Чўлпон (1897-1938)

Ўзбек адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1897 йилда Андижоннинг Қатортерак маҳалласида савдогар оиласида дунёга келган. Отаси Сулаймонқул Мулла Муҳаммад Юнус ўғли (1874 — 1929) дастлаб деҳқончилик, сўнгра баззозлик билан шуғулланган. Таниқли журналист ва ёзувчи Мўминжон Муҳаммаджонов «Турмуш уринишлари» китобида қайд этишича, Чўлпоннинг отаси Сулаймонқул ўз даврининг етук зиёлиси, маърифатпарвар кишиси бўлган.  У «Расво» тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган, девон яратган.

Чўлпон аввал эски мактабда, сўнгра мадрасалар ва рус-тузем мактабида таҳсил олиб, араб, форс ва рус тилларини мукаммал ўзлаштиради. Мутолаа йўли билан эса турк, немис ва инглиз тилларини ўрганади. Шарқ ва Ғарб ижтимоий-сиёсий қарашларидан озиқланади. Фирдавсий, Саъдий, Ҳофиз, Умар Ҳайём, Алишер Навоий каби буюк сўз санъаткорлари ижодини меҳр билан ўрганади.

Чўлпон дунёқараши ва ижодининг шаклланишига аср бошларидаги демократик инқилоблар ҳамда жадидчилик ҳаракати катта таъсир кўрсатган.

Чўлпоннинг ижоди 1913—1914 йиллардан бошланган бўлиб, у аввал «Қаландар», «Мирзақаландар», «Андижонлик» ва ниҳоят «Чўлпон» (Тонг юлдузи) тахаллуси билан ижод қилди. У ҳам шоир, ҳам носир, ҳам драматург сифатида ўз халқи адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшади. Чўлпоннинг дастлабки асарлари «Садои Туркистон», «Садои Фарғона» каби маҳаллий газеталарда, шунингдек, Оренбургда чиқадиган «Шўро» журналида нашр этилади. Чўлпоннинг «Иштирокиюн», «Қизил Байроқ», «Туркистон», «Бухоро ахбори» каби газеталардаги фаолияти ҳам унинг ижодий шаклланишида мактаб бўлиб хизмат этади.

Чўлпон очеркнавис ва публицист сифатида ҳам баракали ижод қилди. Бу борада айниқса, унинг «Адабиёт надир?», «Муҳтарам ёзувчиларимизга» каби мақолалари адабиётнинг мақсад ва вазифаларини англашда муҳим роль ўйнади. У 1914—1917 йилларда яратган «Қурбони жаҳолат», «Дўхтир Муҳаммадиёр» сингари ҳикоялари, «Ватанимиз Туркистонда темир йўллар» сингари мақолаларида маданият ва маърифат тарғиботчиси сифатида майдонга чиқди. У Октябрь тўнтаришидан кейинги 1920—1924 йилларда ҳаётда содир бўлаётган хуш ва нохуш ўзгаришларни қаламга олди. «Йўлда бир кундуз», «Йўлда бир кеча», «Шарқ поезди келди», «Шарқ уйғонган», «Қутурган мустамлакачилар», «Йўл эсдалиги» сингари ўнлаб очерклари ва публицистик мақолаларида чоризм мустамлакачилари ва маҳаллий ҳоким синф етказган жабру жафолар етмаганидек, фуқаролар уруши даврида рўй берган фожеаларни қоралади.

Чўлпон 1922 — 1926 йилларда ўзининг «Уйғониш», (1922), «Булоқлар» (1923), «Тонг сирлари» (1926), «Соз» (1935) каби тўртта шеърий тўпламини нашр эттирди. 30-йилларга келиб, «Жўр» каби шеърий тўпламини тайёрлади. Аммо «Соз»и чоп этилади-ю, «Жўр» тўплами қатағонлик тузоғига илиниб, қолиб кетади. Шоирнинг тўпламлари орасида «Булоқлар» (1923) алоҳида ажралиб туради. Тўплам беш бўлимдан иборат бўлиб, улар «Шарқ учун», «Сезгилар», «Севги», «Қора йўллар» ва «Қор қўйнида» деб номланади. Шоирнинг ўзи қайд этишича, мазкур шеърий гулдаста «жаҳон фотиҳлари чангалида эзилиб ётқон Шарқ ўлкаларига» бағишланган.

Чўлпон 1925 йилларга келиб, «Муҳит кучли экан, эгдим бўйнимни» дея ижтимоий қарашларини ўзгартиришга мажбур бўлганлигини эътироф этади. Аммо шунга қарамай, шоир яратган икки юздан ортиқ шеърий асарлар эл-юрт бахти, келажаги, мустақиллиги, озодлиги учун курашнинг ёрқин солномаси деса бўлади.

Чўлпон етук лирик шоиргина эмас, балки «Новвой қиз», «Ойдин кечаларда», «Қор қўйнида лола» каби ўнлаб ҳикоялар, «Кеча ва кундуз» (1936) каби ажойиб роман ҳам яратган истеъдодли адибдир.

У драматург сифатида ҳам салмоқли ижод қилган. Унинг «Ҳалил фаранг», «Чўрининг исёни» каби кичик пьесалари, «Ўртоқ Қаршибоев», «Муштумзўр» каби драмалари ҳамда кўп вақт саҳнадан тушмаган «Ёрқиной» пьесалари машҳур бўлган. Шунингдек, рус ёзувчиси В. Ян билан ҳамкорлиқда «Ҳужум» драмасини яратган.

Чўлпон моҳир таржимон сифатида В. Шекспирнинг «Ҳамлет» фожеасини, А. С. Пушкиннинг «Дубровский» қиссасини ва «Борис Годунов» каби пьесаларини, М. Горькийнинг «Она» романини ва бошқа кўплаб асарларни ўзбек тилига ўгирган.

Чўлпон ҳам Фитрат ва Абдулла Қодирийлар каби қатағонлик даврининг қурбони бўлган. У 1937 йилнинг 14 июлида қамоққа олиниб, 1938 йилнинг 4 октябрида отиб ташланган.

Чўлпоннинг асарлари узоқ вақт танаффусдан кейин 1991 йили «Яна олдим созимни» номи билан нашр этилди.

Ҳозирги кунда Чўлпон номида нашриёт, кўча, маҳалла, кутубхона ва мактаблар бор.

Вафотидан сўнг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991) ва «Мустақиллик» ордени (1999) берилган.