Гоенаван Муҳаммад (1941)

Гоенаван Муҳаммад (Goenawan Soesatyo Mohamad) 1941 йил 29 июлда Марказий Яванинг Батанг шаҳрида туғилган. «Темпо» журналининг асосчиси ва муҳаррири бўлган Гоэнаван Индонезиядаги кўзга кўринган ёзувчи ва шоир саналади. У кўплаб очерклар ва шеърий китоблар муаллифидир. 2001 йилда «Сажак-сажак Гоэнаван Муҳаммад: 1961-2001» номи билан нашрдан чиққан охирги шеърий китобида энг сара шеърлари жамланган. Шунингдек, у замонавий опералар учун иккита либретто ёзган. Гоенаван Муҳаммад бир неча халқаро мукофотлар соҳиби бўлиб, улар қаторида Ҳарвард Дорилфунунининг Луис Лион мукофоти алоҳида эътиборга молик. Гоенаван сўз эркинлиги, санъат ва ижодкорлар алмашинуви билан шуғулланадиган «Утан Каю» жамиятига асос солган. Айни пайтда у «Темпо» журналининг бош муҳаррири лавозимида ва шу жамиятда самарали иш олиб бормоқда.

ҲАЙДАЛИШ

Замин ҳузурида тураркан банди
батамом осуда пайтда дунёга
сўзсизликдан келган Одам Ато – мен
фирдавс жаннатининг фарзанди.

Ғира-шира кезган лаҳзалар
оппоқ рангга айланар тунда
кундаликдан бир-бир сирғалиб
тушаркан бегона саҳфалар

Эртага бир эшик очилгай:
ўша туманликдан отар тонг
асрнинг осуда кулгуси билан
мен кетиб бораман ҳаю-ҳай.

Дарахтзор ичида чопгум тутоқиб
Қушлару булутлар сояси ила
Шошаман, бу куннинг эрка нафаси
Туйғулар ичига киради оқиб

(Бирор нарса мавжудми айтинг
бир суюкли ўғил
тарк этган
ватандан-да камроқ ишончли)


АЙВОН

Бунда шамол эсмайди ортиқ,
Кўк сирғалар. Тун олгайдир сўз.
«Ўтинаман, оқшом тушди, чиқ,
Эшит, – дейсан, – ана қичқириқ.»

Соз рубоий куйлайди равон,
Кетиб борар фурсат ва карвон
Илк бўлимнинг сўзи тугамай
Кун қобиғин топади шу он.

Ўтмиш ёлғизлиги харобот
Ва йўлларга ҳамоҳанг дердим
Дарахтлар ях улашгайдир бот
Бир кунлик майсалар кўкарди.


Куз тўртликлари

I

Совуқда бошланар жараён: тун баргларни тизар бир сафга,
тайёрланар ўлим тўшаги.
Кун бу йилни тугатар аста
ул тамоман ўлгунга қадар.

II

Тез орада қазо қилар у,
болаларни қирғоқ томон имлаган офтоб.
Қолгани бир сийрак ёмғирдир.
Ранглар айқаш-уйқаш. Сен-чи тушунмай хуноб.

III

Йилномада мавсум турар гунг.
Ҳатто мени зериктирар ул.
Хазонлар остида кўмилар излар
сокин, ўзгармас. Куз буюкдир буткул.

IV

Қор – бу энг охирги янгилик.
Олис шивир, вақтий замзама.
Энди ибодат йўқ. Билишга на куч.
Бори бир хиралик, қоқ жазирама.

Аъзам Обидов таржимаси