодкор сифатида Сент-Экзюпери истеъдодига замондош ва ундан сўнг яшаган кўплаб таниқли адиблар юксак баҳо беришган. Машҳур латиш шоири Имант Зиедонис “Бу ёруғ оламда Сент-Экзюперидай инсоннинг яшагани ва осмонда ҳалок бўлганини билганингдан сўнг — шеър ёзиш осон кечмайди”, деб ёзган. Сент-Экзюпери авиация соҳасидаги кўплаб ихтиролар муаллифи ҳамдир. Унинг асарлари Франциянинг Ҳарбий Крест, “Фемина”, Француз академиясининг Гран-При, АҚШнинг Миллий китоб мукофотлари билан тақдирланган. Лион аэропорти, 2578-астероид, Патагония тоғ чўққиси Сент-Экзюпери номи билан аталади. Ҳаёти афсонага айланган адиб ва учувчи номи билан боғлиқ Лион, Квебек, Бастияда ёдгорликлар ўрнатилган. Япония, Жанубий Корея ва Марокашда унинг номида музейлар мавжуд. 2003 йили «45-Eugenia» астероиди Кичкина шаҳзода номи билан аталган. 2011 йили “Белорусфилм” томонидан “Антуан де Сент-Экзюпери. Қаноти қайрилган парвоз” бадиий филми экранларга чиқарилди.

Зиедонис афсонаси

“Юракдаги тош”, “Шам сингари ёнар“, “Капалаклар ҳужуми”, “Елвизак”, “Сут ҳақида достон”, “Нон ҳақида достон” каби шеърий тўпламлари, фалсафий миниатюралар тарзидаги “Эпифаниялар” китоблари билан адабиёт мухлислари қалбига кирган таниқли адиб, Латвия халқ шоири Имант Зиедонис ижоди Болтиқбўйи адабиётининг энг яхши намуналари сифатида довруқ қозонган. Латиш халқи миллий анъаналари, фолклордаги образлилик, нафис поэтик тафаккур шоир асарларига кўрку жозиба бахш этган.
И.Зиедонис 1933 йили Рига уездига қарашли Тукум қўрғонида балиқчи оиласида таваллуд топган. Латвия университетини битиргач, Олий адабиёт курсларида таҳсил олган. Унинг барча асарлари ўзига хослиги, мистик ва романтик руҳияти билан ажралиб туради. “Айиқ эртаги”, “Зумраша ва эртаклар” каби болаларга аталган китоб ва киносценарийлар ёзган, улар асосида мултфилм ва бадиий филмлар суратга олинган. Жаҳон адабиёти намуналарини латиш тилига ўгирган. Латвия Республикаси давлат мукофоти билан тақдирланган. Унинг “Рангин эртаклар” асари Х.К.Андерсен номидаги болалар китоблари Халқаро фахрий рўйхатига киритилган. Р.Паулс ва бошқа машҳур композиторлар И.Зиедонис шеърларига қўшиқлар ёзишган. И.Зиедонис жонли табиатни, наботот оламини ниҳоятда севган. Унинг бу борадаги истеъдоди бастакорнинг мусиқий, шоирнинг назмий, мусаввирнинг рангларни ҳис этишга доир иқтидоридан кам бўлмаган. Шоир бир умр юз йиллик эманлар орасидаги кўҳна қалъаларни тиклаш орзуси билан яшаган.

Ёзувчи ва ихтирочи

Ёзувчи, драматург ва сценарий устаси сифатида донг таратган Кобо Абэ (1924 — 1993) санъат соҳасида Иккинчи жаҳон урушидан кейинги япон авангардининг етакчи намояндаларидан биридир. Унинг “Қумдаги хотин”, “Бегона қиёфа”, “Ёқиб юборилган харита” каби романлари асосида ўтган аср олтмишинчи йилларида режиссёр Хироси Тэсигахара томонидан бадиий филмлар яратилган. Инсон ва унинг эркинлигини бўғувчи жамият ўртасидаги зиддият Кобо Абэ ижодининг бош мавзусидир.
Ёшлик йиллари Манчжурияда кечган Кобо Абэ 1943 йили Токио қироллик университети тиббиёт факултетига ўқишга кирган, аммо битирув имтиҳонларидан муваффақиятли ўтолмагани учун врачлик дипломини олиш насиб этмаган. Адиб 1973 йили “Абэ Кобо студияси” деб номланган ўз театрини ташкил этади ва драматургия соҳасида самарали ижод қила бошлайди. Бироқ мазкур экспериментал жамоа ижодий сафарлари хорижда катта муваффақият қозонганига қарамай студия саҳнага қўйган -асарлар Япония танқидчилари томонидан эътироф этилмаган.
Кобо Абэнинг рафиқаси мусаввира Мати Абэ адиб ижодий парвозида муҳим рол ўйнаган. “Абэ Кобо студияси” саҳна декорацияларини яратиш ва китобларини безашда фаол хизмат қилиб, ёзувчини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Кобо Абэ 1984 йилдан бошлаб асарларини тўғридан-тўғри “NEC” фирмаси процессорларида ёза бошлаган илк япон адиби ҳам. У мусиқа ва фотографияни ниҳоятда севган. Овоз синтезатори оммалашишидан анча бурун ўзига шундай ускуна сотиб олган. Бундан ташқари, машина сирпанчиқда тоймаслиги учун ғилдириклар кўтариб қўйилмасдан кийгизиладиган махсус занжир ҳам ихтиро қилган.
1994 йили Нобел мукофоти билан тақдирланган Кэндзабуро Оэ Кобо Абэ истеъдодини юксак баҳолаб, уни Кафка ва Фолкнер каби машҳур ёзувчилар билан бир сафга қўйган, “агар у ҳаёт бўлганида албатта Нобел мукофотини олган бўларди”, деган. Кобо Абэнинг асарлари Акутагава, Йомиури ва Танидзаки сингари Япониянинг энг нуфузли мукофотларига сазовор бўлган.

Жаҳонгашта шоир

Машҳур Чили шоири Пабло Неруданинг асл исм-шарифи Рикардо Рейес бўлган. Рикардо ўн ёшидан шеър ёза бошлаган ва уларни отасидан яшириб, ўзи севган чех адиби Ян Неруда номидан тахаллус олган. “Сельва аустараль” журналида шеърлари босилгач, бу тахаллус унинг номига айланиб кетган. Таниқли шоира Габриэла Мистрал илк ижодини кузатиб, устозлик қилган. У дастлаб модерн услубига қизиққан бўлса-да, сўнгра авандгард йўналишини афзал кўради. Сантьягода талабалик даврида босилган “Муҳаббат ҳақида йигирма шеър ва бир умидсиз қўшиқ“ китоби уни бутун Лотин Америкасига машҳур қилган.
Неруда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидаги элчилик даври фаолиятини “нурафшон ёлғизлик” деб атаган ва барча шеърларини “Яшаш жойим — Замин” деган ном остида эълон қилган. Буэнос-Айресда консул бўлиб ишлаган йиллари эса бу ерга “Қонли тўй” трагедиясини саҳналаштириш учун келган Федерико Гарсиа Лорка билан танишади. Мадридда ишлаган йиллари испан шоирлари билан ҳамкорликда “Шеъриятнинг яшил тулпори” деган адабий журнал чиқарган. Испания фуқаролар уруши, Лорканинг ўлдирилиш фожиалари таъсирида “Юракда қолган Испания” китобини чоп эттирган.
Нобел мукофоти билан тақдирланганидан сўнг Неруда 1972 йили бетоб ҳолда ватанига қайтади.
Унинг “Умумбашарий қўшиқ” эпопеяси “ХХ аср шеъриятининг залворли қаноти” сифатида баҳоланган. Англиялик танқидчи ва таржимон Аластир Рид “Шундай таассурот туғиладики, Пабло Неруда — битта шоир эмас, у бутун бир шеърий корхона. У қанчалик янги услуб излаган бўлса, шунчалик эскичадан воз кечди ҳам. Неруда кўп овозли шоир эди”, деб ёзган. Чилилик шоир ва таржимон Фернандо Алегриа эса, “У Лотин Америкаси халқларининг қалб туғёнини испан барокко шеърияти эришган юксак чўққи даражасида куйлашга ҳаракат қилди”, дейди.
Меркурий сайёраси кратерларидан бири, кемалар унинг номи билан аталади. 1994 йили суратга олиниб, Оскар мукофоти билан тақдирланган “Почтальон” бадиий филми бош қаҳрамонларидан бири ҳам Нерудадир.

Томас Манннинг қатъий жавоби

Буюк немис адиби Томас Манн (1875-1955) журналистикага қизиқиб, ижодини сатирик журналга муҳаррирликдан бошлаган. Ҳикоялар тўплами чоп этилгач, савдогарлар сулоласи ҳаётига доир “Будденброклар” асарини ёзади. Автобиографик характердаги бу илк роман уни ёзувчи сифатида кенг танитади. 1924 йили эълон қилинган “Сеҳрли тоғ” романи эса адибга жаҳоний шуҳрат келтириб, 1929 йили у Нобел мукофоти билан тақдирланади.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин “Доктор Фаустус” романи, шунингдек, ўн йил мобайнида ёзилган “Иосиф ва унинг оға-инилари” тетралогияси шу даврдаги ижодида катта аҳамият касб этган бадиий асарлар бўлиб қолди. Сўнгги “Авантюрачи Фелекс Крулнинг саргузаштлари” романи эса, 1955 йили адиб вафотидан сўнг тугалланмай қолган.
Ўз иборалари, мақол ва ҳикматли сўзлари билан ҳам машҳур бўлган адиб вақт — ақлли ва яхши, етук ҳамда мукаммал одам бўлмоқ учун бизга берилган қимматбаҳо туҳфа, деб ҳисоблаган. Айниқса, “Иккала жаҳон уруши жоҳиллик ва очкўзликка зўр бериб, умумий интеллектуал салоҳият ва маънавий даражани ниҳоятда тушириб юборди”, деган сўзлари бугун ҳам ҳавойи ниятлар учун уруш оловини ёқишдан қайтмаётганларга -машҳур адибнинг қатъий жавоби бўлиб янграмоқда.

Заҳматкаш Элис Манро

82 ёшли канадалик адиба Элис Манро замонавий ҳикоя устаси сифатида 2013 йили Нобел мукофотига сазовор бўлгани адабиёт ихлосмандларига яхши маълум. У дунё бўйича мазкур мукофотга сазовор бўлган ўн учинчи аёл ёзувчи бўлиб, канадалик китобхонлар Элис Манрони жонли қаҳрамонлари ва психологик реализми учун севадилар, “Бизнинг Чехов”, деб эъзозлайдилар. Манронинг ўзи эса Америка жануби маҳаллий адиблари — Фланнери О’Коннор, Карсон Маккаллерс ва, айниқса, Юдора Уэлти ижодидан завқланишини айтган. Адиба илгари Букер мукофоти ҳамда уч бора Канада генерал-губернатори мукофотига сазовор бўлган.
Элис Манро фермер оиласида туғилган, онаси Энн Кларк мактаб муаллимаси бўлган. Адиба ўсмирлик давридан ижод қила бошлаган, Ғарбий Онтарио университетида ўқиб юрган кезлари официантлик ҳам қилган. Турмуш қургач, Викторияга кўчиб келиб, “Манро китоблари” дўконини очишган. Илк китоби “Бахтли соялар рақси” катта шуҳрат қозонган. Сўнг “Қизлар ва аёллар ҳаёти”, “Сен ўзи аслида кимсан?” тўпламларини чоп этган. 1979-1982 йилларда Австралия, Хитой ва Скандинавияда ижодий сафарларда бўлган. Британия Колумбияси ҳамда Квинсленд университетларида ишлаган. Ҳар тўрт йилда янги ҳикоялар тўплами чоп этилади. “Айиқ тоғдан ўтди” ҳикояси асосида режиссёр Сара Полли бадиий филм суратга олган. Адибанинг “Сизга ниманидир айтгим келди”, “Муҳаббат йўли”, “Очиқ сирлар”, “Яхши аёлнинг муҳаббати”, “Муҳаббат ўлмайди”, “Қочоқ аёл” каби тўпламлари китобхонлар орасида машҳур. 2002 йили қизи Шейла Манро болалиги ва онаси ҳаёти ҳақидаги эсдаликлар асарини чоп эттирган.

Грегерия устаси

Таниқли испан адиби, роман, драма, новелла ва эсселар муаллифи Рамон Гомес де ла Серна (1888 — 1963) “грегерия” жанри асосчиси ҳисобланади. Грегерия бир-икки жумладан иборат қисқа бадиий матн бўлиб, ҳикмат ва образли мушоҳада тарзидаги ҳазил-мутойиба, мажозий киноядир. Мадридда шаклланган янгича илғор йўналишда фаоллик кўрсатган ёзувчининг ўзи бу ҳақда шундай ёзади: “Грегерия ўтиб кетаётган лаҳзани, ўлимга маҳкум омонат воқеликни тутиб қолади — ахир, инсонга доир ҳамма нарса муваққат эмасми? Инсонийлик — инсоний санъатнинг бурчи ҳам йўқлик комига тушаётган туйғу ва ҳиссиётларни сақлаб қолишдан иборат-ку!”
Де ла Серна деярли барча жанрларда сюрреализмга яқин услубда ижод қилган. У адабий манифестлар, Лопе де Вега, Кеведо, Рёскин, Эдгар По, Оскар Уайлд, Валье-Инклан, Асорин, Колетт, Кокто, Эль Греко, Веласкес, Гойя, Солана, Пикассо каби ёзувчи ва рассомлар таржимаи ҳолларини ёзган. Доимий “қаҳрамон”лари мадридликлар бўлиб, шаҳар марказидан то чеккасигача кўча циркларию бозорларни ҳам қамраб олади. Унинг Париж, Неапол, Лиссабон, шунингдек, Аргентинада бўлган даврида Буэнос-Айрес ва танго ҳақида ёзган эсселари айниқса машҳур.
Борхес фикрича, де ла Сернани Жюль Ренар картиналари грегерийлар ёзишга ундаган. Грегерия ҳикматли сўз — афоризмнинг акси сифатида ҳам намоён бўлади. Яъни афоризм тасдиқласа, оламнинг азалий қоидаларини қайд этса, грегерия эса истисно ахтаради, тасодифий ҳодисадан қувонади. Шу сабабли Ф.Морено грегерияларни мавж уриб вижилловчи мусаллас пуфакларига ўхшатган. “Метафоралар қироли” деб ном олган адибнинг “грегерия” жанридаги ижод намуналари бугун жаҳоннинг жуда кўплаб тилларига таржима қилинмоқда.

Беором абадият

Шекспир Англиянинг миллий шоири сифатида ҳам машҳур. Унинг бутун ижоди, ҳамкорликда ёзилган айрим асарларни ҳам қўшганда 38 пиеса, 154 сонет, 3 эпитафиядан иборат. Унинг деярли барча тилларга ўгирилган пиесалари ҳар қандай драматург асаридан кўп қўйилади. “Беором абадият”га чулғанган Шекспир шахси ва асарларига оид баҳс-мунозаралар ҳали-ҳануз тинган эмас. Г.Грин ва Честертон каби ёзувчилар Шекспирга турли хил баҳо беришган бўлса, Фрейд уни тан олмаган. Шекспирнинг “Глобус” театрлари сони қанчалиги ва улар қандай қилиб бугунги Голливуддек равнақ топгани ҳам турлича талқин этилади. Инглизлар “Тил бойлигимизнинг тўртдан бири Шекспирга мансуб, у борки, тилимиз бор”, дейишади.
Шекспиршунослар “Юлий Цезарь”, “Гамлет”, “Қирол Лир”, “Отелло“, “Генрих IV“, “Ромео ва Жульетта“ сингари ўнлаб саҳна асарлари сингари “Ричард III“ пиесасини ҳам тарихий воқеаларга қиёсан тадқиқ этишмоқда. Ҳатто “Ричард III жамияти” 1483-1485 йилларда Англияга қироллик қилган ҳукмдорнинг “букри” қилиб тасвирланганига эътироз билдирмоқда. 1485 йилги Босворт жангида ҳалок бўлган қиролнинг Лестер шаҳридан топилган танасини текширган археологлар унинг қадди расо бўлганини тасдиқлашган. Бироқ Шекспир талқинича, жиноят жазога маҳкум, тақдирнинг ўзи Ричард қўлидан ўлим топган руҳлар тимсолида унга қарши чиқади.
Ҳаётлик чоғида Шекспир буюк драматург сифатида эътироф этилмаган, бироқ асарлари мақталган. 1598 йили ёзувчи ва руҳоний Френсис Мерис Шекспирни ҳам комедия, ҳам трагедия соҳасида инглиз адибларининг барчасидан устун қўйган. «Parnassus» пиесалар тўплами муаллифлари уни Чосер, Гауэр ва Спенсер билан тенг қўйишган. -“Шекспир — аср руҳи” деган Бен Жонсон уни “саҳнамиз мўъжизаси, олқиш ва таҳсинга муносиб ижодкор”, деб улуғлаган. Биронта асар унинг “Бўрон”ичалик кўп саҳналаштирилган ва экранлаштирилган, турфа талқинларга учраган эмас. Шекспир ижоди театр ва адабиёт соҳасига жиддий таъсир кўрсатган. Хусусан, у персонажларни тавсифлаш, сюжет, тил ва жанр масалаларида драматург имкониятини кенгайтирган ижодкор ҳисобланади. Масалан, романтика “Ромео ва Жульетта”га қадар асло трагедия учун муносиб мавзу ҳисобланмаган. Романтизм даври шоирлари Шекспирга тақлидан шеърий драмага қўл уришганига қарамай, муваффақият қозонишмаган. Танқидчи Ж.Стайнер Кольриждан Теннисонгача — барча инглиз драмалари “Шекспир мавзуларидаги кучсиз вариациялар“, деб атаган. Шекспир Т. Харди, У. Фолкнер, Ч.Диккенс, Г.Мелвил каби адиблар ижодига ҳам кучли таъсир кўрсатган. Олимлар ҳисоб-китобига кўра, 20 мингдан ортиқ мусиқий асарлар бевосита Шекспир мавзулари билан боғлиқ экан.

Танка — қисқа қўшиқ

Исикава Такубоку (1886-1912) атиги 26 ярим йил умр кўрган бўлса-да, ХХ асрда ўтган бирорта япон ёзувчиси асарлари унинг шеърлари қадар кўп марталаб чоп этилмаган. Япониянинг кўплаб жойларида шоир шеърлари ўйиб ёзилган катта-катта тошлавҳалар учрайди. Ҳар бир япониялик яхши биладиган бу тошбитиклар халқ қўшиқларига айланиб кетган. “Такубокушунослик” япон адабиёт илмида алоҳида соҳа бўлиб, ҳозиргача шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида бир неча минглаб китоб ва мақолалар нашр қилинган. Улар ҳам шоир асарлари каби жуда оммалашган.
Такубоку адабий меросининг энг машҳур жиҳати унга жаҳоний шуҳрат келтирган “танка”лардир. У бутун ҳаёти давомида танкалар ёзиб, газета ва журналларда муттасил чоп эттирган. Унинг танланган танкалари сони етти юз қирқ бешта бўлиб, иккита алоҳида тўпламга жо бўлган. Ана шу юпқагина китобчалар шоир ҳаётининг ўзига хос лирик кундаликлари ҳисобланади.
Руҳоний оиласида туғилган Такубоку идроки ва фавқулодда зеҳни ўткирлигидан беш ярим ёшида мактабга борган ва уни қишлоқдошлари “Оллоҳ юқтирган бола” деб аташган. Бироқ бўлажак шоирнинг энг бахтли дамлари ана шу болалик йиллари бўлиб, кейинги ҳаёти иқтисодий ночорлик ва машаққатда кечган. 1901 йили Токиога келиб, “Янги шеърият жамияти”га аъзо бўлади, шеърларини “Тонг юлдузи” журналида мунтазам чиқара бошлайди. Тўрт йилдан сўнг янги шаклдаги шеърлари жамланган “Орзу” тўпламини чоп этишга муваффақ бўлади. Рус-япон уруши давридаги оғир йилларда қишлоқ мактабларида сабоқ беради, маҳаллий нашрларда репортёрлик қилиб тирикчилик ўтказади.
1908 йили яна пойтахтга келиб, бир ярим ой мобайнида деярли ташқарига чиқмай бешта қисса ёзади, бироқ уларнинг бирортаси нашр учун қабул қилинмайди. Уйқусиз тунларнинг бирида яна танка услубига қайтиб беш мисрали шеърлар ёза бошлайди. Ўзининг ночор ҳаёти ҳақидаги содда ўй ва бахтли болалик хотираларига доир беш юздан ортиқ танкалар “Бир сиқим қум” номи билан чоп этилади ва қисқа вақт ичида Такубокуни жуда машҳур қилиб юборади. Бироқ бундай улкан ютуқ ва шон-шуҳрат самарасидан баҳраманд бўлиш унга насиб этмайди. Шоир 1912 йил 13 апрелда сил хасталигидан вафот этади. Ҳар йили шу санада Японияда Исикава Такубоку хотираси куни ўтказилади.

Марк Твен ва Галлей кометаси

Таниқли ёзувчи ва журналист Марк Твен (1835-1910) Галлей кометаси Ерга энг яқин келган йили туғилган ва адибнинг ўзи бунга катта аҳамият берган. Унинг асл исми Сэмюэл Ленгхорн Клеменс бўлиб, ёшлигидан ўзига тахаллус танлаган. Акаси Ойрон чиқараётган газета босмахонасида ишлаб, мақолалар ёзган. Сўнгра денгиз сайрига қизиқиб, Миссисипида қатновчи кема лоцманига ёрдамчи бўлади. Фуқаролар уруши бошланиб, дарёда қатнов тўхтаб қолгач, бўлажак ёзувчи Невададаги кумуш конларида ишлайди, ундан Калифорнияга ўтиб олтин изловчилар сафига -қўшилади. Маҳаллий нашрларда жиддий мақола, очерк ва ҳажвий ҳикоялари босила бошланади.
1862-1864 йилларда Фаластинга бориб қайтгач, Сан-Францискодаги кўплаб йирик газета ва журналлар билан ҳамкорлик қилади. «Калавераслик машҳур сакровчи қурбақа» деб аталган сатирик очерклари муваффақият қозониб, уни ижодкор сифатида кенг жамоатчиликка танитади. Шундан сўнг бутун Европа бўйлаб саёҳатга чиқади. Ана шу сафар таассуротларига доир киноя ва юмор билан йўғрилган “Хориждаги гўл одамлар” китоби тезда ҳақиқий бестселлерга айланиб кетади. Марк Твеннинг ана шу йилларда бошланган нотиқлик фаолияти ҳам унга катта шуҳрат келтирган. Адибнинг нутқ ва маърузалари Америка ва Англияда ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган. 1883 йили “Миссисипидаги ҳаёт” ҳикоялар тўплами эълон қилингандан сўнг машҳур ёзувчи ва рассомлар, жамоат арбоблари унинг мухлисига айланиб, етук физик олим, Никола Тесла билан дўстлашади.
Марк Твеннинг чинакам катта адиб сифатидаги шуҳрати эса, асосан унинг “Том Сойернинг саргузаштлари”, “Шаҳзода ва гадо”, “Гекльберри Финнинг саргузаштлари” романлари билан боғлиқ бўлиб, бу асарларда адиб теран дунёқарашга эга закий файласуф сифатида намоён бўлган. Шунинг учун ҳам уларни нафақат болалар, катталар ҳам қўлдан қўймай ўқишади.
Марк Твен ўз асарларини ёзув машинкасида ёзган биринчи адиб бўлиб, бильярд ўйинини ҳам жуда яхши кўрган. Ҳозир Меркурий сайёрасидаги кратерлардан бири ёзувчи шарафига Марк Твен номи билан аталади.

Станислав Лемнинг порлоқ юлдузи

Машҳур поляк фантаст адиби, файласуф ва футуруолог Станислав Лем (1921-2006) китоблари жаҳоннинг қирқдан ортиқ тилларига таржима қилинган ва 30 миллиондан зиёд нусхада сотилган. У шифокор оиласида туғилиб, гимназияда таҳсил олган. Иккинчи жаҳон уруши аввалида ва сўнг Львов ҳамда Краков Ягеллон университетларида тиббиёт соҳасида ўқийди. Полшада истиқомат қилган барча яқин қариндошлари фашистлар тазйиқидан омон қолмаган, ўзи эса душман Львовни ишғол этганда сохта ҳужжатлар билан пайвандчи ва автомеханиклик қилиб геттоларга қувғинликдан жон сақлаган.
С.Лем ҳарбий шифокор бўлишни хоҳламагани учун битирув имтиҳонларига бормасдан оддий сертификат олган. Профессор М.Хойновскийнинг илмий тўгарагида ассистентлик қилиб, хорижий илмий адабиётлар билан танишишга муяссар бўлади, университет анатомия театрида кичик ассистент бўлиб ишлайди. Бўш вақтлари тирикчилик важидан ижодга қизиқиб кўради ва кейинчалик бу интилиш доимий машғулотига айланади. 1946 йилдан асарлари чоп этила бошланади. “Марсдан келган одам” деб номланган илк романидан сўнг нашр этилган “Астронавтлар” илмий-фантастик асари уни ёзувчи сифатида танитиб, хорижда ҳам кўп бора чоп қилинади. Лемнинг эътироф этишича, америкалик Нобел мукофоти лауреати С.Беллоу, илмий фантастика асосчиси Г.Уэллс, кибернетика асосчиси Н.Винер, ахборот оламига доир математик назариётчи К.Шеннон, француз адиби Жюль Верн, инглиз файласуфи ва фантасти У. Стэплдон асарлари ижодига кучли таъсир кўрсатган. Унинг асарлари ақлга озиқ берадиган интеллектуал юмор, сўз ўйинлари, турфа ақл бовар қилмас иллюзияларга бой бўлиб, минг-минглаб китобхонлар томонидан қўлдан қўймай ўқилади.
“Енгиб бўлмас”, “Ердаги ҳаёт”, “Жойида текшириб кўриш”, “Кибериада”, “Юлдузлардан қайтиш” каби асарларида технологик утопия муаммолари, ўзга тамаддунлар вакиллари билан мулоқотга киришишдаги қийинчиликлар, Ердаги тамаддуннинг технологик келажаги ҳақида сўз боради. “Менинг ҳаётим” ва “Юксакликдаги қалъа” асарлари -автобиографик характерда бўлиб, болалик даври воқеалари билан таништиради.
— Келажак ҳамиша биз тасаввур этганимиздан бошқача бўлади, — дейди адиб суҳбатларидан бирида. — Фазода ҳеч нарса йўқолмайди. Оммавий маданият — оғриқ қолдирувчи восита, яъни гиёҳванд модда эмас. Дунёни ўзгартириш керак, акс ҳолда у бошқариб бўлмас ҳолга келиб, ўзимизни ўзгартира бошлайди.
С.Лем 1981 йили Вроцлав технология университети, кейинроқ Ополь, Ягеллон ва яна кўпгина университетларнинг фахрий докторлик унвонларини олган. Адиб халқаро Букер мукофоти ҳамда “Gloria Artis” маданиятига қўшган ҳиссаси учун” медали билан тақдирланган, асарлари асосида “Солярис”, “Конгресс”, “Учувчи Пиркснинг тергови” каби бадиий филмлар суратга олинган. 1997 йили Краков шаҳрининг фахрий фуқароси бўлган. Краков астрономия расадхонаси олимлари кашф этган 3836-астероид унинг номи билан аталади.

Роберт Бёрнс ва халқ оғзаки ижоди

Роберт Бёрнс (1759—1796) туғилган 25 январ куни ҳар йили Шотландияда миллий байрам сифатида нишонланади. Шу куни шоир хотирасига эҳтиром рамзи сифатида унинг шотланд миллий куйларига ҳамоҳанг шеърлари асосида яратилган омонлик руҳидаги тиловат янграйди. Буюк романтик шоир ижодининг бутун дунёдаги мухлислари ҳам бу кунни байрам қиладилар.
Робертнинг отаси ўғилларини жуда эрта оғир ишларга жалб этган. Шу боис у очлик азобини ҳам татиб кўрган ва бу соғлигида жиддий асорат қолдирган. Ишдан озод бўлган қисқа танаффус чоғлари ёш Роберт ўқиш мумкин бўлган нимаики қўлига тушса, бор овози билан қўшиқ қилиб айтган. Онаси ва уй хизматчисидан халқ оғзаки ижодини ўзлаштирган. Бу жиҳат шоир ижодининг муҳим қирраси бўлиб қолади. «Икки подачи» ва «Риёкор Вилли тиловати» каби сатирик достонларидан сўнг танилган Бёрнс “Асосан шотланд шевасида ёзилган шеърлар”и босилгач, жуда машҳур бўлиб кетади.
Пойтахт Эденбургда яшаётганида халқ фолклорининг ашаддий мухлиси Ж. Жонсон билан танишади ва ҳамкорликда “Шотланд мусиқасининг илҳом париси” деб номланган тўплам нашр этишга киришади. Умри охиригача унинг муҳаррири бўлади. Турли манбалардан синчковлик билан куй ва матнлар тўпланади. Қайсидир манбада бирорта мисра йўқолган ёки бепардароқ туюлса, шоир уларни ўз ижоди билан тўлдиради. Бу ишни санъаткорона маҳорат ила бажарадики, уларни халқ фолклоридан асло ажратиб бўлмайди. Р.Бёрнс Эденбургда “Хусусий қашшоқлик” ҳамда “Тэм о’Шентер” каби машҳур достонларини ёзади, икки жилдлик шеърлар тўплами қайта чоп этилади. “Асл шотланд куйлари” тўплами устида иш бошлайди. Бироқ айни 37 ёшида соғлиғи ёмонлашиб, юраги уришдан тўхтайди.
Адабиётшунослар ааавав тарзидаги олти мисрали шеърий бандлар шаклини ҳам Роберт Бёрнс номи билан боғлашади. Бёрнснинг кўплаб асарлари бошидан қўшиқ сифатида ёки халқ ашулалари куйига монанд ҳолда ёзилган. Шоирнинг назми содда ва оҳангдор, шу сабабли ўз тилида ҳам, бошқа тилларга таржимада ҳам тез қўшиққа айланади. Роберт Бёрнснинг “Қўшиқ ва балладалар” китоби 1971 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али таржимасида, “Ёр кўнглининг қиролиман” китоби эса 2013 йили инглиз тилидан Бегойим Холбекова таржимасида ўзбек тилида чоп этилган. Композиторлар замонавий филмларга қўшиқ ёзиш ва машҳур хонандалар альбомларини тайёрлашда ҳам Роберт Бёрнс шеърларига кўп мурожаат қиладилар.

Ойдаги Жюл Верн

“Сирли орол“, “Капитан Грант болалари“, “Ўн беш ёшли капитан“ каби ўнлаб ғаройиб саргузаштларга бой ҳамда илмий фантастик асарлари билан машҳур бўлган француз адиби Жюл Верн (1828-1905)нинг бутун ижоди 66 роман, 20 қисса ва ҳикоялар, 30 пиеса ва бир қанча ҳужжатли -китоблардан иборат. Унинг асарларида ўз даврида тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган кўплаб башоратлар, масалан, акваланглар, ойнаи жаҳон, жазо воситаси — электр стул, учиш аппаратлари, сув ости кемаси, самолёт, вертолёт, шунингдек, ракеталар ва коинотга парвоз, сайёралараро саёҳатлар, бурғилаш қурилмаси тилга олинган.
Жюл Верн асарлари илмий романтикага мойиллиги, тараққиётга ишончи, фикр кучи олдидаги таъзими билан ажралиб туради. У ўз асарларида миллий озодлик курашларини ҳам хайрихоҳлик билан тасвирлаган. Бу китобларни мутолаа қилган ўқувчи нафақат техника ва саёҳатларнинг завқли изоҳи, айни чоғда олийҳиммат қаҳрамонлар (Гаттерс, Грант, Немо), ғалати табиатли ёқимтой олимлар (порфессор Лиденброк, доктор Клоубонни, географ Жак Паганель)нинг ёрқин образлари тасвиридан ҳам баҳраманд бўлади. Шу билан бирга адиб ҳаётининг сўнгги йиллари ёзилган “Ватан байроғи”, “Дунё ҳукмдори”, “Барсак экспедициясининг ғаройиб саргузаштлари“ каби романларда илм-фан ютуқларининг жиноий мақсадларда қўлланишидан қўрқиш ҳисси акс этган.
Жюл Верн “Сен-Мишел-I“, “Сен-Мишел-II“, “Сен-Мишел-III“ деб номланган ўз яхталарида Англия, Шотландия, Скандинавия, Нидерландия, Германия ва Данияга борган, Жазоир, Италия ва Мальта оролига саёҳат қилган. “Грейт-Истерн“ кемасида Атлантика уммони оша Америка Қўшма Штатларига ўтиб, Нью-Йорк ва Ниагара шаршарасини томоша қилган. “Ғаройиб саёҳат”, “Сузувчи шаҳар“, “Қора Ҳиндистон“, “9672-лотерея чиптаси“, “Яшил нур“ асарлари ана шу саёҳат таассуротлари асоcида ёзилган.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, китоблари бошқа тилларга таржима қилиниши бўйича Жюл Верн дунё бўйича Агати Кристидан кейин иккинчи ўринда туради, у илмий фантастика жанри асосчиларидан ҳамдир. Адиб ғаройиб ҳодисалар, жуғрофий тадқиқотларни илмий-оммабоп тилда маҳорат билан тасвирлаган. Жюл Верн ва Онорина хоним никоҳидан туғилган ёлғиз ўғил Мишель кинематография билан шуғулланиб, отасининг “Cув остида 80000 километр”, “Жан Морен қисмати”, “Қора Ҳиндистон”, “Жануб юлдузи”, “Беш юз миллион бегум” каби асарларини экранлаштирган.
Жюл Верн Марказий Осиёга ташриф буюрмаган бўлса-да, “Клодиус Бомбарнак“ романида минтақа тарихи, жуғрофий ўрни ва иқлимини, маҳаллий халқлар урф-одатини ҳақиқатга яқин қилиб тасвирлаган. Асар қаҳрамони тилидан Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари тасвирига тўхталган. Бухорога «Туркистон Рими» дея таъриф бериб, Самарқанднинг тарихий обидалари, кўча ва маҳаллалари, боғ-роғлари, одамларини тилга олади.
Ойдаги диаметри 143 километрлик кратер, биринчи автоматик юк космик кемаси, Эйфель минорасидаги ресторан машҳур адиб номи билан аталади.

Дунё изтиробини куйлаган шоир

Инглиз романтизм адабиётининг забардаст вакили Жорж Гардон Ноэль Байрон (1788-1824) аристократ оиласида туғилган. Ёшлик йиллари Шотландияда ўтган бўлажак шоир Кэмбриж университетини тугатиб, Ўрта Ер денгизи бўйлаб сафар қилган. Сафар таассуротлари унинг «Чайльд Гаролднинг зиёрати» асари ёзилишига туртки бўлади.
Байрон 1815 йили Анна Изабелла Милбенк исмли аристократ қизга уйланган. Ундан қизи Ада туғилган. 1824 йили лорд Байрон Грециянинг Миссолунги шаҳрида 36 ёшида вафот этади. Миннатдор юнонлар шоир жасадини Англияга олиб боришиб, аждодлари даҳмасига дафн этишади. Рафиқаси Анна Изабелла қолган ҳаётини ёлғизликда ўтказади ва ўзини хайр-саховат ишларига бағишлайди. Қизи Ада математик бўлиб етишган, ҳисоблаш техникасини яратган дастлабки муаллифлардан ҳисобланади, айни чоғда у компютерда дастурлашнинг асосий тамойилларини ишлаб чиққан биринчи дастурчи ҳамдир.
Адабиётшунослар Байроннинг жўшқин халқона нутқлари, «Шарқ достонлари»га кирган «Гяур», «Абидосс келинчаги», «Корсар», «Лара», «Коринф қамали» ҳамда «Паризина» романтик поэмаларини алоҳида тилга олишади. Бу поэмалар автобиографик характерга эга. Шоирнинг лирик шеърлари ҳам машҳур. «Яҳудий оҳанглари»да тушкунлик, ҳаётдан нолиш кайфиятлари акс этса, 1817-1821 йиллари ёзилган «Манфред», «Осмон ва Ер», «Каин» сингари романтик драмалар туркуми ажойиб фалсафий мулоҳазаларга бойлиги билан ажралиб туради. «Дон Жуан» романида эса ўз даврининг долзарб воқеалари қаламга олинган. Жорж Байрон асарларида зулмга қарши муросасиз курашчи сифатида майдонга чиққани учун ҳам «Дунё изтиробини куйлаган шоир» сифатида эътироф этилади.

Генрих Гейненинг илтижоси

Буюк немис шоири Христиан Иоганн Генрих Гейне (1797-1856) “романтизм даври”нинг энг сўнгги ва машҳур намояндаси. У оддий сўзлашув тилини лирикага мос даражага кўтарган, фелетон ва саёҳатномаларни бадиий шаклга солган, немис тилининг гўзаллиги ва жозибасини намоён эта олган моҳир ижодкордир. Машҳур композиторлар шоир шеърларига қўшиқлар ёзишган.
Гейне Дюссельдорф шаҳрида савдогар оиласида дунёга келган. Онаси Бетти Пейра ўғли яхши маълумот олиши учун жон куйдиради. Бироқ Франкфурт-Майн, Гамбургда ўқитиб, сулола савдо-молиявий анъаналарини давом эттиришга уринишлари самара бермайди. У ҳисоб-китобдан кўра лирика билан шуғулланишга кўпроқ қизиқади. Гамбургда ўтган даврида тоғаси Соломоннинг қизи Амалияни севиб қолади. Бироқ бу жавобсиз муҳаббат изтироблари шоирнинг аксарият шеърлари, “Қўшиқлар китоби”га кирган асарларида ўз аксини топади.
Гейне Бонн университети юридик бўлимига ўқишга кирса-да, биринчи сабоқданоқ немис тили ва шеърияти тарихи бўлимига қатнай бошлайди ва орадан кўп ўтмай Геттингенг университетига ўтиб кетади. 1821-1823 йилларда Гегель маърузаларига қизиқиб, у сабоқ бераётган Берлин университетида ўқийди. 1825 йили ҳуқуқшунослик бўйича докторлик диссертацияси ёқлайди. Ана шу йилларда адабий доиралар билан яқин мулоқотга киришади, Англия ва Италия сафарига чиқади. Шоирнинг “Қўшиқлар китоби” дастлаб Германия, сўнг бутун дунёда унга катта шуҳрат келтириб, ҳаётлик даврида 13 марта нашр қилинган, кейинчалик сонетлар, балладалар, романслар ҳам қўшилган. 1826-1831 йилларда ёзилган «Йўл манзаралари» бадиий очерклар туркумида шоир ўз “мен”ини биринчи ўринга чиқариб, жўшқин кузатувчи, воқеликни танқид қилувчи шахс сифатида намоён бўлади. Шу йилларда унинг публицистик фаолияти ҳам қизғин тус олади. «Германия. Қиш эртаги» поэмаси ва кўплаб афоризмлари ёзилади.
Гейне 1830 йили Парижга бориб яшашга мажбур бўлади. Фақат ўн уч йилдан сўнг ватанига қайтади. Бироқ хасталик уни тўшакка михлаб қўяди. Саккиз йил давомида, юмор туйғусини йўқотмасдан, хасталик билан курашади, ижод қилишдан тўхтамайди. 1851 йили “Романцеро” деб номланган сўнгги тўплами нашр қилинади.
1856 йили Парижда ҳаётдан кўз юмган Гейненинг Монмартр қабристонидаги мақбарасига қуйидаги сўзлари ёзиб қўйилган: ”Очиғи, қачонлардир қабримни дафна гулчамбарлари безашига арзийманми-йўқми — буни билмайман. Шеърият, мен уни қанчалар севмайин, ҳамиша кўкка (парвардигорга) интилган орзу-ҳавасим йўлида фақат муқаддас эрмак ёки табаррук бир восита бўлди. Мен шоирлик шуҳратига ҳеч қачон катта аҳамият бермадим. Қўшиқларим учун олқишлашадими ё койишадими — бу мени у қадар безовта қилмайди. Бироқ сиз қабримга, албатта, шамшир қўймоғингиз керак, негаки мен инсоният озодлиги учун курашда жасур аскар бўлганман!”

“Капитан Майн Рид”

Ирланд руҳоний оиласида туғилган Томас Майн Рид (1818 – 1883) Бельфаст коллежида антик тиллар, нотиқлик ва математикани чуқур ўзлаштирган. 22 ёшида саёҳатга ишқибоз бўлиб Америкага йўл олади. Бир оз вақт ўқитувчи, актёр ва репортёр бўлиб ишлаб, Мексика урушида «Спирит оф тайм» газетаси мухбири сифатида қатнашади. Жангларда оёғидан оғир яраланган Майн Рид истеъфодаги капитан рутбасида Лондонга қайтиб, ўзини адабиётга бағишлайди. Орадан икки йил ўтиб нашр этган “Эркин ўқчилар” романида Мексика уруши, улуғ саҳро ва дарёлар, ясси тоғлар бўйлаб қилган сафарлари қаламга олинган. Бирин-кетин ёзилган “Оцеола — семиноллар доҳийси”, “Бошсиз чавандоз”, “Оқ саркарда“, “Денгиз бўриси”, “Уруш сўқмоқлари“, “Ҳалокат хабари” каби қисса ва романлари ҳам адибга катта шуҳрат келтиради.
Майн Рид ўттиз уч ёшида қаҳрамонлари каби йўл тутиб, ўн беш ёшли зодагон қизга уйланади. Романтик экзотикага мойил ёш адибнинг иқтисод масалаларидаги уқувсизлиги эса йиллар ўтиб уни банкротлик ёқасига олиб келади ва у яна ёшлик йиллари ўтган Америка саёҳатини тусаб қолади. 1860-йилларда жанубий ва шимолий штатлар орасида бўлаётган фуқаролар урушида ирқий камситишларни қатъий қоралаб чиқади. Уч йилдан сўнг Англияга қайтиб болалар учун илмий-оммабоп китоблар ёза бошлайди.
Асарларидаги инсонпарварлик, адолат йўлида курашувчиларга ҳамдардлик, сюжет яратиш маҳорати Майн Ридни энг машҳур адиблардан бирига айлантирди. У Америка ҳиндуларининг фожеавий тақдири ҳақида илк бор бонг урган буюк санъаткор Ф. Купер ҳамда кўплаб денгиз романлари муаллифи капитан Мариетта анъаналарини давом эттирди. Шу сабабли ҳам Майн Рид XIX аср инглиз саргузашт адабиётида энг ёрқин ва алоҳида мавқега эга адиб сифатида эътироф этилади. Ўзини “капитан Майн Рид” деб аташларини хуш кўрган ёзувчи Даниэл Дефо, Фенимор Купер ва Жюл Верн каби шавкатли адиблар сафидан беқиёс ўрин олди.

Оила романлари устаси

Француз психологик насрининг эътироф этилган намояндаси Жан Пьер Эрве Базен (1911-1996) машҳур юристлар, ҳарбийлар, олим ва руҳонийлар оиласида камол топган. Отаси католик университети профессори бўлиб, оила жилови анча қаттиққўл онаси қўлида бўлган. Жан Пьер мактабдан cўнг уларнинг хоҳиши билан ҳуқуқшунослик бўйича ўқишга киради. Бироқ тез орада уни ташлаб қариндошларидан бирининг фабрикасида ишлай бошлайди. Ўз доирасидан бўлмаган қизга уйланиши эса оиласи билан алоқаси узилишига сабаб бўлади ва 1933 йили Париждаги Сорбонна университетига филология бўйича ўқишга киради.
Бўлажак ёзувчи бу ерда жуда ночор ҳаёт кечириб, кўп касбларнинг бошини тутади, шеърлар ёзиб, мақолалар чоп эттиради. 1947 йили “Кун” деб номланган илк шеърлар тўплами чоп этилгач, Гийом Аполлинер номидаги нуфузли мукофотга сазовор бўлади. Орадан бир йил ўтиб эълон қилинган “Мушт ичидаги илон” романи катта шов-шувга сабаб бўлади. Асар кейинчалик “Резо оиласи” номли трилогияга (“Отнинг ўлими” (1950), “Бойқуш қичқириғи” (1972) билан бирга) ҳам киритилган.
Ёш ўсмирнинг ҳаёти ҳикоя қилинган сюжетларга кўпроқ адибнинг таржимаи ҳолига доир воқеалар асос бўлгани боис, айрим ёзувчи ва танқидчилар уни ўз онаси образини яратганликда айблашади. “Эр-хотин турмуши” романи ўрта ҳол француз оиласи ташвишлари, истеъмолчилик психологияси ҳақида баҳс этса, “Мадам Экс” романида бу жиҳат ижтимоий муаммолар кўламида давом эттирилган. Базен асарларида оила мавзуси етакчи маънавий муаммо сифатида талқин этилгани учун аёллар уларда ўз қиёфаларини кўзгуда акс этгандек аниқ кўриб, ёзувчи нуқтаи назарига хайрихоҳлик билдиришса, эркаклар ҳам адибнинг ҳаққоний баҳоларидан бебаҳра қолишмаган. Адибнинг эссе ва новеллалари ҳам қизиқиш билан ўқилади. Эрве Базен 1960 йили Гонкурлар академияси аъзоси, 1973 йили эса унинг президенти этиб сайланган. Кўплаб халқаро мукофотлар лауреати бўлган.

Дантенинг буюк муҳаббати

Буюк италян шоири, адабиётшунос ва мутафаккир Данте Алигери (1265-1321) ҳаётига доир маълумотлар кўп эмас. Баъзи асарларида унинг таржимаи ҳоли қисман тилга олинган ўринлар учрайди. Флоренцияда дунёга келган бўлажак шоирнинг қаерда ўқигани номаълум, бироқ билимини етарли ҳисобламагани учун мустақил равишда таълим олиш, чет тилларни, антик шоирлар ижодини ўрганишга кўп вақт сарфлайди. Айниқса, Вергилейга катта эҳтиром билан ёндошиб, ўзига устоз ва раҳнамо ҳисоблайди. Данте тўққиз ёшида тақдири ва ижодида чуқур из қолдирган воқеа бўлиб ўтади: у ўзига тенгдош қўшни қиз — Беатриче Портинари билан танишади. Бошқага турмушга чиққан ва бевақт ҳаётдан кўз юмган соҳибжамол Беатриче образи орадан ўн йил ўтиб, унинг бутун ҳаёти ва шеъриятига таъсир кўрсатган ёрқин сиймога айланади. 1292 йили ёзилган “Янги ҳаёт” китоби унинг ана шу ёш аёлга бўлган кучли муҳаббатининг шеър ва насрдаги ифодаси, жаҳон адабиётида илк автобиографик асар ҳисобланади. Гарчи, у 1280-йиллардан бошлаб ижод қилаётган бўлса-да, бу китоб шоир номини шуҳратга буркайди.
Беатриченинг ўлими Дантенинг илм билан жиддий равишда шуғулланиш, фалсафа, астрономия, илоҳиётни чуқур ўрганишига сабаб бўлади. У ўз даврининг энг маърифатли сиймоларидан бири бўлиб етишади, 1295-1296 йилларда жамоат ва сиёсий арбоб сифатида фаолият олиб боради, шаҳар кенгаши ишида қатнашади. 1298 йили Данте уйланган Жемми Донати хоним умрбўйи унга тақдирдош камтарин аёл бўлиб қолади. 1302 йили фаол сиёсий фаолиятни тўхтатиб, бошқа юртларни кезишга мажбур бўлади, 1308-1309 йилларни Парижда ўтказади. Имкон туғилганда ҳам Флоренцияга қайтмасдан Равенна шаҳри мэри таклифи билан 1316 йили шу ерда муқим қолади. Ҳаётининг сўнгги йиллари ўғиллари, севгилиси Беатриченинг қизи, мухлислари ва дўстлари даврасида кечади. Шоирнинг Флоренциядан узоқдалигида ёзилган “Илоҳий комедия” асари унинг номини мангуликка муҳрлади. Асар 1307 йилларда ёзила бошланиб, охирги “Жаннат” қисми вафотидан сал олдин якунланган. Данте истеъдодининг чўққиси ҳисобланган бу асарнинг “Дўзах” ва “Аъроф” қисмининг тўққиз қўшиғи атоқли шоиримиз Абдулла Орипов томонидан она тилимизга ўгирилган. Данте Алигери ижодий меросида фалсафий трактатлар, публицистик ва лирик асарлар ҳам муҳим ўрин тутади.

Рузвелтни қизиқтирган адиб ва рассом

Канадалик ёзувчи ва табиатшунос, жониворларни тасвирловчи рассом Эрнест Сетон-Томпсон (1860-1946) Буюк Британиянинг Саут-Шилдс шаҳрида туғилган. Бироқ у беш ёшга тўлганда отасининг ишлари юришмай оила Канадага кўчиб боради. Табиатни севган, вақтини ўрмон ва далаларда ўтказган Эрнест бу даврни кейинчалик “Кичкина ёввойилар” китобида ўзининг бахтли болалик йиллари сифатида хотирлайди. У Торонтадаги санъат мактабида сабоқ олгач, маҳоратини ошириш учун Лондонга келади. Илк асарлари Британия музейи директорини ҳайратга солиб, музей манбалари ва кутубхонасидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади. Шу даврда жониворлар ҳаётига ҳам қизиқиб, қушлар расмини чиза бошлайди. Бироқ соғлиги ёмонлашгач, яна Торонтага қайтади ва тирикчилик важидан дуч келган иш билан шуғулланади.
1883 йили Эрнест Сетон-Томпсоннинг қушлар ҳаётига доир илк китоби нашр этилади. “Мен билган ёввойи ҳайвонлар”, “Ов қилинадиган жониворлар ҳаёти” ва саккиз жилдлик “Ёввойи йиртқичлар ҳаёти” тўпламлари босилгач эса, у АҚШ ва Канадада машҳур бўлиб кетади. Ёввойи ҳайвонлар ҳаётига бағишлаб яна қирқта китоб ёзади, улар учун расмлар чизади. Бу китобларда ҳинду қабилалари ҳаёти ҳам қаламга олинган.
Адиб АҚШнинг Санта-Фе шаҳри яқинидан уй сотиб олиб, мусаввирлик асарларини Европа ва АҚШда намойиш этади. Ҳатто президент Теодор Рузвельт унга йўлбошчи бўри суратини чизишга буюртма берган. Ҳозир адиб мўйқаламига мансуб бу асар Т. Рузвельт галереясига қўйилган. Сетон-Томпсоннинг биринчи никоҳдан туғилган қизи машҳур тарихчи ва автобиографик асарлар муаллифи бўлиб етишган. 1960 йили адибнинг юз йиллиги нишонланганда набиралари унинг жасади кулини самолётда Ситон-Вилаж устидан сочишган.

Кафка — ноёб ҳодиса

Олмон тилида ижод қилувчи ХХ аср адибларининг энг йирик вакили Франц Кафка (1883 — 1924) асарлари абсурд ҳамда “кичик одам”нинг ташқи олам олдидаги фожеий ожизлиги ва қўрқуви асосига қурилган. Китобхонда хавотир туйғуси уйғотишга қодир бу хусусият жаҳон адабиётида ноёб ҳодиса сифатида эътироф этилган. Унинг ижодига Фриш ва Дюрренматт, Сартр ва Камю, Ионеско ва Беккет каби замондош адиблар таъсири кучли бўлган.
Мактабда ўқиётганда адабий учрашувлар ташкил этиш, театр спектаклларини қўйишда фаол бўлган Франц болаларча беғубор чеҳраси, қатъияти ва вазминлиги, одатдан ташқари юмор ҳиссига бойлиги билан ажралиб турган. Гимназиядан сўнг, Прага Карлов университетида ўқиб, ҳуқуқ бўйича докторлик дипломини олган. Кафканинг ҳаётлигида бир неча кичик ҳикояларигина чоп этилган. У Милена Есенскаяга чех тилида ёзган мактублардан ташқари барча асарларини немис тилида ижод қилган. Ўзи “Мушоҳада”, “Қишлоқ врачи”, “Жазо” сингари тўпламлар ва “Америка” (“Изсиз йўқолган“) романининг биринчи бобини эълон қилган. Бироқ адиб ижодида катта аҳамият касб этган “Америка”, “Жараён” ва “Қалъа” романлари вафотидан сўнг чиққан. Кафка дўсти ва адабий маслакдоши Макс Бродга асарларининг аксарият қисмини ёқиб юборишни топширган. Бироқ ёзувчининг севиклиси Дора Димантдан фарқли ўлароқ Макс Брод бундай қилмаган. У марҳумнинг иродасига хилоф равишда ўзидаги нусхаларнинг катта қисмини эълон қилган. Кафка яхши кўрган таржимон ва журналист Милена Есенская ҳам ундан олган «Америка», «Қалъа» романлари, кундаликларини 1927 йилда нашр этилишини таъминлаган. Бу асарлар тез орада адабий жамоатчилик эътиборига тушган.
Кафка ва унинг оригинал ижодидан жуда ҳам оз ёзувчи хабардор бўлса-да, у 1915 йили адабиёт соҳасидаги энг нуфузли мукофотлардан бири — Германиянинг Фонтан мукофотига сазовор бўлган.

Голсуорси билган Толстой

Таниқли инглиз адиби, Нобел мукофоти лауреати, Биринчи Пен-клуб президенти Жон Голсуорси (1867-1933)нинг бир оила тақдирига бағишланган “Форсайтлар” туркум романлари, ижтимоий-маиший мавзудаги “Мунофиқлар ороли”, “Замонавий комедия” сингари романлари, “Кураш“ ва “Ҳаққоният“ каби драмаларида XIX аср охири ва ХХ аср бошларидаги инглиз буржуа ахлоқининг эпик манзаралари катта маҳорат билан очиб берилган. Айни чоғда ёзувчининг ўзига замондош адиблар ижоди ҳақидаги адабий публицистикаси ҳам китобхонлар орасида машҳур.
— Толстойни яхлит олиб қарасак, унинг кишини ҳаяжонга соладиган бир жумбоқ эканини кўрамиз, — деб ёзади Ж.Голсуорси “Олти адибнинг қиёфасига чизгилар“ мақоласида. — Битта одам шахсиятида санъаткор ва ислоҳотчи бирикиб кетган яна бошқа бирор одамни топиш амримаҳол. Толстой умрининг сўнгги йилларида насиҳатгўй тарғиботчи бўлиб қолди. Масалан, “Анна Каренина”да санъаткор Толстой тарғиботчи Толстойнинг соясида қолиб кета бошлаган. Ҳатто “Уруш ва тинчлик”дай монументал асарнинг охирги қисмида ҳам баъзи жойларда Толстой насиҳатгўй тарзида қалам тебратади.
Сирасини айтганда, Толстойнинг бутун ижоди яхлитликдан маҳрумдай кўринади. У бир жанг майдонига ўхшайди — унда доимий равишда кураш боради, улкан зиддиятларнинг аёвсиз тўқнашувлари рўй беради, бу тўқнашувлар тўлқини бир кўтарилиб, бир пасайиб туради… Агар мендан “Унинг ёзганлари ичида қайси романни энг улуғ асар деб аташ мумкин?” дея сўрасалар, мен ҳеч иккиланмаган ҳолда “Уруш ва тинчлик” деб жавоб берардим. Толстой бу асарида худди циркдаги бирваракай иккита от устида ҳунарини кўрсатувчи чавандоздай ҳаракат қилиб, аллақандай мўъжизанинг қудрати билан отхонага лат емай эсон-омон етиб келади. Толстойнинг ижодий қудрати туфайли бу китобнинг ҳар саҳифаси ҳайрон қоларли даражада мазмундор чиққан. Романнинг бирор қисми кишини толиқтирмайди, ёзувчи яратган инсоний эҳтирослар манзараси, тарихий ҳодисалар, ижтимоий ҳаёт, маиший турмуш манзаралари чиндан ҳам улкан.

Француз ҳаётининг қомуси

Машҳур француз адиби Оноре де Балзак (1799-1850)нинг “Кўз илғамас дурдона”, “Евгения Гранде”, “Сағри тери тилсими”, “Горио ота”, “Цезар Биротто”, “Бой берилган орзулар”, “Холавачча Бетта” каби тўқсонта роман ва ҳикоялардан иборат бутун ижоди умумий ғоя ва персонажлари билан бир бутунликда “Инсоният комедияси” деб аталган йирик эпопеяни ташкил этади. Балзак эпопеяси кўлами жиҳатидан бутун француз жамияти реалистик манзарасини кенг қамраб олади. Унинг отаси бой деҳқон оиласидан бўлиб, ҳарбий таъминот маҳкамасида иш олиб борган.
Балзак Вандом шаҳридаги коллежда, сўнгра ҳуқуқ мактабида таҳсил олади ва кўп ўтмай бу соҳадан воз кечиб, адабий истеъдодини шакллантириш йўлида изланади. Турли тахаллуслар остида ўткир сюжетли романлар эълон қилади. 1829 йилдан бошлаб чоп этилган романларини ўз номидан эълон қилган. “Луи Ламбер” номли фалсафий романида коллежда ўқиган кезларнинг таассуротлари акс этган. 1830 йилдан эълон қилина бошлаган “Шахсий ҳаёт саҳналари” номли замонавий француз ҳаётидан олинган новеллалари ва, шунингдек, “Сағри тери тилсими” фалсафий романи адибга катта шуҳрат келтиради. Балзакнинг замондошлари унинг ҳар бир асарини у ёки бу табақа ҳаётининг ўзига хос қомуси сифатида баҳолашган. Масалан, “Бой берилган орзулар” романи журналистикага доир бўлса, “Нусинген банкирлар уйи” романи молиявий қаллобликлар ҳақида. Кўплаб асарлари орасида адибнинг 1834 йили эълон қилинган “XIX аср француз ёзувчиларига мактуб”и ҳам, айниқса, машҳур. Балзак ўз даври қонуншуносларига мурожаат қилиб, “Санъат билан тилни эҳтиёт қилиб асранглар, негаки, моддий манфаатларингизни бартараф қилганингиздан сўнг бизнинг асарларимизда ҳаёт кечиришда давом этасизлар. Бизнинг асарларимиз эса ҳеч қачон ўлмайди”, деб ёзган.

Даниел Дефо ва Робинзон

Инглиз адиби Даниел Дефо (1660 — 1731) диний таълим олиб, юнон ва лотин тиллари, мумтоз адабиёт бўйича Ньюингтон академиясини битирган. Дастлаб ижодини диний мавзудаги шеърлар ёзишдан бошлаган. Кўп ўтмай савдо иши билан шуғулланиб, Испания ва Ғарбий Европа мамлакатларига боради, жазоирлик денгиз қароқчилари қўлига тушиб чиқади. Савдо-сотиқ ишларидан омади чопмай қарзга ботгач, уч ҳафтада бир марта чиқадиган маҳаллий нашр муҳаррири бўлади. Тез орада унинг сиёсий мавзулардаги чиқишлари эътибор қозона бошлайди. 1719 йилдан бошлаб эса, тезкор журналистик фаолиятни тўхтатмасдан насрий асарлар ёзишга киришади. Публицистик асарларида буржуа соғлом фикрини, диний бағрикенглик ва сўз эркинлигини тарғиб этади. Машҳур “Робинзон Крузо” романи муаллифи сифатида у инглиз романчилигининг асосчиси сифатида ҳам эътироф этилади.
Романдаги Крузо ҳаёти тафсилотлари жаҳон бадиий адабиётида ноёб ҳодиса бўлиб, унга одам яшамайдиган Хуан-Фернандес архипелагига бориб қолган А.Селкир юзма-юз келган ғаройиб ҳодиса, шунингдек, қисман Цейлонда асирликни бошидан кечирган Р.Нокснинг саргузаштлари асос қилиб олинган. Муаллиф роман давомида хитойликлар, татарлар, руслар, сибир казаклари маиший турмуши, ахлоқий қарашларини қаламга олган.
500 дан зиёд китоб ва памфлет, турли мавзуда журналлар чоп этган сермаҳсул ва серқирра ижодкор Даниел Дефо 1684 йили Мэри Таффли хонимга уйланиб, саккиз фарзанднинг отаси бўлган.

Гомернинг туғилиши

Қадимги дунё юнон шоири Гомернинг туғилган жойи, ҳаёти ва шахси ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Унинг “Илиада” ва “Одиссея”си эса, бу асарларда тилга олинган воқеалардан анча кейин, бироқ милоддан аввалги VI асрдан илгарироқ ёзилган. Замонавий фан Гомер яшаган даврни тахминан янги эрадан аввалги VIII асрга мансуб ҳисоблайди. Геродотнинг ёзишича, Гомер ундан 400 йил бурун ўтган. Бошқа қадимий манбалар эса адибнинг Троя уруши даврида яшаганига ишора қилади. У Афина, Аргос, Родос, Саламин, Колофон, Хиос, Смирна каби етти шаҳарнинг бирида яшаган бўлиши мумкин. “Илиада” ва “Одиссея” Кичик Осиё соҳилларида яратилган.
Гомер достонлари антик даврдаги барча ижодкорлар учун намуна бўлиб, у Европа адабиёти бобокалонидир. Қадимги юнонлар бу асарларни табаррук билишган, байрамларда тантанали равишда ижро этишган, мактаблардаги сабоқлар улар билан бошланиб, улар билан тугаган. Бу қаҳрамонлик достонлари моҳиятида рангбаранг илмлар хазинаси, донишмандлик, гўзаллик, адолатпарварлик ва бошқа фазилатларни кўришган, муаллифни эса пайғамбардан кам ҳисобламаганлар. Кўзи ожиз дейилишига эса, Гомернинг ҳаётидаги аниқ воқеалар эмас, балки кўплаб афсонавий соҳибкаромат кишилар, бахши-ҳофизларнинг сўқир экани сабаб бўлган. “Одиссея”даги куйчи Демодокнинг туғма кўзи ожиз киши сифатида тасвирлангани ҳам муаллиф таржимаи ҳолига ишора деб тушунилган.
Афлотун, Юнонистон ўз маънавий равнақи учун айнан Гомер олдида бурчлидир, деган. Бу сўз санъаткори поэтикаси нафақат антик давр муаллифлари, айни пайтда ундан бир неча аср кейин яшаган Европа классиклари ижодига ҳам катта таъсир кўрсатган. Геродот ва Павсанийнинг хабар беришича, Гомер Киклада архипелагидаги Иос оролида вафот этган.
Бизда “Илиада” ва “Одиссея” достонлари моҳир таржимон Қодир Мирмуҳамедов томонидан ўзбек тилига ўгирилган.

 “Алкимгар” ва Гиннес

Сўнгги юз йилликнинг энг нуфузли адибларидан бири Пауло Коэльо асарлари жаҳондаги 150 дан зиёд мамлакат китобхонлари қалбидан жой олган. Унинг жаҳон халқлари адабиётига таржима қилинган асарлари умумий адади 300 миллион нусхадан ошади. Шу боис адиб замонамизнинг етук проза устаси сифатида тилга олинмоқда. У яратган сюжетлар ва илгари сураётган фалсафий ғоялар миллионлаб қалбларнинг нозик торларини чертиб, дунёни англаш йўлидаги интилишларга ҳамроҳ бўлмоқда. Адиб нияти пок ҳар бир одам муттасил интилган манзилига, муҳаббатига эришишига астойдил ишонади ва китобхонларни ҳам -ишонтиради.
Пауло Коэльо 1947 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида муҳандис оиласида дунёга келган. Ёшлигидан ижодга қизиққанига қарамай ҳарбий диктатура санъатни таъқиқлагани учун ота-онаси талаби билан ҳуқуқшунослик йўналишида ўқишга киради. У ёқмагач, журналистлик қила бошлайди. Давраларда очиқдан-очиқ шеър ўқиши, актёрларга яқинлигидан хафсираб, ота-онаси уни икки бор руҳий хасталар шифохонасига ётқизишади. Бироқ бу ҳам унинг руҳини синдира олмайди. Турли оқимларга бош суқиб, “хиппи”ларга қўшилади, Кроулнинг мистик руҳдаги айтимларини қўшиқ қилиб куйлайди. Мексика, Перу, Боливия, Чили, Европа ва Шимолий Африкага боради. Сафардан қайтгач, шеър ва анархик мазмунда қўшиқлар тўқиб, рок-қўшиқчи Раул Сейшасни суперюлдузга айлантиради, журнал чиқаради. Сўнг “эксперимент”лардан тийилиб, вазминроқ бўлишга ҳаракат қилади. “Полиграм”, “Records“ овоз ёзиш студияларида ишлайди. Биографик филмлар, саёз операларга сюжет ёзиб беради. Кристина Оитиси хонимга -уйланиб, 1982 йили Европага боради…
Адибнинг ”Зиёрат”, ”Иблис ва Прим хоним”, “Вероника жонига қасд қилмоқчи”, “Бешинчи тоғ”, ”Жаҳон аскари китоби” асарлари шундан сўнг ёзилиб, рафиқаси билан олиб борган тинимсиз тарғиботи боис эътиборга тушган. 1988 йил нашр этилган “Алкимёгар” романи эса Бразилия тарихида энг кўп сотилган, ҳатто Гиннес китобига кирган, Коэльо номини шуҳратларга буркаб, нуфузли мукофотлар соҳибига айлантирган машҳур асар бўлиб қолди. Адибнинг аввалги асарларига мутлақо ўхшамаган, ўзига хос рамзий ҳикоя услуби ва ҳаёт йўли метафоралари асосига қурилган бу асар ўзбек тилига бирин-кетин уч марта — Озод -Шарафиддинов, Азиз Саид ва Аҳмад Отабоев томонидан таржима қилинган.

Рабле юлдузи

Ўз даврининг беназир ёзувчиси Француа Раблени жаҳон адабиётшунослиги етук сатирик, айни пайтда файласуфлар ва педагоглар ўртасида фахрли мавқе эгаллаган ижодкор сифатида тилга олади. Жаҳон адабиётидаги энг қувноқ китоб муаллифининг католик роҳиби бўлганига ишониш қийин. Деярли дарвешона ҳаёт кечирганига қарамай, у ҳуқуқшунос, филолог, археолог, илоҳиётчи, гуманист, дилкаш суҳбатдош ҳам бўлган.
Рабле Франциянинг Шинон шаҳарчасида таниқли адвокат ва ер эгаси оиласида 1483-1495 йиллар орасида туғилган. Бир қанча хорижий, шунингдек, юнон ҳамда лотин тилларини ҳам ўрганган. Монпеле университети тиббиёт факультетини битириб, Лиондаги шифохонада ишлай бошлайди, юмористик памфлетлар ёзади. 1532 йили девқомат баҳодир Гаргантюа саргузаштларига оид биринчи китобини тахаллус билан эълон қилади ва машҳур бўлиб кетади. Эпопеянинг кейинги китобларида Рабле Пантагрюл ва Гаргантюа ота ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. 1542 йили Рабле асарлари тўлиқ нашр этилади.
Шинон шаҳридаги ёзувчи яшаган уй айни даврда музейга айлантирилган. 1982 йили Қрим астрофизика обсерваторияси кашф этган 5666-астероид Франсуа Рабле номи билан аталади.

Умар Хайём ва Самарқанд

Буюк шоир Умар Хайём (Ғиёсиддин Абул-Фатх ибн Иброҳим ал-Хайём Нишопурий) (1048-1131) таваллудига 966 йил тўлди. Теран мазмунли рубоийлари билан шуҳрат қозонган шоирнинг риёзиёт, илми нужум ва фалсафага оид асарлари ҳам маълум. Нишопурлик чодир тикувчи оиласида таваллуд топган Хайём жуда ёшлигидан математика ва астрономияга қизиққан, ўн икки ёшида мадраса толиби бўлган. Тиббий илмларни мукаммал эгаллаб, моҳир ҳаким бўлиб етишган. Айни чоғда, машҳур фалакиётшунослар асарларини ҳам қунт билан ўрганган. Ота-онаси юқумли хасталикдан вафот этгач, уй-жой ва отасининг устахонасини сотиб, ўн олти ёшида Самарқандга йўл олади. Самарқанд Шарқнинг эътироф этилган илмий ва маданий марказларидан бири эди. Хайём шаҳар мадрасаларида таҳсил олиб, тез орада ноёб иқтидорини намоён этади ва мударрисликка таклиф этилади. Орадан тўрт йил ўтгач, Бухорога келиб, бой кутубхонада илмий фаолият билан шуғулланади, рубоийлар ёзади. Математикага оид трактатлари ҳам шу шаҳарда яшаган ўн йиллик ҳаёти мобайнида яратилган.
Хайёмнинг юморга бой, донишмандона рубоийлари шоир номини мангуликка муҳрлади. Унинг ижоди Европага инглиз шоири Эдвард Фитцжеральд таржималари туфайли кенг ёйилган. 1074 йили Хайём Исфаҳонга, салжуқийлар султони Маликшоҳ I саройига таклиф этилади ва маънавий устоз сифатида фаолият олиб боради. Орадан икки йил ўтиб, саройдаги энг нуфузли расадхона раҳбари бўлади. Унинг раҳбарлигида Григориан календаридан ҳам аниқроқ бўлган қуёш календари яратилган, фалакиётшуносликка доир тадқиқотлар олиб борилган. Хайём Эвклид китобига шарҳ ёзиб, бутун сонларнинг илдизини топиш йўлларини кўрсатиб беради. Само юлдузлари рўйхатини ўз ичига олган “Маликшоҳ астрономия жадвали” тузилади, «Рисолатул-кавн ват-таклиф» («Коинот ва унинг вазифалари»), «Рисола фил-вужуд» («Борлиқ ҳақида рисола»), «Рисола фи куллияти вужуд» («Борлиқ умумийлиги ҳақида рисола») каби асарлари ёзилади. 1092 йили султон оламдан ўтгач, уни даҳрийликда айблайдилар ва олим шаҳарни тарк этишга мажбур бўлади.
Умар Хайём 1131 йили Нишопурда вафот этган. Унинг мақбараси обод зиёратгоҳга айлантирилган. Бухарест, Ашхобод ва бошқа шаҳарларда шоирга ёдгорликлар ўрнатилган. Умар Хайём рубоийлари Ш.Шомуҳамедов, Ж.Камол, Э.Очилов томонидан ўзбек тилига ўгирилган.

Матонатли Хемингуэй

Нобел мукофоти соҳиби, буюк адиб Эрнест Хемингуэй таваллуд топган кунга 115 йил тўлди. У оддий ёзувчигина эмасди. Замондошлари уни спортчи ва сайёҳ, овчи ва балиқ ови ишқибози, тўполончи ва ичкиликни хуш кўрувчи ҳамда ҳарбий мухбир сифатида ҳам яхши биладилар. Ҳар қандай беллашувда ғолиб бўлишга интилган, жиддий вазият ва можаролар, саргузаштлар адиб ҳаётида истаганча топилади. У «Дайкири» ва «Мохито» коктейлларини жуда хуш кўрган. Эрнест 12 ёшга тўлганда бобоси диаметри 20 калибрли милтиқ совға қилади. У мақтаниш учун Чикаго атрофидаги оғайнилари олдига чопиб кетаётганини кўрган кекса ҳинду аёл: “Йигитча, эҳтиёт бўл. Бу ўйинчоқ дуч келганни, ҳатто ўз эгаларини ҳам аямасликка ўрганган”, дейди. Орадан эллик йил ўтиб худди шундай қурол Хемингуэй ҳаётига нуқта қўйган.
62 ёшли Хемингуэй ҳаётида бундай ўта хавфли вазиятлар кўп бўлган ва у ҳар гал тасодиф туфайли омон қолган. Жангларда танасини 273 мина парчаси жароҳатлаган, оёғини эса пулемёт ўқлари шикастлаган. У беш марта турли авария ва етти марта ҳалокатли воқеани бошидан ўтказган. Кучли лат ейиш, суяк синишлари, бош мия чайқалишига дуч келган. Овда бўлганида икки марта зўрға омон қолган, бир марта ўрмон ёнғини вақтида ёниб кетишига сал қолган. 60 ёшида 90 килограмм вазн ва 185 сантиметр бўй-бастга эга бўлгани ҳолда 50 метр масофадан дўстларидан бири оғзига қистирган папироснинг ёниб турган чўғини бехато нишонга урган… Тақдир унинг бардошини истаганча синовдан ўтказган, Хемингуэй эса қаҳрамонларининг собитлиги ва бардошини ўзида синаб кўрган. Унинг “Алвидо, қурол!”, “Чол ва денгиз” каби кўплаб асарлари -миллионлаб китобхонларнинг қалб мулкига айланган.

Роулинг хонимнинг янги китоби

Гарри Поттер ҳақидаги еттита китоб муаллифи, инглиз адибаси Жоан Кэтлин Роулинг криминал мавзудаги учинчи детектив асари бўладиган янги романини ёзмоқда. Муаллиф тўртинчи асарнинг сюжети устида ҳам иш олиб бораётганини айтган. «Harrogate» деб номланган жиноий ишлар мавзусидаги адабиётлар фестивалидаги чиқишида маълум қилганидек, Жоан Роулинг хоним Гарри Поттерда бўлганидек, криминал жанрда фақат еттита китоб ёзиш билангина кифояланмоқчи эмас.
Детектив асарларини Роберт Гэлбрейт тахаллуси билан нашр эттираётган Жоан Роулинг «Менга бу жанрда китоб ёзиш жуда ёқиб қолди, дарвоқе, ёзадиган китобларим сони ҳам еттидан ошса керак. Негаки, ҳали тасаввуримдаги сюжетлар бутунлай тамом бўлган эмас», деган. Гарри Поттер ҳақидаги романида бўлганидек, адибанинг янги асарларида ҳам уларни бирлаштириб турувчи ягона қаҳрамон бўлиши кўзда тутилган. Гарчи, Жоан Роулинг янги асари ҳақида тўкис маълумот бермаган бўлса-да, асар қаҳрамонларидан бири ҳарбий соҳага алоқадор бўлишини айтган.
Адиба 1967 йил 28 июнда Буюк Британиянинг Глостершир графлигидаги Йейт шаҳарчасида туғилган. У беш ёшида болалар китобларининг деярли барчасини ёд олган, олти ёшида эса «Қуёнча» номли қуён саргузаштлари ҳақидаги илк ҳикоясини онасига кўрсатган. Девон шаҳридаги Экстер университетида ўқиб, санъат бакалаври бўлгач, Форкс, Манчестер шаҳарларига боради, кўп ишларнинг бошини тутади. Португалияда тушдан кейин ва оқшомлари мактабда сабоқ бериб, эрталаблари асар ёзиш билан машғул бўлади.
Ҳали номи ҳеч кимга маълум бўлмаган бошловчи адиба Португалиядан Эдинбургга кўчиб келиб, бутунлай бадиий ижодга шўнғийди. «Гарри Поттер ва фалсафий тош» романи 1997 йил июн ойида босилиб чиқиши биланоқ шов-шув билан кутиб олинади ва Буюк Британияда йилнинг энг яхши болалар китоби, деб эътироф этилади. Адиба биринчи романидан сўнг бирин-кетин «Гарри Поттер ва яширин хона» (1988), «Гарри Поттер ва Азкабана тутқуни» (1999), «Гарри Поттер ва Олов Кубоги» (2000), «Гарри Поттер ва Қақнус Ордени» (2003), «Гарри Поттер ва зоти чала шаҳзода» (2005) каби романлар ёзади. Шу туркумни якунловчи «Гарри Поттер ва ўлим туҳфалари» романи 2007 йили Буюк Британия, АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг дўконларида сотила бошлаган. Бу асарлар дунёдаги олтмишдан ортиқ халқларнинг тилига таржима қилинган ва улар асосида кинофилмлар ишланган. -Адибанинг сотиб олинган китоблари умумий сони 250 млн. нусхадан -ошади. 2004 йилдан буён Жоан Роулинг Буюк Британиядаги энг бой аёл ҳисобланади. 2008 йили «Forbes» журнали унинг бойлигини 1 млрд. долларга баҳолаган.
Жоан Роулинг хоним жуда кўплаб халқаро адабий мукофотлар совриндори. 2000 йили Британия империяси ордени билан -мукофотланган.

Кафканинг дастхати

Португал тилида ижод қилувчи бразилиялик таниқли адиб Моасир Скляр (1937-2011) қаламига мансуб ”Кафканинг қоплонлари” романи жаҳон адабиёти мухлисларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Унда биринчи жаҳон уруши билан боғлиқ ғайритабиий воқеалар қаламга олинган: ўсмир йигитча маънавий устозининг топшириғини бажариш учун минг хавотирда Прагага келади ва машҳур адиб Франц Кафка билан учрашади, ундан дастхат олади. Бразилияда муҳожир сифатида яшаган даврида эса, бу дастхатни узоқ йиллар кўз қорачиғидек сақлайди. Асар қаҳрамони ўлим билан юзма-юз келган ҳаёт-мамот лаҳзасида буюк ёзувчининг ўша сиёҳ рангда битилган қисқагина дастхати унинг матонати ва ҳатто ғалабаси тимсолига айланади…
М.Скляр 1919 йили Бразилияга кўчиб борган Бессарабия муҳожирлари оиласида туғилган. Католиклар гимназиясини битириб, Порта-Алегри университетида тиббиёт бўйича таҳсил олган. Шу университетда тиббиёт, Браун, Техас университетларида португал тили ва адабиётидан сабоқ беради. Роман ва ҳикоялар, болалар учун эсселар ёзади. Асарларидаги воқеаларнинг аксари Бразилияда яшовчи муҳожирлар муҳитида кечади. ”Боғдаги Кентавр” романи АҚШ миллий китоб маркази томонидан ”Энг яхши юз муаллиф асари” сифатида эътироф этилган.

Драматург Пинтер

Таниқли шоир ва драматург, актёр ва режиссёр, адабиёт бўйича 2005 йилги Нобел мукофоти совриндори Гарольд Пинтер (1930-2008) жуда кўплаб халқаро орден ва адабий мукофотлар соҳиби, шунингдек, ўнлаб университетларнинг фахрий доктори. Пинтернинг адабий шуҳрати 1957 йили саҳналаштирилган “Хона” спектаклидан бошланган. У ярим асрдан зиёд вақт давомида 29 пиеса, 27 киносценарий, роман, эссе, ҳикоялар ва телеасарлар яратган. Лондон яқинидаги Ист-Энде шаҳарчасида таваллуд топган Пинтер Ирландия сайёр театр труппасида актёрлик фаолиятини бошлаган. Сўнг мумтоз асарларни саҳналаштирувчи Дональд Вульфит труппасига ўтган. 1950-йиллар охирида Пинтер истеъдодли драматург сифатида довруқ қозонади. Қаҳрамонлар муносабати, воқеалар ва диалоглар ривожида кутилмаган нотипик ҳолатлар юз беришига қараб, драматургнинг ўзига хос адабий услубини “пинтеризм” деб аташ урф бўлган. Фрэнсис Скотт Фицджеральднинг “Сўнгги магнат”, Жон Фаулзнинг “Француз лейтенанти маҳбубаси”, Маргарет Этвуднинг “Хизматкор аёл тарихи”, Франц Кафканинг “Жараён” романлари бўйича Пинтер яратган сценарийлар асосида бадиий филмлар суратган олинган.
Марсел Прустнинг «Бой берилган вақтни излаб» эпопеяси мотивлари асосида яратилган «Пруст бўйича сценарий» пиесаси Г. Пинтернинг сўнгги асари бўлиб, унда француз классигининг услуби, ғоялари ва образлар системаси сақланган. Лондон Миллий театри саҳналаштирган бу пиеса эндиликда адабиёт оламида мустақил бадиий асар сифатида довруқ қозониб, кўплаб тилларга таржима қилинмоқда.

“Соҳилсиз дарё”

Немис прозаиги ва драматурги, эссе устаси, санъат назариётчиси ва адабий танқидчи Ханс Хенни Янн (1894-1959) қаламига мансуб, жаҳон адабиётида бетакрор ҳодиса ҳисобланган “Соҳилсиз дарё” асари адибнинг модерн услубидаги романидир. Унинг “Ёғоч кема” деб номланган биринчи қисмида шахснинг шаклланиши ва сўниши, хотира ва ижодий фантазия, инсон қалбидаги ички овоз ҳақида сўз боради.
Муаллиф Вернер Хелвигга ёзган хатида: “Биласанми, яхши китоб ҳеч қачон тугамайди, — деб ёзганди. — Қаерда нуқта қўйиш, албатта, ёзувчига боғлиқ. Бироқ нуқта қўйилганидан сўнг ҳам китобдаги ҳаёт янгидан бошланиши мумкин”. Ўн беш йил мобайнида ёзилиб, ХХ асрнинг дурдона асарлари қаторидан ўрин олган “Соҳилсиз дарё” шундай асарлардан бири бўлиб қолди. Трилогиянинг “Густав Ани шаҳодати” деб аталган иккинчи жилдида Лотин Америкаси ва Африка соҳиллари бўйлаб беҳуда ва дарбадар кезган ва охир-оқибат Норвегиянинг чекка бир бурчагида иккинчи ватанини топган, етук ёшида номдор композиторга айланган инсоннинг йигирма беш йилдан сўнг аён бўлган севги изҳори сабаб ўз ҳаётини тафтиш қилиб кўриши билан боғлиқ руҳий драмалар ҳақида ҳикоя қилинади.
Ханс Хенни Янн Гамбург яқинидаги Штеллинген шаҳарчасида кемасоз уста оиласида туғилган. 1915-1918 йилларда Норвегияда яшаган адиб “Пастор Эфраим Магнус”, “Ричард III нинг тож кийиши” каби драмалар ҳамда “Угрино ва Инграбания” романини ёзади. 1929 йили чоп этилган «Перрудья» романи кўп жиҳатдан Фридрих Ницшенинг “Зардўшт” асарига ҳамоҳанг. Ханс Хенни Янн Клейст (1920) ва Лессинг (1956) мукофотлари билан тақдирланган.

Эзгуликни куйлаган шоир

Атоқли грузин шоири ва давлат арбоби, янги грузин тили асосчиси Шота Руставели тахминан 1160-1166 йилларда Жанубий Грузияда туғилган. Шоир Грузияда Тамара (1184-1213) ва унинг эри Давид Сослани ҳукмронлиги даврида давлат хизматида фаолият олиб борган. Ш.Руставели “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достони жаҳон адабиёти дурдоналаридан ҳисобланади. Унда ижтимоий, ахлоқий масалалар шоирнинг юксак идеаллари ифодаси сифатида талқин этилган. Шоир қаҳрамонлик, чин инсоний муҳаббат, олийҳимматлик ва покликни улуғлайди, адолатсизликни қоралайди. Асарда халқлар дўстлиги, аёлларга хос беғубор инсоний фазилатлар тараннум этилган. Достон қаҳрамонлари бахт ва адолат тантанаси учун курашадилар. Шота Руставели 1216 йили вафот этган.
Шоир достон ва ҳикматларида шахс эркинлиги, фикр ва туйғулар ҳурлигини куйлаган. Қадимий миллий маданият, халқ оғзаки ижодининг энг яхши анъаналарини ўзлаштириб, грузин шеъриятини юқори поғонага кўтарган. Шота Руставелининг поэтик нутқи мажозийлиги, ҳикматларга бойлиги билан ажралиб туради. “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” 1959 йили атоқли шоирларимиз Миртемир ва Мақсуд Шайхзода ҳамкорлигида ўзбек тилига ўгирилган. Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири Шота Руставели номи билан аталади. Шу кўчада шоирга ёдгорлик ҳайкали ҳам қўйилган.

Нодар Думбадзе ва қуш

Таниқли грузин адиби Нодар Думбадзе (1928-1984) асарлари кўп минглаб китобхонлар муҳаббатини қозонган. У Тбилисида туғилган бўлса-да, ота-онаси мустабид тузумнинг ўтган аср 37-йилги қатағонида қамалгач, ёшлиги боболари яшаётган Ҳидистави қишлоғида кечган. Шу ерда мактабни битириб, Тбилиси университети иқтисод бўлимида ўқийди. Бироз вақт ўз соҳасида ишлагач, турли адабий журналлар ва киносту-диянинг сценарий бўлимида фаолият олиб боради. 1965-1973 йилларда “Нианги” ҳажвий журнали бош муҳаррири, 1981 йилдан Грузия Ёзувчилар уюшмаси раҳбари бўлган.
Илк шеърлари университет тўпламларида, ҳажвий ҳикоялари эса алоҳида китоблар тарзида босилиб, ижодига қизиқиш уйғотган. “Мен, бувим, Илико ва Илларион” қиссаси аксарият театрларда саҳналаштирилган, машҳур кинорежиссёр Тенгиз Абуладзе бадиий филм яратган. “Мен қуёшни кўряпман”, “Қуёшли тун”, “Хавотир олма, онажон”, “Оқ байроқлар”, “Абадият қонуни” каби қисса ва романлари қайта-қайта нашр этилиб, адибга жаҳоншумул шуҳрат келтирди. Н.Думбадзенинг шеър ва достонлари, болаларга аталган асарлари, публицистик мақола ва сафарномалари майин лиризм ва драматизми, юмор ҳисси билан ажралиб туради. Уларда қуёш олийҳимматлик ва инсонпарварлик тимсолига айланган, эзгулик ва ёвузлик кураши, инсоннинг бахтли яшаш ҳуқуқи, севги-муҳаббатга интилиши бетакрор ифода этилган. Адиб сценарийлари асосида “Кукарача”, “Абадият қонуни”, “Мен қуёшни кўраяпман” ва бошқа бадиий филмлар яратилган. Н.Думбадзе Грузиянинг нуфузли мукофотлари ва халқаро мукофотлар билан тақдирланган. “Абадият қонуни” романи, кўплаб ҳикоялари моҳир таржимон Низом Комилов томонидан ўзбек тилига ўгирилган.

Инсон — коинот гултожи

Таниқли шоир ва эсселар устаси Эдуардас Межелайтис (1919-1997) Литванинг Карейвишкяй қишлоғида туғилган. Гимназияда фашистик ғоялар ва ҳар қандай шовинизмни қабул қилмаган муаллимлардан сабоқ олиб, Каунасдаги Буюк Витаутас ҳамда Вилнюс университетлари ҳуқуқ бўлимида ўқиган. Иккинчи жаҳон уруши даврида 16-Литва дивизиясида ҳарбий мухбир бўлган. Урушдан сўнг ёшлар журнали муҳаррири, ёзувчилар уюшмаси раҳбари вазифаларида фаолият олиб борган. Шоирнинг С.Нерис ҳамда С. Есенин шеърияти анъаналарига ҳамоҳанг жўшқин поэтик услуби ҳаётбахш халқ оғзаки ижодидан баҳраманд. Шеърларида халқ дарди ва табиатга узвий боғлиқлик уфуриб туради. Шоир А.Пушкин, М.Лермонтов, Т.Шевченко, Ш.Петефи шеърларини она тилига таржима қилган, болалар учун кўплаб китоблар ёзган. “Қардошлик достони” эпик поэмаси, “Менинг булбулим”, “Бегона тош”, “Каҳрабодаги қуёш”, “Лирик этюдлар”, “Нон ва сўз”, “Жануб манзараси”, “Тунги капалаклар”, “Уфқлар”, “Каҳрабо қуш” каби шеърий ва насрий тўпламлари теран интеллектуализми, фалсафий мушоҳада ва публицистик пафоси билан ажралиб туради. Э. Межелайтиснинг инсон ва у яшаётган замин мадҳи, бутун инсоният тақдирига дахлдорлик туйғуси теран акс этган “Инсон” китоби унга оламшумул шуҳрат келтирган. Шоирнинг энг сара шеърий асарлари кўплаб жаҳон тиллари, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.

Шоир ва академик

Бошқирдистон халқ шоири Мустай Карим (1919-2005) Уфа шаҳри яқинидаги Чишмин туманида таваллуд топган. Педагогика институтини битириб, фронтга йўл олган. Жангларда яраланиб даволангач, фронт газеталарида мухбирлик қилган.
Юздан зиёд назм ва насрдаги китоблари, ўндан ортиқ драматик асарлари чоп этилган. “Сиёҳ сувлар”, “Қайтиш”, “Европа-Осиё” каби шеър ва достонлари, “Ойгул ватани”, “Қиз ўғирлаш”, “Ой тутилган тунда” песалари, “Уйимизнинг қувончи”, “Авф этиш” сингари қиссалари китобхонлар орасида машҳур. М. Карим Бошқирдистон Фанлар академияси фахрий академиги, адабиёт ва санъат соҳасидаги М.Шолохов мукофоти ҳамда Г.Х.Андерсен номидаги халқаро мукофот жюриси Фахрий дипломини олган. “Хабар кутаман”, “Оловни ташлама, Прометей”, “Олис-олис болалик” китоблари халқаро миқёсда эътироф этилган. Уфадаги ёшлар миллий театри, йирик шоҳкўча Мустай Карим номи билан аталади. Адибнинг шеър ва қиссалари ўзбек тилига таржима қилинган, драматик асарлари саҳналаштирилган.

Гумилёв чўққиси

Таниқли шоир ва адабий танқидчи Николай Гумилёв (1886-1921) Кронштадтда дворян кема врачи оиласида туғилган. Рафиқаси Анна Ахматова ёзишича, у олти ёшида Ниагара шаршарасига бағишлаб тўртлик ёзган. 1894-1903 йилларда Петербург ва Тифлис гимназияларида таҳсил олиб, “Тифлис варақаси”да “Мен шаҳардан ўрмонга қочдим” номли шеъри эълон қилинган. Н.Гумилёв гимназияни битиргач, Сорбонна университетида француз адабиётидан маърузалар тинглайди, тасвирий санъатни ўрганади.
Н.Гумилёв нафақат ижодкор, айни пайтда, шимоли-шарқий Африкага кўп экспедициялар уюштириб, Петербург антропология ва этнография музейига катта коллекция олиб қайтган йирик африкашунос тадқиқотчи ҳамдир. 1909 йили Сергей Маковский билан тасвирий санъат, мусиқа, театр ва адабиётга оид “Аполлон” журналини таъсис этади. Петербург университетида ўқиб, француз шеъриятини ўрганишга киришади. “Марваридлар” тўпламига “Романтик гуллар” ҳамда “Капитанлар” поэмаси, “Бегона осмон” тўпламига “Американинг очилиши” поэмасининг дастлабки қўшиқлари кирган. Биринчи жаҳон урушининг бошидан охиригача жангларда иштирок этган. Урушдан кейин “Гулхан” тўплами ва “Мик” достони нашр этилиб, “Оллоҳ болалари” песасини ёзади.
Н.Гумилёв ва А.Ахматованинг ўғли Лев Николаевич Гумилёв (1912-1992) машҳур тарихчи-туркийшунос, шарқшунос, археолог ва адиб бўлиб етишган.

Орол соҳилида туғилган адиб

Адабиёт ривожига салмоқли ҳисса қўшган таниқли адиб Абдижамил Нурпеисов 1924 йили Орол денгизи бўйидаги Ушкон овулида туғилган. Дастлаб Иккинчи жаҳон уруши ҳақида “Узоқ кутилган кун” асарини ёзади. “Қон ва тер” трилогияси Биринчи жаҳон уруши ҳамда 1918-1920 йиллардаги фуқаролар уруши даврида Оролбўйида кечган тарихий воқеаларга бағишланган. Орол балиқчилари руҳияти ва тақдири акс этган, ёрқин миллий характерлар яратилган ушбу роман асосида спектакл ва бадиий филм ишланган.
Адиб кўплаб очерк ва публицистик китоблар ҳам ёзган. Орол денгизи экологиясига бағишланган “Cўнгги бурч” романи эса Германиянинг “Дагиели Ферлаг” нашриётида немис тилида чоп этилган. Кўплаб халқаро мукофотлар соҳиби А.Нурпеисов асарлари жаҳон тиллари, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.

Арктика кундаликлари

Артур Конан Дойл (1859-1930)нинг саргузашт асарлари миллионлаб китобхонлар қалбини забт этган. Яқинда машҳур адибнинг шу чоққача нашр қилинмаган кундаликлари жамланган “Оғир иш. Арктика” китоби катта тиражда босилиб чиқди. Ёзувчининг кўп минглаб мухлислари учун ажойиб совға бўлган ушбу китобдан Арктика экспедицияси таассуротлари жой олган.
1880 йил баҳорида тиббиётчи-талаба Конан Дойлни кутилмаганда кит овловчи кемада олти ойлик сафарга чиқишга таклиф этишади. Бўлғуси ёзувчи Арктика сафаридан ён дафтарини саргузашт-қайдномалар ва суратларга тўлдириб қайтади. Конан Дойл ҳаётининг бу даври унинг мемуар асарларида қисман ёритилган бўлса-да, кўплаб қизиқ, айни чоғда, фожиали ва ғалати ҳодисалар, улар билан боғлиқ деталлар, ёш йигитнинг тоза нигоҳи билан кўрилган, кузатилган воқеалар таассуроти тушиб қолган эди. Янги китобга эса адибнинг олис денгизлар оша саёҳатига доир мақолалари, “Қутб юлдузи” капитани” номли ғайритабиий кучларга ишонч руҳидаги новелласи, шунингдек, Шерлок Холмс ҳақидаги “Қора Питернинг саргузаштлари” ҳикояси ҳам киритилган.
Артур Конан Дойл Шотландия пойтахти Эдинбургда рассом ва архитектор оиласида туғилган. Ёзувчи бўлиб камол топишида онаси Мэри Фолининг кўп китоб ўқиши, уларни болаларига мароқли қилиб сўзлаб бериши муҳим аҳамият касб этган. Адибнинг “Ола-була тасма”, “Тақдир шуъласи” каби саҳна асарлари ҳамда “Конгодаги жиноят”, “Ғариб дунё”, “Заҳарланган камар” каби қисса ва романлари ҳам Шерлок Холмс ва доктор Ватсон ҳақидаги “Тўқ қизил тусдаги этюд” романи сингари анча машҳурдир.

Буюк адиб сонатаси

Буюк ёзувчи Лев Толстойнинг “Крейцер сонатаси” қиссаси таниқли бастакор Бетховеннинг машҳур скрипкачи Рудолф Крейцерга бағишлаб яратган шу номдаги мусиқа асари номи билан аталади. Адибнинг ўзи ҳикоя, деб ёзган бу асар яқинда инглиз тилида чоп этилган “Крейцер сонатаси: вариациялар” номли китобдан жой олди. Унга Лев Толстой ҳамда рафиқаси Софья Андреевна қаламига мансуб қиссалар киритилган. Айнан шундай китоб 2010 йили Францияда ҳам нашр қилинган.
Таржимон Кристина Зейтун-Белоуснинг гувоҳлик беришича, Софья Андреевна Лев Николаевичнинг “Крейцер сонатаси”ни юрагига жуда яқин олиб, изтиробга тушган. Уни ўзига нисбатан хуруж сифатида баҳолаб, “менга қарши қаратилган”, деган ва асарда кўпгина кечирилмас гуноҳларда муаллиф аёлларни айблаши, ўзининг уйланишига доир айрим жиҳатларни ошкор этишини ҳам кечира олмаган. Шунга қарамай, Софья Андреевна цензура рухсат бермаган бу асарни чоп этиш учун кўп саъй-ҳаракат қилган. Охир-оқибат, қаттиқ изтироб чеккан Софья Андреевнанинг ўзи мазкур тарихни — унга деярли ўхшаш воқеани ёзишга қарор қилади. Ёзганда ҳам аёллар нуқтаи-назаридан ёзади…
Қизиғи шундаки, ҳар икки асарда воқелик ҳамда никоҳни идрок этиш масалаларида Лев Николаевич ва Софья Андреевна қарашларида умумий жиҳатлар жуда кўп. Айрим масалаларда эса, Лев Толстой фикрича, аёлларнинг кўпроқ айбдор ҳисобланишига, аввало, уларни шу даражага етказган эркаклар сабабчи экан.

Ёзувчи ва тарихшунос олим

Машҳур араб адиби, публицисти ва олими Журжи Зайдон (1861-1914) Байрутдаги майда савдогар оиласида таваллуд топган. Шу шаҳардаги тиббиёт коллежида таҳсил олиб, Мисрга кўчиб борган. Кўплаб тарихий асарлари билан янги араб адабиётида тарихий роман жанрига асос солган. Адиб 1992 йили “Ал-Ҳилол” журналини таъсис этади. “Ислом тарихидан ҳикоялар туркуми”га кирган “Карбало фожеаси”, “Ҳасания”, “Хорун ар-Рашид синглиси” каби йигирмага яқин тарихий романларида VII-XIII асрларда юз берган воқеаларни тасвирлайди. “Мамлуклар ўзбошимчалиги”, “Усмонлилар тўнтариши” сингари қатор романлари эса XVIII-XIX асрларда Мисрда бўлиб ўтган тарихий воқеаларга бағишланган. Бу асарлар сўзлашув тилига яқин услубда ёзилгани учун Араб Шарқида машҳур бўлиб кетади ва кўплаб шарқ ҳамда ғарб тилларига таржима қилинади.
Журжи Зайдоннинг олим сифатидаги истеъдоди эса, унинг “Араб тили тарихи” (1904), “Мусулмон тамаддуни тарихи” (1906) ва “Араб адабиёти тарихи” (1914) каби тадқиқот асарлари орқали намоён бўлган.

Тоғларини куйлаган шоир

Машҳур авар шоири Расул Ҳамзатов (1923-2003) Доғистоннинг Хунзах туманидаги Цада овулида таваллуд топган. Отаси — халқ шоири Ҳамзат Цадаса унинг илк муаллими ва шеърий санъатдаги устози эди. У ўн бир ёшида илк шеърини ёзиб, истеъдодини намоён этган. Расул Ҳамзатов маҳаллий мактабдан сўнг педагогика билим юртида таҳсил олиб, ўз мактабида ўқитувчилик қилди. Кўчма авар театрида режиссёр ёрдамчиси, радио ва газета мухбири бўлиб ишлади. 1943 йили “Оташин муҳаббат ва аламли нафрат” деб номланган илк шеърий тўплами босилади. 1945-1950 йилларда Москвадаги Жаҳон адабиёти институтида таҳсил олди, Доғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида умрининг охирига қадар фаолият олиб борди.
“Менинг Доғистоним” лирик қиссаси, шунингдек, “Мен туғилган йил”, “Олис юлдузлар”, “Мактублар”, “Йиллар тасбеҳи” ”Ўчоқ бошида”, “Аёллар ороли” сингари ўнлаб шеърий китоблари шоирга оламшумул шуҳрат келтирди. Бир шеърида “Тоғдаги сўнгги довондан ошаётиб, ватаним осмони остида англадимки, шоир сифатида жуда эрта туғилибман-у, бироқ аллома бўлишга роса кеч қолибман”, деб лутф этган Расул Ҳамзатов миллий ғурури Доғистон тоғларидек юксак ва бениҳоя катта қалб эгаси эди. Унинг “Менинг Доғистоним” китоби ва кўплаб шеърлари атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов, Асрор Мўмин ва бошқа ижодкорлар томонидан ўзбек тилига ўгирилган, гўзал қўшиқларга айланган.

Машҳурларнинг сўнгги иқрори

Буюк гўзаллик шайдоси ва эстетизм тарафдори, соғлом ақлга зид парадокс фикрларга моҳир бўлган Оскар Уайлд деворлари дидга ёқмайдиган беўхшов гулқоғоз билан безатилган хонада жон берган. Ҳатто ўлим олдида ҳам машҳур адибни нозик дид ва юмор туйғуси тарк этмаган. У: “Ўлдирадиган нақш! Иккимиздан биримиз бу ердан кетишимиз керак”, — дегану нариги дунёга равона бўлган.
Михаил Евграфович Салтиков-Щедрин эса, ўлимни ”Бу эси йўқ, сенмисан?” — деган савол билан қарши олган.
Южин О`Нил вафоти олдидан тақдиридан нолиб шундай деган экан: ”Мен буни билгандим! Мен буни билгандим! Меҳмонхонада туғилдим ва, жин урсин, меҳмонхонада ўлаяпман!”.
Уилям Сомерсет Моэм ўлими олдидан ҳаётда қолаётганларнинг ташвишини чеккан: ”Ўлиш — зерикарли ва ғам-ҳасратли иш. Менинг сизларга маслаҳатим — ҳеч қачон у билан шуғулланманглар”.
Уилям Сарояннинг охирги сўзлари ҳам назокат ва ўз-ўзига нисбатан киноя-пичингдан холи бўлмаган: ”Ўлим ҳамманинг бошида бор, бироқ доимо ўйлар эдимки, менга нисбатан истисно бўлса керак деб. Ва… нима бўлди?”
Оноре де Бальзак ўлаётиб ҳикояларидан бирининг персонажи, тажрибали врач Бианшонни эслайди ва буюк адиб: ”У мени сақлаб қолган бўлур эди”, дея сўнгги нафасини чиқаради.
Иоганн Волфганг Гёте вафоти олдидан бирдан: ”Ёруғлик керак, кўпроқ ёруғлик!” деб юборган. Бундан олдин эса шифокордан яна қанча вақт яшашини сўраган. Врач бир соатдан ортиқ вақт қолмаганини айтганда Гёте: ”Худога шукур, фақат бир соат!” — дея енгил тин олган.
Иван Сергеевич Тургенев Париж яқинидаги Буживал шаҳарчасида вафот этаётиб, шундай сирли сўзларни айтган: ”Алвидо, менинг азизларим, менинг оқ кўнгил фаришталарим!”.
Гертруда Стайнни жарроҳлик хонасига олиб кирганларида ”Хўш, жавоб қандай?” деган. У онаси каби саратон хасталигидан вафот этаётиб, саволига жавобни ҳам кутмай яна сўраган: ”Унда савол қандай?” Наркоздан сўнг адиба қайта кўз очмаган.
Таниқли француз адиби, шоир ва драматург Феликс Арвер чинакам тил жонкуяри сифатида вафот этган. У ҳамширанинг кимгадир ”КоЛидорнинг охирида”, деб айтган сўзларини эшитиб қолиб, охирги мадорини тўплаб, жон-жаҳди билан: ”КоЛидор эмас, коРидор!” дея иҳраб юборган ва жон таслим қилган.
Буюк ёзувчи Лев Толстой эса: «Тушунмайман!», деган экан.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 15-51-сонлар