Анвар Намозов. Газетчилар (уч пардали комедия)

Иштирок этувчилар:

Турғунов, 43 ёшларда;
Шоир, 42 ёшларда;
Зокиров, 35 ёшда;
Фахриев, 42 ёшда;
Эмин Лапасович, 50 ёшда;
Жўрақулов, 52 ёшда;
Санобар опа, 55 ёшда;
Лутфия, 36 ёшда;
Хадича хола, 52 ёшда
Зарифа ва Раъно
Ва бошқалар…

Комедиядаги воқеалар шу кунларда бўлиб ўтади.

Парда ортидан овоз:

— Ассалому алайкум, ҳурматли томошабинлар! Бугун, сиз, азизларга теша тегмаган мавзу – газетчилар ҳаётидан бўлган-бўлмаган ҳангомаларни ҳавола этмоқчимиз. Бу инсонлар заҳматли меҳнат қиладилар, бошқалар ҳаёти ҳақида, турфа кечинмалари борасида ёзадилар. Ўзлари ҳақида эса жуда кам ёзадилар. Ҳа, улар ана шундай камтар, камсуқум, нодир инсонлар ҳисобланишади. Ваҳоланки, энг кўп ҳангомалар ўзлари билан бўлиб туради. Хўш, уларнинг ҳаёти қандай экан? Буни бир газета таҳририятида рўй берган воқеалар асосида томоша қиламиз.

Марҳамат, ажабтовур ва ғаройиб саргузаштларга ошно бўлинг!

Биринчи парда

Биринчи кўриниш

Оддий таҳририят. Хона кўринишидаги саҳнада саккизта стол, айримларида компьютер қўйилган. Бурчакда битта диван ва журнал столи, газета тахламлари, иш ҳужжатлари қўйилган стол ҳам бор. Бу хонага кириш-чиқиш эшиги ёнида шкаф ҳам турибди.

Хонада фақат Турғунов ўтирибди. У компьютер мониторидан кўз узмай, “сичқонча”ни юргизиш билан овора. Қандайдир пақ-пуқ овозлар эшитилади. Турғунов нигоҳини монитордан узмай, кўзлари катта-катта очилиб кетади. Авзойи бузилиб, “Ҳе, шу… ҳуймат қийай” деб, эшик томонга қараб қўяди. Шу пайт бошқа столдаги телефон жиринглаб, Турғунов чўчиб тушади. Индамай ўйнайверади. Телефон ҳам тинмай жиринглайверади. Турғунов оғриниб туриб, телефон аппаратини столига олиб келади. Жойига ўтиради ва компьютердаги ўйинини давом эттирган ҳолда гўшакни олади.

Турғунов:(оғзини чўччайтириб) Сайом, эситаман.

Телефондаги овоз (кекса кампирнинг товуши): — Алў, алў!

Турғунов: — Эситаман (шундай деб, тезда оғзини ёпиб олади).

Телефондаги овоз: — Ия, тили чучукми, дейман… Болам, бу таҳририятми?

Турғунов:(оғзини очмай, бош ирғайди) Ҳа, ҳм-м-м.

Телефондаги овоз: — Болам, бугун менинг туғилган куним эди. Исм-фамилиям Роҳатгул Ялғашева…

Турғунов иккинчи қўли билан оғзини ёпиб, йиғлагудек бўлади. Кўзлари янада катта-катта очилиб, нажот билан эшик томонга қарайди.

Турғунов: — Гапийинг, гапийсайис-чи (яна оғзини ёпиб олади).

Шу пайт саҳнага Зокиров чиқиб келади-ю, Турғунов гўшакни унга кўрсатиб имлайди. Зокиров аввал яхшилаб керишиб эснайди. Кейин бамайлихотир келиб, гўшакни олади. Турғунов эса оғзини маҳкам ушлаганича саҳнадан чиқиб кетади.

Телефондаги овоз: — Алў, алў, пуф-пуф…

Зокиров: — Алло, ким бу мени сўраётган? (шундай деб, компьютердаги ўйинга кўзи тушади-да, шартта курсига ўтириб олади).

Телефондаги овоз: — Бугун менинг таваллуд куним эди. Исм-фамилиям Роҳатгул Ялғашева.

Зокиров:(компьютер мониторидаги ўйиндан завқланиб) О, холажон! Табриклайман, табриклайман!.. Аммо, аммо кечикдингиз! Бир-икки кун олдин телефон қилмабсиз-да!.. Газетамиз чиқиб бўлди, хола. Табрикнома беролмаймиз. Келаси йил телефон қилинг.

Телефондаги овоз: — Биламан чиққанини, донолик қилма. Шунинг учун тилпон қиляпман.

Зокиров:(ўйиндан тўхтаб) Тинчликми, хола?

Телефондаги овоз: — Туғилган кунимда зўр иш қилдинг сенлар. Шу бугун кайфиятим бузилмасайди, деб тургандим. Расво бўлди. Роҳатгул Ялғашева деб газитга ҳиндистонлик артистнинг расмини қўйибсизлар! Энди мен қариндошларга, қудаларимга нима дейман? Пешонасида холи бўлмасаям майли эди, ёшлигимдаги расмим, дердим… Кўрганман, “Девдас”да чиқадиган қиз бу!

Зокировнинг бир зум ранги оқаргандек бўлади.

Зокиров:(гўшакни қўли билан ёпиб, эслашга уринади) Нима? Расмлар алмашиб кетибди? Кеча навбатчи эмасмидим ишқилиб?.. Ҳозир, ҳозир… (Чеҳраси ёришади) Йўқ-йўқ, олдинги ҳафта навбатчи бўлган эканман… Хайрият. Худога шукр. (Гўшакдан қўлини олиб) Ҳозир, хола, сизга керакли одамни чақираман (Зокиров шундай деб, симнинг нариги томонидаги кампирнинг “алўалў”лаганига қарамай, гўшакни ташлайди-да, саҳнадан чиқиб кетади).

Саҳнага Турғунов чиқиб келиб, жойини эгаллайди. Компьютердаги ўйинни давом эттиради. Зокиров ҳам саҳнага қайтади.

Зокиров:(Турғуновнинг тепасига бориб) Э, дарров ўтириб олдингизми? Мен ҳам озгина ўйнай.

Турғунов:(компьютер мониторидан кўз узмай) Ўйин қизиганида халақит беришмаса-да!

Зокиров: — Монополия қилиб олгансиз! Нуқул ўзингиз ўйнайсиз.

Турғунов: — Пишиқсиз-а, носимни туфлаб келгунча жойни эгаллаб олибсиз.

Телефондаги овоз: — Алў, алў…

Турғунов: (телефонга имо қилиб) Кимни чақиришди?

Зокиров: — Газетага хато кетиб қолибди. Зарифани чақирдим.

Турғунов: — Бечора!.. (Монитордан кўз узмай) Эшитганмисиз, статистика бўйича, энг аввало, корректорларнинг телефон қўнғироқларидан юраги зада бўлар экан? Зарифа-ей! Қўрқиб киради ҳозир! Роса капалагини учириб юборгандирсиз уни? Ваҳиманинг уясисиз-ку!

Зокиров:(ўзининг иш столига ўтириб) “Девдас” ижодкорлари чақиряпти, дедим. “Вой, энажон”, деб юборди ўзиям. Раъно эса ҳали келмаган экан… (Турғуновга норози қараб) Қизғанчиқ, фақат ўзингиз ўйнайверасиз!

Саҳнага ранги-қути ўчган Зарифа чиқиб келади.

Зарифа:(Зокировга) Ким, дедингиз?

Турғунов:(Зарифага қиё ҳам боқмай) Ассалому алайкум… Чуқур-чуқур нафас олинг, Зарифа! Хато қилмаган одам борми бу дунёда! Аммо (кулимсираб) халқаро миқёсга чиққанларингни хаёлига келтирмагандим… (Зокировга қараб, кўз қисиб қўяди) Ҳиндистондан, шекилли? Начора, газетада хато кетдими, тергов-суриштирув ишлари корректирлардан бошланади. Ўзингизни руҳан тайёрланг.

Зокиров эса қоғозларни титкилаш билан овора.

Телефондаги овоз: — Алў, алў…

Зарифа гўшакни қўрқа-писа олади, аммо гапиришга ботинмай, индамай туради. Бу пайтда саҳнага бирин-кетин Фахриев ва Шоир чиқиб келишади. Шоир кира солиб, ўнг қўлини даст кўтаради.

Шоир: — Тонгги сабо қушларидан салом-ассалом!

Турғунов: — О, шоиримиз келди! Энди ҳамма жойни қофия босиб кетади.

Шоир: — Албатта! Билсангиз, бутун дунё қофиядан иборат!

Зокиров Шоирга “жим” ишорасини кўрсатиб, Зарифага ишора қилади.

Зарифа:(гўшакни қулоғига тутади): Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм. Алё… Ассалому алайкум!.. Ҳиндистон! Намасте!.. Митхун Чакраборти!

Телефондаги овоз: — Ваалайкум ассалом… Сиз кимсиз?

Зарифа: — Мен корректирман, хола… Бисмиллоҳ… Корректир…

Телефондаги овоз: — Директир, дейсизми?

Зарифа: — Йўқ, корректир. Яъни, мақола ёзадиган ёзувчи, хола.

Шоир:(бошини чайқаб) Вой, ёлғончи-ей!

Телефондаги овоз: — Менга қаранг… Исмингиз нима?

Зарифа: — Зар… Зари…

Зокиров:(баланд овозда тиржайиб) Вир ва Зара, хола.

Зарифа: — Исмим Зарифа, хола. Отам қўйганлар, ҳозир раҳматли бўлиб кетганлар. Яхши одам эдилар… Исмимни нима қиласиз? Менинг айбим йўқ, хола. Ўлимдан хабарим бор, лекин…

Телефондаги овоз: — Менга қаранг, Зарифа қизим…

Зарифа:(қалтираб) Қалтираяпман, хола… Э, қараяпман, хола.

Телефондаги овоз: — “Девдас”даги қизни қўйганларинг майли, нега “мунис онам” деган сўзни газетга “минус онам” деб ёзасизлар?

Зарифа: — (ҳолсизланиб қолади): — Хол… хола… Ҳарфлар алмашиб кетгандир-да, хола. Қайси бет…

Телефондаги овоз: — Бети қурсин хато қилганнинг!

Зарифа: — Қайси саҳифада чиққан, демоқчи эдим.

Телефондаги овоз: — Ҳозир… Қирқ саккизинчи саҳифада… Алло, эшитяпсизми? Қаранг: “Ҳурматли ва минус онам Роҳатой Ялғашева. Сизни туғилган кунингиз билан табриклайман. Ўғлингиз Паҳлавон”… Бу нима шармандалик?! Мени минусга чиқарибсизлар-ку!.. Пенсиягача математика фанидан дарс бермаганимда ҳам гўрга эди. Суратга қараб эса йиғлагим келади! Ҳиндистоннинг артист қизи, исм-фамилия эса меники. Ўғлим нима иш қилишини биласизми?

Зарифа қўрқиб кетади. Ходимларга нажот кўзи билан бир-бир қараб олади.

Турғунов: — Агар ўғли катта жойда ишласа, учи-и-и-б кетасиз, Зарифа. Самолётда учмайсиз, албатта! Ҳи-ҳи-ҳи!

Зарифа: — (гўшакка) Бисмиллоҳ… Ўғлингиз нима иш қилади?

Телефондаги овоз: — Ўғлим — қассоб. Агар билиб қолса, бориб ҳаммангни сўяди.

Зарифанинг оёғига титроқ киради. Ходимларга яна бир бор қараб олади. Ходимларнинг айримлари иш билан андармон, баъзилари ачиниш билан унга боқишяпти. Санобар опа ва Лутфия ҳам саҳнага чиқиб келишади. Зарифанинг телефонда гаплашаётганини кўриб, ҳамкасблар билан бош ирғаб саломлашадилар.

Зарифа: — Айланай сиздан, холажон, бу техник хато… Биз ҳаммасини тўғри қўйганмиз, аммо кампютир нотўғри чиқарган. Биласиз-ку, ҳозирги кампютирлар вирусларга тўлиб кетган. Ана сенга вирус, мана сенга вирус! Шундай вируслар чиққанки, бизга билдирмай расмларнинг ўрнини алмаштириб қўяди. “Мунис” сўзидаги ҳарфлар ҳам ўз-ўзидан алмашиб, “минус” бўлиб қолган.

Шоир:(кўзлари катта-катта очилиб) Ол-а!

Фахриев:(бошини чайқаб) — Нич-ч-ч-ч-его себе, вирус!

Зарифа:(қўлига ручка олиб) А-ҳа, айтинг… Хўш-хўш (ёза бошлайди), яхши, чиройли рақамлар экан, холажон! Ёзиб олдим. Сизга, албатта, телефон қиламан, холажон. Ўзимнинг холажоним! Ўзим гиргиттон, ўзим варрак бўлай сизга!

Зарифа гўшакни оҳиста қўяр экан, газета тахлами турган стол томон юради. Кейин қўрқа-писа бир-бир варақлай бошлайди.

Турғунов:(Зарифага таскин берган бўлиб) Э, сиқилманг, газета бўлгандан кейин хато кетади-да! Ҳалиям бу кампир яхши экан. Ўзи эълонларни бермаслик керак, албатта хато кетади. Умуман айтганда, туғилган одамлар ҳақидаги эълонлардан эмас, ўлганлар ҳақидаги эълонлардан қўрқиш керак. Аввалги газетада ишлаганимда суратли таъзия берганмиз. Ўша куни мен навбатчи эдим. Газета чиққан куни таъзияси суратда берилган одам ишхонага тирик ҳолда кириб келса бўладими! Нақ бўғзимдан олди! Юрагим бир ёрилган… “Мен ўлганим йўқ, ўлганим йўқ”, дейди. Адашиб, тирик одамни ўлдига чиқарган эканмиз-да!

Шоир:(Турғуновга) Ол-а!

Турғунов: — Нега ишонмайсиз? Шунақанги қўрққанманки!.. Тасаввур қилинг, ўлик кириб келиб, ёқангиздан силтаб турса! Бир ой иситмалаб ётганман. Шундан буён суратли таъзия дейишса, бутун вужудим қақшайди.

Зарифа кўзлари жавдираб газетанинг очилган саҳифасига тикилиб турар экан, нимадир ёдига тушадими, чеҳраси ёриша бошлайди. Кўрсаткич бармоғини кўзининг ёнига олиб бориб, эслашга уринади. Чеҳраси янада очилади ва кутилмаганда рақсга тушиб кетади. “Дилхирож” мусиқаси, “Анжанча” қўшиғи янграйди. Зарифа шунақанги хиром билан ўйнайдики, бошқалар ўринларидан туриб, беихтиёр қарсак чала бошлайдилар. Ҳатто, рақсга сел бўлган Шоир пул қистириш учун чўнтагини кавлайди, бироқ рўмолча билан автобус чиптасидан бўлак ҳеч вақо чиқмайди.

Зокиров:(мусиқа овози пасайгач, қувноқ оҳангда Зарифадан сўрайди) Ҳа, опа, кампир адашган эканми? Ўзим ҳам билгандим-а!

Зарифа:(чор-атрофни унутган, гир айланиб-гир айланиб рақс тушаверади) Мукофотсиз қолмайман, ана шунақа!

Турғунов:(тилининг тагига нос ташлаб): — Исқилиб бугуннинг кампийлари ана сунақа адасиб туйсин! Газетамиз обйўси йоколмасин!

Зарифа: (рақс тушишдан тўхтаб): — Йўқ, кампир адашмабди, ростдан ҳам хато кетган. Суратиям “Девдас”дан. Ўзининг расми эса “ҳинд киноси”да кетибди.

Фахриев:(ҳайрон бўлиб) Ия, расми “ҳинд киноси” саҳифасида кетса, сиз нега ўйнаяпсиз?

Зарифа:(тиржайиб) Албатта-да! Чунки мен ўқиган саҳифалар эмас экан.

Зарифа яна рақс тушиб-тушиб, хонадан чиқиб кетади.

Санобар опа: — Ўзи кеча ким навбатчи бўлган экан?

Лутфия: — Адашмасам, Элмуродов эди!

Шоир: — Ҳа-я, Элмуродов!.. (Бошини қашлаб) Тушунарли. Энди-и, унча-мунча таҳририятда Элмуродовга ўхшаганлар бўлади. Аллақандай катта-катта ишларга қўл уриб юришади азаматлар. Бир-бир келиб, “шовқин-суронли” материал ташлаб кетишади-ю, шу-шу, осмонга учиб чиқишадими, ерга кириб кетишадими, дом-дарак бўлмайди. Энг қизиғи, айнан шунақаларни газетхон ҳам, Сирожиддин Саййид ёзгандай, ит ҳам, пишак ҳам, эшак ҳам сўраб келади. Кутиб-кутиб, ортга қайтадилар. Элмуродов, ким мени сўраб келса, қайтиб кетаверсин, деб тайинлаган. Ўзим топиб оламан, дейди.

Фахриев: — Сайёр мухбир-да!

Лутфия: — Сайёр мухбир бўлсаям, хатоси учун жавоб берсин. Элмуродовни топиш керак. Керак бўлса, Ҳиндистонга “розиск” бериш керак.

Шоир:(қўл силтаб) Э-э, Элмуродовни топгунча бу кампир ўлиб кетади-ёв!

Хонага нотаниш киши кириб келади. Барчага талмовсираб қараб, нигоҳи билан кимнидир излайди.

Нотаниш киши: — Ассалому алайкум, менга Элмуродов керак эди.

Шоир: — Ана, айтдим-ку!.. (Нотаниш кишига) Элмуродов йўқ, у киши — сайёр мухбир. Сайёр мухбир дегани – сайёҳ мухбир дегани! Икки ойдан кейин хабар олинг, навбатчилигида ушлаб олишингиз мумкин.

Нотаниш киши орқасига қайтиб, ҳозиргина кириб келган эшигини очмай, шкаф эшигини очганча ичига кириб кетади. Шоир сакраб туриб боради-да, уни қўлидан тортиб қолади.

Шоир: — Биродар, кирган эшигингизни билмайсизми? (Кўрсатиб) Мана, эшик. Бу эса шкафнинг эшиги! (Нотаниш киши хижолат тортиб, хона эшигидан чиқиб кетади).

Санобар опа: — Тавба, шу шкафни бошқа жойга кўчирса бўлмайдими? Ким келса, ичига бир кириб-чиқади.

Шоир: (Тиржайиб) Қўяверинг. Бир хил ҳаётдан кўра шуниси қизиқ.

Лутфия: — Бир хил ҳаёт эмиш! Ахир, сумка-пумка, кийимларимиз туради, бирортаси чўнтакларимизини қоқиштириб чиқмасин тағин.

Хонага котиба киради.

Котиба: — Хўш, ҳамма борми? Ўн дақиқадан кейин мажлис бўлади. Шу ерда.

Зокиров: — Ия, мажлислар зали-чи?

Котиба:(эшикка қараб олиб, пастроқ овозда) Мажлислар залида муассиснинг хотини дугоналари билан гаштак ўтказяпти (шундай деб чиқиб кетади).

Фахриев:(бош қашлаб) Яна мажлис… Обуна масаласи бўлса керак.

Шоир:(газета тахламини варақлаб) Ўзи нималар чиқди газетамизда? Сўраб қолишса, уялиб қолмайлик тағин. (Зокиров ҳам у билан бирга газетага кўз югуртира бошлайдир).

Бу орада носини тупуриб келган Турғуновга эргашиб Зарифа ҳам бирга хонага киради. Бошқалар ўз иши билан андармон. Турғунов иш жойига ўтириб, бўш курсини Зарифага суриб қўяди. Зарифа ҳам ўтиради.

Турғунов:(компьютерда ишлай бошлаб) Хўш, менда нима гапингиз бор?

Зарифа: — Раъно бечорага қийин бўлди (ёлғондакам ачиниб). Кампир бош муҳаррирга ҳам телефон қилганга ўхшайди. Ҳозир мажлисда шу масала кўтарилса керак?

Турғунов лом-мим демайди. Зарифа Турғуновнинг столи устидаги мақолаларга кўз югуртирган бўлади.

Зарифа: — Ҳикматилла ака, ёмон бўлибди-я?

Турғунов: — Нима ёмон бўлибди?

Зарифа: — Хато кетгани-да!

Турғунов: — Э, иш бўлгандан кейин хато бўлади-да!

Зарифа: — Барибир ёмон-да! Кампир бечора касал бўлиб қолгандир.

Турғунов: — Ёмон, албатта. Яхшироқ қарасаларинг бўлмайдими?

Зарифа: — Вой, менинг саҳифам эмас, дедим-ку!

Турғунов: — Сизники бўлмаса, ҳамкасбингизники! Қараш керак эди.

Зарифа: — Ўзингиз, иш бўлгандан кейин хато бўлади-да, деяпсиз-ку! Шуни энди мажлисда кўтариб чиқиш шартми?

Турғунов яна тилининг тагига нос ташламоқчи бўлади, бироқ девордаги соатга қараб, нос халтасини чўнтагига солиб қўяди.

Зарифа: — Ҳикматилла ака, нега индамайсиз?

Турғунов: — Мажлисдан кейин чекарман, нима дедингиз?..

Зарифа: — Ҳа, шундай қила қолинг… Мажлис чўзилса, ўзингиз ҳам чўзилиб қолишингиз мумкин… Мен… бугунги хато ҳақида мажлисда гапиришингиз шартми, демоқчиман.

Турғунов: — Нима?.. Гапираман демадим-ку! Тағин ўша уришқоқ ҳамкасбингиз Раъно лабимни узиб олмасин! Биласиз-ку, у ҳамма билан жанжаллашиб юради.

Зарифа нима дейишини билмай қолади. Гапни буриш учун стол устидаги бир мақолага қизиққандек тутади ўзини. Кўзларини катта-катта очиб ўқиётгандек бўлади.

Зарифа: — Қизиқ материал экан-ку, нега бермайсиз?

Турғунов:(кулимсираб қарайди): Бу аллақачон чиққан, Зарифа. Ўтган сонни кўринг.

Зарифа: — Билмасам… Баъзи материаллар бўлади-ю, ҳар сафар ўқиганингда қандайдир янгилик туяверасан, тўғрими?

Турғунов: — Билмасам, балки шунақадир?

Зарифа: — Барибир кимдир айтиши керак. Айтгандай, анови мàқолани зўр ёзгансиз.

Турғунов: — (ҳайрон бўлиб) Қайси мақолани?

Зарифà:(нима деярини билмай қолади) Бор эди-ку, номи эсимдан чиқди. Айтгандай, бояги кампир сизни роса мақтади, ҳалиги Ялғашева-чи!

Турғунов: — Йўғ-ей!.. Мақолаларимни ўқиган эканми?! (Қувониб) Яхши!.. Сиз ўзингиз қайси мақоламни айтяпсиз, Зарифа? Одамнинг ичини қиздирманг-да!

Зарифа: — Ануви… ануви… (ниҳоят Зарифанинг эсига тушди) “Музлаган қалбнинг эриши” мақолангизни айтяпман… Зўр ёзгансиз!

Турғунов: — Ҳа (юзида мамнунлик акс этиб), уни айтяпсизми, анча бўлди-ку чиққанига! (Ўрнидан туриб, виқор билан) “Музлаган қалбнинг эриши”!

Зарифа: — Қачон ўқисам, худди кеча ўқигандек бўламан. Менга “Қор маликаси”ни эслатади.

Турғунов: — (жойида ўтириб ва беғубор жилмайиб) Мухлисларим ҳам мақташади, Зарифа. Битта-иккитаси “Қор маликаси”дан ҳам зўр, деган.

Зарифа: — Ҳа, зўр-зўр! Ким бўлибди ўша Андирсин!.. Шу бугун эрталаб ҳам қўнғироқ қилиб айтганлар бўлди. Мухлисларингиз жуда кўп. Шунақа материаллардан тез-тез беринглар, дейишди.

Турғунов: — Раҳмат… Ҳалиги… Ялғашева нима деб мақтади, дедингиз?

Зарифа: — Ким?.. Ҳа, у кишими?.. Айтди, юзидан нур ёғилиб турса керак, деди. Мақолангизни ўқиб, шуни ҳис қиларкан.

Турғунов: — Сўрамадингизми, “Музлаган қалбнинг эриши”ни ўқимаганмикан?

Зарифа: — Сўрамоқчи эдим, Раъно халақит берди. Биласиз-ку, фақат шунақа қилади. Айниқса, сизга нисбатан атайин қилади.

Турғунов: (қошларини чимириб) Ҳм-м…

Хонага Эмин Лапасович ва Жўрақулов кириб келишади. Зарифа уларга салом бериб, саҳнадан чиқиб кетади. Шоир билан Зокиров иш жойларига ўтиришади. Эмин Лапасович билан Жўрақулов ҳам ёнма-ён жойлашишади. Эмин Лапасович яна бир бор ҳамма билан сўрашиб, Фахриевга қарайди.

Эмин Лапасович: — Хуш, қулоғим сизда! Қай жойларда бўлдингиз, нелар билан келдингиз?

Фахриев:(ўрнидан туриб, тавозеъ билан сўз бошлайди) Хўжайин, обуна масаласида хизмат сафарига чиққаним бир ҳисобда яхши бўлди. Баҳонада армияда бирга хизмат қилган сафдошларимни кўриб келдим. (Бармоқлари билан санай бошлайди) Султонни кўрдим, Абдужалилни, Нусратни кўрдим. Аммо Жабборни тополмадим. Россияга иш билан кетган, дейишди. Шунга кўнглим сал ғаш бўлди, хўжайин. Бу сафар, албатта, топаман. Хотинига тайинлаб келдим. Бешта боласи бор экан. Энди Жабборгаям қийин. Аммо уйи ёмон эмас, яхшигина томшувоқ қилибди бултур. Кейин кетворибди. Армияда ҳам шунақа эди: шартта йўқолиб қоларди. Эҳ, Жаббор, Жаббор…

Бошқалар бетоқат бўла бошлашади. Шоир ёнидаги Зокировга нимадир деб пиқиллаб кулади.

Эмин Лапасович:(қошларини чимириб) Биз сиздан Жабборни сўрамаяпмиз, обунадан гапиринг.

Фахриев: — Ташкилотларга бордик, гаплашдик. Абдужалил пишиқ-да, ҳаммани авраб ташлади. Шунақа сўзамолки, қойил қоламан. Лаби лабига тегмай гапириб, ҳаммани маҳлиё қилиб қўяди. Энг қойил қоларлиси, нима деб гапирмасин, ишонтириш қобилияти бор. Армияда ҳам командирларнинг қулоғига лағмон чўзарди. Бир сафар, денг, каптёркада ўтирганимизда старшина келиб қолди…

Эмин Лапасович:(томоқ қириб) Сизга обунадан гапиринг, дедим.

Фахриев:(ўзига келгандек тин олиб, бошқача оҳангда сўзлай бошлади) — Хўжайин, биласизми, ҳар ҳолда у ерларда газетимизни ўқишаркан. Ҳожатхонага кирганимда…

Эмин Лапасович: — Нима?!! (қошларини кериб, ўрнидан туриб кетади).

Бошқалар: — Ним-м-м-а?!! (улар ҳам жойларидан туриб кетадилар).

Фахриев:(шоша-пиша) Йўқ, хўжайин, бизнинг газетни эмас, рақобатчиларимизникини кўрдим. Хурсанд бўлдим.

Ҳамма енгил тортиб, жойига ўтиради. Эмин Лапасович ҳам тинчлангандек бўлиб, давом этинг, дегандек Фахриевга қарайди.

Фахриев: — Тушлик ҳам яхши бўлди. Дўстларим қўярда-қўймай тандир олиб беришди. Йўқ, десам ҳам кўнишмайди-да! Арча ҳиди уфуриб туради. Шунақанги маза қилдимки…

Турғунов:(чидаб туролмай) Бизгаям олиб келмадингизми?!

Фахриев:(Турғуновга норози қараб, кейин Эмин Лапасовичга ўгирилганича сўзида давом этади): — Хўжайин, шу десангиз, одамлар газетамиз номини ҳазм қилишолмаяпти. “Экспресс-тайм-нюс” қанақа газет”, дейишди. Бирови, поездми, дейди. Бошқаси футбол бўлса керак, дейди.

 Зокиров:(ўрнидан сапчиб туриб, яна ўтиради) Жуда тўғри гап! Мен ҳам шу фикрга қўшиламан. “Экспресс-тайм-ньюс”! Қайси аҳмоқ топган ўзи-а бу номни?

Эмин Лапасович:(зардаси қайнаб) Ким топганини билгингиз келяптими? Муассис топган, тушундингизми? Са-а-л ўйлаб гапириш керак, ўртоқ Зокиров.

Санобар опа:(ўтирган жойидан Зокировга қараб) Газетамиз номи жуда чиройли. Тавба, одамлар нима деса, ишхонага кўтариб келаверасизларми?.. Бинойидай ном, замонавий!.. Поезд эмиш! Қанақа поезд? Уларга баҳона керак. Поезд дейди, футбол дейди, ишқилиб обуна бўлмайди!

Эмин Лапасович Фахриевга қараб, давом этинг, дегандек яна ишора қилади.

Фахриев: — Тандирдан кейин сомса айтишди азаматлар. Ичи тўла гўшт, десангиз! Мен овқатланаётганда ҳам фақат обунадан гапириб турдим. Кейин бедана кабоб келтиришди. Мазза қилиб едим. Шунча нарса қоринга сиққанига ҳайронман.

Турғунов:(лабини ялаб, тамшаниб) Текин деб еявергансиз-да! (Шундай деб, аввал бошқаларга, кейин Эмин Лапасовичга хижолат бўлиб қарайди).

Эмин Лапасович: — Билмадим, бу одам обуна учун эмас, овқат ейишга борганга ўхшайди. Қайси вилоятга юбормайлик, ҳарбий хизматдоши чиқиб қолади. Ишни сўрасак, гапни армияга, овқатга буради… Нечта бўлди обуна, шундан гапиринг!

Фахриев:(чайналади) — Хўжайин, одамлар билан гаплашдик, олиб борганларимни қизиқиш билан ўқишди. Обуна бўламиз, дейишди. Ҳалиги… сканвордларинг кам, дейишди.

Шоир:(сапчиб туради) Алдаманг, Фахриев! Энди сиз сканворд тузганингиз учун газетамизни бошдан-оёқ сканвордга айлантириб юборамизми?

Эмин Лапасович: — Жуда тўғри гап. Бу Фахриев қаерга борса, сканвордларинг кам, дейишади. Ўн иккита вилоятга борсангиз, ўн иккита сканворд қўшишимиз керак экан-да, а? Тушунмаяпсизми, бу — “Эксперсс-тайм-ньюс”.

Фахриев:  — (соддалик билан) Хўжайин, шу нима дегани-а: экспресс-мекспрес? Бир-иккитаси сўраган эди, очиғи, жавоб беролмай қолдим. Инглизча бюллетенми, дейди бирови.

Эмин Лапасович:(чайналиб) “Экспресс”, бу… битта бекат ўтказиб манзилга етиб оласиз, дегани. Талабалигимизда шунақа автобуслар бўларди. Тезкор дегани-да қисқаси! Таймни… ўзларинг тушунсаларинг керак ҳар ҳолда? Аслида “таймс” бўлиши керакмиди… “Нюс” эса янгилик…

Жўрақулов:(баланд ва гўлдираган овозда) Бу Фахриев деганимиз — ғирт масхарабоз! Обунага юборсак, шашлик еб келади. Тиражни катта момомиз ўйлайдими! Тағин сканворддан гапиради. (Фахриевга хўмрайиб қараб) Мен сизни сканворд қилиб қўяман! (Бошқаларга қараб) Сизларни ҳам!

Лутфия: — Вой, биз нима қилдик?

Жўрақулов:(Лутфияга) Гап қайтарманг менга. Дарров оғзимдан олиб, сақичдек қилиб ёқамга ёпиштирасизлар. “Паркент қизлари” деган жумлани “Паркет қизлари” деб ёзган сиз эмасми?

Лутфия: — Вой, битта хатога шунчами?

Жўрақулов: — Гап қайтарманг, дедим! Кўзми ё пўстакнинг тешигими? (Шоирни кўрсатиб) Мана бу шоир эса Пушкиннинг ўлганини икки минг саккиз юз ўттиз еттинчи йил, деб ёзган.

Шоир:(тўнғиллаб) Эски гапни қўзғашни қаранг!

Жўрақулов: — Гап қайтарманг менга. Хайриятки, Пушкин ўлган экан. Агар тирик бўлганида бизни фуқаролик судига берарди.

Шоир: — Ол-а!

Жўрақулов: — Олаламанг менга! Газета иши ўйинчоқ эмас, билиб қўйинг. (Фахриевга ўгирилиб) Манови гўштхўр эса “аёл” деган сўзнинг ўрнига “алё” деб ёзган. Телефон билан хотин кишининг фарқига бормайди. (Эмин Лапасовичга қараб) Хатоси учун буларни дўппослаш керак аслида! Бири Пушкинни шарманда қилади, бошқаси…

Эмин Лапасович:(Жўрақуловга) Пушкинни қўя туринг, янги ҳангома чиқиб қолди. Газетамизнинг бугунги сонида Ялғашева деган онахоннинг сурати ўрнига ҳинд артистининг расми чиқибди. Шу онахон қўнғироқ қилиб, роса йиғлади. Ахир, шармандалик-ку, бу! Зўрға овутдим. (Бошқалардан сўрайди) Ким эди навбатчи?

Ҳамма:(бараварига) Элмуродов!

Жўрақулов: — Корректирларнинг кўзи қаерга ёпишиб қолган экан? Нуқул шунақа ғалати хатолар қилишади.

Шоир:(тиржайиб) Ғалати эмас, кулгили, денг!

Жўрақулов: — Мен сизни кулгили қилиб қўяман ҳозир!

Эмин Лапасович:(Жўрақуловга) Тўрақул Облоқулович, бу хато бўйича шахсан ўзингиз шуғулланинг. Айбдорларни топинг. Буйруқ ҳам тайёрланг. Ҳайтовур, кампир яхши экан. Мени тушунди. “Ўғлим билмаса бўлди”, дейди. Вазиятдан чиқиб кетишнинг йўлини топиш керак. (Шоирга) Балки сиз чиройли тўртлик ёзиб берарсиз? Саҳифада чиройли қилиб берсак, унутилиб кетарди.

Шоир:(бош ирғаб) Албатта, ёзаман… Бир мисраси аллақачон келиб қолди (ифодали ўқий бошлайди), “Гул ўзгадир, райҳон ўзгадир, Ялғашева холам яктодир”. (Тиржайиб) Заказной шеърга гонорар ҳам зўр бўлса керак, Эмин Лапасович?!

Эмин Лапасович Шоирга норозинамо қараб қўяди.

Жўрақулов: — Аслида ҳаммасига масъул котиб айбдор. Ҳали меҳнат таътилидан қайтса, ўзим таъзирини бераман уни. Компьютерчилар ҳам ҳаддидан ошиб, хатолар шу ярамаслар туфайли бўляпти! Эртага мабодо Ҳиндистондан Хема Малинининг эри Алибобо келса, нима деймиз? Шарманда бўламиз-ку! Одам дегани ишга масъулият билан қараши керак. Шундай ишлайликки, кечқурун… (ҳаммага қараб олади) хотиржам ухлайлик.

Турғунов: — Майлими, мен ҳам гапирсам? (Шундай деб ўрнидан туради).

Бошқалар аввал бир-бирларига, кейин Турғуновга ажабланиб қарайдилар.

Эмин Лапасович: — Хўш, нима гапингиз бор?

Турғунов:(тантанавор овозда)  Мухлислар менинг мақоламни мақташибди. Жуда зўр дейишибди. Ана, Зарифа айтди.

Жўрақулов:(Турғуновга кўзини лўқ қилиб) Мен мухлислар ва Зарифа нима деганини билмайман-у аммо газетанинг бу сонига сиз навбатчи эканингизни аниқ биламан.

Турғунов:(кайфияти тушиб, Жўрақуловга қарайди) — Навбатчи? Нега мен?.. Мен… Мен яқинда  навбатчи бўлгандим-ку!

Жўрақулов: — Икки ой бўлди, Турғунип! Осмонга тикилмай, кун санаб юриш керак, билдингизми?! Саҳифаларни диққат билан ўқинг, агар бу сонда хато кетса, ўзим оёғингиздан осаман!

Шоир:(файласуфларча) Вақт чархпалаги қанчалик тез айланаётганини навбатчиликдан ҳам билса бўлади.

Эмин Лапасович: — Дарвоқе, эсимга тушди, бу сонимизга расмли таъзиянома бор…

Турғунов:(бирдан) Йў-ў-ў-ў-ў-қ-қ!

Эмин Лапасович:(ҳайрон бўлади) Сизга нима бўлди?

Турғунов: —  (ялина бошлайди): — Жон Эмин ака, илтимос, шу сонга мен навбатчилик қилмай! Уволимга қолманг. Бир гал бошқа ходим навбатчилик қилиб турсин, илтимос.

Жўрақулов:(жеркиб) Ўзингизни артистликка солиб, қилпилламанг бу ерда! Биз ҳаммани тенг кўрамиз. Ишхонада барча баб-баравар! Раҳбарият айтдими, бажариш керак, вассалом!

Эмин Лапасович:(Турғуновга) Тўғри! Агар навбатчиликни алмаштирсак, биринчидан, йил охиригача тузилган жадвал бузилади, иккинчидан, бу муҳитимизга ҳам таъсир қилади… Умуман, тинчликми ўзи? Ахир, биринчи марта навбатчилик қилишингиз эмас-ку!

Шоир ёнидаги Зокировга алланималар деб пиқиллаб кула бошлайди. Жўрақулов унга ёвқараш қилгач, оғзини юмиб, жим бўлади.

Турғунов: — Эҳтимол, Санобар опа навбатчилик қилиб турар?

Санобар опа: — Вой-вой-вой, нега мен навбатчилик қиларканман?! Ўйлаб гапиряпсизми? Сизни инсофли одам десам, ғирт худбин экансиз-ку! Уялмайсизми, аёл кишига навбатчиликни юклагани?

Турғунов: (Фахриевга ўгирилиб) Унда Фахриев навбатчилик қилсин. Тандир еб келибди-ку!

Фахриев: — Ним-ма?! Ўв, мен обунани ҳал қилиб келдим, билдингизми? Галингиз келдими, навбатчилигингизни қилинг! Сиз, Афанди латифасида айтилгандай, тандирга Ҳиндистонни қофия қилманг!

Жўрақулов:(Турғуновга) Сиз гапга тушунмайсиз, шекилли? Кўп гап эшакка юк. Навбатчи бўласиз, вассалом!

Турғунов:(бўйнини ўнг томонга қийшайтириб, кўзлари намланиб) Майли, розиман.

Жўрақулов: — “Майли, розиман” эмас, “хўп бўлади”, денг. Биз сизга уйланишни таклиф қилаётганимиз йўқ, билдингизми?!.

Турғунов:(кўз ёшини артиб) Хўп бўлади.

Эмин Лапасович:(ўрнидан туради) Бошқа гаплар бўлмаса, мажлис тамом.

Шоир:(қўлини кўтариб) Менда бир илтимос бор.

Эмин Лапасович:(ўтиради) Эшитаман.

Шоир:(бошқаларга қараб олиб) Барибир газетамиз номи ғалати: “Экпресс-тайм-ньюс”! Агар имкони бўлса, муассис билан шу масалада гаплашиб олсак. Чиройли, “визиваюший” қилиб ўзгартирсак, яхши бўлармиди!

Бошқалар: — Тўғри-тўғри…

Эмин Лапасович аввал Шоирга, кейин Жўрақуловга қарайди. Жўрақулов Шоирга ўгирилади, Шоир эса бошқаларга қарайди, бошқалар эса Эмин Лапасовичга қарашади.

Эмин Лапасович:(ўйланиб) Тўғриси, бу ҳақда ўзим ҳам анчадан буён ўйлаб юргандим, аммо муассис нима деркан?.. Яхши, гаплашиб кўрамиз. Балки, таҳририятга таклиф қилармиз… Бошқа гаплар бўлмаса, мажлис тамом.

Эмин Лапасович ва Жўрақулов чиқиб кетишади. Санобар опа ва Лутфия “хайрият” деб елпина бошлашади. Шоир қоғозга алланималарни ёза бошлайди. Зокиров эса яхшилаб керишади. Турғунов нос чекиб олиб, бошини чангаллаб ўтиради.

Фахриев:(Шоирнинг тепасига келади) Эшитинг, Шоир. Менинг кўп гапим ичимда қолиб кетди. Ҳалиги… бедана кабобдан кейин ҳам ўрнимиздан турганимиз йўқ. Яхна деб эшитганмисиз, шундан олиб келишди. Қоринда, денг, жой қолмаган. Кўз оч бўларкан-да, олиб кетай, десам, ноқулай. Еяверибман, еяверибман. Бир пайт Мансур деган ошнамиз келиб қолди. У билан Подольскда хизмат қилганмиз. Роса улфат бола. Мени ариққа олиб тушди. Ишонсангиз, сувда қориндаги ёғлар эри-и-иб кетаркан. Шундоқ сув юзида кўриниб турибди, тандир-кабоб, бедана-кабобнинг мойлари!..

Зокиров: (афтини буриштириб) Э, экологияни ҳам бузиб келибсиз-да!

Фахриев:(Зокировнинг гапига парво қилмай) Сувдан чиққач, қорин озроқ бўшагандек бўлди ишқилиб. Чумчуқ гўштиям бўларкан. Лоф бўлсаям, ўттизтасини едим-ов!

Турғунов:(ўрнидан туриб) Э, баш қийинг (чиқиб кетади).

Шоир: (қоғоздан бош кўтариб, Фахриевга қарайди) Дунёнинг гўштини еб қайтибсиз ўзиям! Яна бир марта обунага чиқиб келсангиз, осмонда чумчуқ қолмайди.

Зокиров:(бош чайқаб) Турғунов акамизга қийин бўлди. Сиқилиб кетди. Ўзи боягина расмли таъзия ҳақида гапириб ўтирувди.

Шоир: — Ҳа, қийин. Мирғани бўлганда ҳам бир нави эди.

Турғунов қайтиб киради. Унинг қовоғи солиқ. Аввал Зокировга, кейин Шоирга ўқрайиб қарайди.

Турғунов: — Турғуновга қийин бўлди, дейсизлар-у, навбатчиликни зиммаларингга олмайсизлар. Шундай оғир дамда…

Зокиров: — Э, дарров ўпкаламанг-да! Мен, масалан, бир сон олдин навбатчилик қилганман. Яна қайси виждон билан навбатчилик қилайин?

Шоир: — Мен… мен… ҳа-я, айтишди-ку, тўртлик ёзиб беринг, деб. Ҳалиги… Элмуродовнинг орқасини тозалаб юрамиз-да.

Турғунов: — Тўртликка қанча вақт кетарди?!. Шартта ёзиб ташлаб, навбатчилик қилаверинг!..

Шоир: — Нималар деяпсиз? Битта тўртлик учун бир умр вақт кетиши мумкин.

Лутфиянинг қўл телефони жиринглаб, очиб гаплашади-да, ташқарига чиқиб кетади. Орқасидан Санобар опа ҳам чиқади.

Зокиров:(Фахриевга) Гўштдан гаплашгунча қассоблар ҳақида гапиринг. Кунингни кўрсатади, деганмиш бояги кампирнинг ўғли!

Шоир: — Қайси кампир?

Зокиров: — Расми нотўғри кетган кампирни айтяпман! Ўғли қассоб эмиш! Ишхонага пичоқ билан кириб келса-я!

Фахриев: — Қассоблар қон билан ишлайди, тез жазавага тушади.

Шоир: — Бу ерга келиши мумкинми?

Фахриев: — Агар қонсираб турган бўлса… (Турғуновга) Сиз эҳтиёт бўлинг. Мабодо таъзияномадаги одамнинг ўғлиям қассоб бўлса…

Турғунов бу гапни эшитиб, яна бошини чангаллаб олади.

Шоир: — Э, яхши гаплардан гаплашайлик. Ялғашева баҳонасида шеърий мисралар қалбимнинг туб-тубидан чиқиши керак. Телефондан кампирнинг овозини эшитганим ҳамоно (ифодали гапириб) илҳом миямни қитиқлаб бошлаганди ўзи, кейин кела бошлади тўртликнинг сўзи!

Турғунов:(қовоғини очмай, эшикка қараб қўйиб) Менга Жўрақуловнинг қўпол муомаласи алам қиляпти. Дарров, гап қайтарманг, дейди. Энаси шундай деб туққанми, нима бало?! Қачонгача чидаш мумкин бу одамга? Оёғингдан осаман, дейди, тавба! Шартта носимни чекиб, юзига пўриллатиб туфлагим келди-я!

Фахриев: — Мениям тириклай еди. “Алё” билан “аёл”ни ҳар сафар гапиради.

Турғунов: — Эрталаб анови Хачча хола ранжитувди. Бирам қўпол шу холаям. Энди эса Жўрақулов! Ўринбосар бўлмай кетгур!

Шоир:(Турғуновга) Кўнглингизга олманг. Жўрақуловнинг қўполлигига кўникиб қолганмиз-ку! Йиғилишларда менга кўзи тушса, Пушкин бояқишни, албатта, гапиради. Ўзи характер дегани — Жўрақулов, дегани! Ишхонада иккита қўпол одам бор, биласизлар. Энди-и, ҳар бир жамоада шунақалар бўлиши керак. Акс ҳолда ходимлар талтайиб кетиши мумкин. Ҳалиям Ялғашева кампир яхши экан. Судга берса, энамизни кўрардик.

Турғунов: — Эҳ, хато деса, юрагим зириллайди-да! Мен расмлардан кўра, айниқса, исм-фамилиялар адашиб кетишидан қўрқаман. Қаранг, Фахриддин Низом билан Фахриддин Содиқ бор. Усмон Азим билан Азим Суюнни битта одам деб юрардим, кейин билсам, бошқа-бошқа шоирлар экан. Менгли Олломурод билан Бахтиёр Олломуродниям чалкаштириб қўяман. Юрагим пўкиллаб туради, мабодо шуларнинг асари кетса, адаштириб юбормайманми, деб. Кейин… яна биттаси бор эди-ку, Луқмон Очил…

Шоир: — Қулман Очил… Воҳид Луқмон, у — бошқа.

Турғунов: — Мен адаштириб юбораман-да! Хайриятки, булар бизга ёзмайди. Агар ёзишганида, мен аллақачон ишдан кетган бўлардим.

Шоир: — Ўзи адаштириб чув тушаркансиз-да!

Турғунов:(ўйланиб) Таъзиянома! Ким экан ўша ўлган? Шу сонда ўлмай турса бўларди! Тағин расмига бало борми? Ўзи шу, газетага суратли таъзия чиқаришни ким ўйлаб топган экан-а? Бир бало бўлади, аниқ бўлади…

Шоир: — Яхши ният қилинг. Эркак одам ботанан ҳам, зоҳиран ҳам қўрқмаслиги керак.

Зокиров: — Яхшилаб ўқисангиз, хато кетмайди…

Фахриев: — Оббо, намунча фақат ишдан гаплашасизлар? Юринглар, ташқарига чиқиб, каллани шамоллатиб келайлик. Буёғи тушлик вақтиям бўлди.

Шоир: — О! Фахриевдан ҳам яхши фикр чиқаркан. Туринг, Турғунов, туринг. (Зокировга) Сиз ҳам, Восилжон. Ташқарига чиқиб, дарахтларга термилсак, илҳомимиз келади.

Учовлон чиқиб кетишлари билан Зарифа билан сақич чайнаётган Раъно кириб келади.

Раъно:(ўзини диванга ташлаб) Уф-ф, чарчадим.

Зарифа:(газеталар тахлами қўйилган стол ёнида туриб минғирлайди) Ҳали ҳеч иш қилмай чарчадингизми?

Раъно: — Нима?!

Зарифа: — Иш қийин, дейман. Ҳартугул хатони кавлаштиришмаса бўлгани! Ўша кампир телефон қилиб, газетангни ёптираман, ҳаммангга жўжа очтираман, деяпти.

Раъно:(лабининг бир чеккаси пир-пир уча бошлайди). Мен йўқлигим учун ҳамма айбни бўйнимга ағдариб қўйишгандир. Ўзи йўқнинг кўзи йўқ-да!.. Муттаҳамлар!

Зарифа: — Мен ҳам айтдим муттаҳамларга. Сиз Раънонинг тарафини олманг, дейишди.

Раъно: — Ким шундай деди?

Зарифа: — Ҳамма айтди! Мени сотиб қўйманг-у, Турғунов кўпроқ айтди.

Раъно: — Мен унинг лабини йиртиб оламан.

Зарифа: — Ўзиям шунақа деди.

Раъно:(кўзларини каттакатта очиб) А?

Зарифа: — Йўқ, ҳалиги… Математик экан-да кампир. Аввал телефон қилди. Бугун туғилган куним, деди. “Табриклаймиз-қутлаймиз” саҳифасида чиққан экан! Кўзларинг олайгурлар, деди. Яна, кўзларинг чақчаймай кеткурлар, деди!

Раъно: — Ўзингиздан қўшманг.

Зарифа: — Вой, нега ишонмайсиз? Ҳамма эшитди.

Раъно: — Қандай хато экан?

Зарифа: — Э, сиқилманг, арзимас хато!

Раъно:(ўрнидан туриб, газеталар тахлами турган столга яқинлашади ва бугунги сонни бир-бир варақлай бошлайди) Мен сиқилганим йўқ. Мен осонгина жон бермайман.

Зарифа:(минғирлаб) Сиз умуман жон бермайсиз.

Раъно: — Нима?

Зарифа:(баланд овозда) Жонингизга тўзим берсин, деяпман.

Раъно: (варақлаётган саҳифалардан кўз узмай) Ҳеч нимага тушунмаяпман. Қани хато? Х-ў-ў-ш… (ўқий бошлайди) “Юз ёшдаям писта чақиб юринг”… “Севгилим, кўзларингда ўзимни кўрай”, “Синфдошларнинг юз йиллик учрашуви билан табриклайман…” Буёқда эса: “Хотинимни севишимни бутун жаҳон билсин”, “Той ўғлим, ой ўғлим, мой ўғлим, устингни лой қилма, ўғлим…” Бу шеърни ўзимизнинг шоиримиз ёзиб берган бўлса керак!.. Хў-ў-ш, “Туғилган кунинг муборо, олиб берай мураббо…” Мана буниси нима эди: “Ҳурматли минус онам…” (Яхшироқ тикилиб) Тавба, Айшвария Райга ўхшаб кетаркан манови… Буниси нима эди: “Туғилсанг-да, кўп ичма, Ғулом, чунки, қара, қўлинг за рулём…” Қани, Зарифа, мен хатони кўрмаяпман… Ия, шошманг-шошманг!.. Вой-вой, бу… бу… компьютерчининг хатоси! (Шундай деб тезда саҳнадан чиқиб кетади).

Зарифа Раънонинг орқасидан қараб туради-да, тиржайганча яна рақс бошлаб юборади. “Дилхирож” мусиқаси янграб, табиийки, спектаклни кўришга келган томошабинлар қарсак чаладилар.

Мусиқа тингач, Зарифа томошабинларга қараб, шавқ ила: “раҳмат, мухлисларим!” дея чиқиб кетади.

Саҳнага Жўрақулов, Раъно ва компьютерчи Рамзиддин чиқиб келишади. Раъно Рамзиддинни енгидан ушлаб олган. Улар газеталар тахлами турган столга яқин келадилар.

Раъно:(Рамзиддинни енгидан силтаб) Мана шу қилган, ўзи айтсин. Неча марта айтдим, ҳой, кеч бўляпти, газетани ёпиш керак, деб. Қани, қулоғига кирса! Компьютерида ўйнаб ўтирди, ҳозир-ҳозир, деб.

Рамзиддин:(ҳайрон) — Нимани?.. Нима гап ўзи?

Жўрақулов:(қовоғини очмай) Нима гап эмиш, газетада хато кетган. Хема Малинининг расмини бошқа саҳифада бергансиз! “Табриклаймиз-қутлаймиз” саҳифасида чиққан. Ўзим кўрдим, пешонасида чойнакнинг қопқоғидек холи бор.

Раъно: — Хема Малини эмас, Айшвария Рай!

Жўрақулов: (жаҳли чиқиб) Гап қайтарманг менга. Нима фарқи бор! Ҳиндистонлик артистми, бўлди-да! (Рамзиддинга) Бу, нима, Рамзиддинбой, икки мамлакат маданий ҳаётини назар-писанд қилмасликми? Эртага ўша Хема Малинининг эри келса, нима деймиз, а?

Раъно: — (қўрқиб кетиб) Йўғ-ей, келмаса керак.

Жўрақулов: — Нега келмас экан? Бир пайтлар Раж Капур келганида Хема Малинининг эри ким бўлибди? Эсимда, Бобомурод Ҳамдамовлар кутиб олган эди, “Ҳелпессе”, деб куйлаб. Агар даъво аризаси берса, моддий ва маънавий зарарни чўнтагингиздан берасизми? Улар сўмда эмас, рупия-пупияда олишаркан.

Рамзиддин:(ҳеч вақога тушунмай, талмовсираб) Мен тушунмадим. Ҳинд саҳифаси меники эмас-ку! “Қутлаймиз” ҳам бошқаники.

Жўрақулов:(ўшқириб беради) Сизники бўлмаса, катта холангизникими? Гап қайтаришни биласизлар. Сизларга битта гап кам, иккита гап кўп. Бир яримта гапни мен момомдан оламанми?

Рамзиддин: — Йўқ, мен…

Жўрақулов: — Оббо, яна гап қайтаради. Катталар гапирганда индамай туриш керак, деб ўргатишмаганми ота-онангиз? Оғзимдан олиб, ёқамга ёпиштирасиз!

Рамзиддин тушунтириш учун оғиз жуфтлайди, аммо Раъно уни туртиб, жим бўл, дегандек имо қилди. Рамзиддин бошини елкалари орасига қисиб, бош ирғаб туради.

Жўрақулов: — Ишга муносабатга ҳайрон қоламан-ей! Биттаси, навбатчи бўлмайман, деб тихирлик қилади, иккинчиси нуқул шашлик еганини гапиради, яна биттаси “Паркент”ни “Паркет” деб ёзади. Шунчаси камдай, энди мана бу Рамзиддинбой, “айбим нима?” деб ўтирибди. Тартиб борми ўзи, а? (Рамзиддин Жўрақуловнинг оғзидан сачраётган тупукдан киприкларини пирпиратиб, бошини у ён-бу ёнга буриб туради) Каллангизни қимирлатманг менга. Масъулият деган гаплар борми ўзи сизларда? Ёзинг, тушунтириш хати ёзинг. Хема Малини номигаям ёзинг. Эртага мабодо келиб қолса, кўрсатамиз. (Раънога қараб) Энди битта таржимон ҳам топишимиз керакка ўхшайди. Ҳиндчага таржима қилиб қўйсин. Шерқўзи Ғозиевга айтамиз, ўзича керилиб юради-ку, ҳиндчани биламан, деб, исботласин! (Рамзиддинга) Ўв, нега бақраясиз, тушунтириш хати ёзинг, дедим. Биттаси бош муҳаррирга, иккинчиси Хема Капурга, учинчиси Ҳиндистон Думасига!

Раъно анграйиб турган Рамзиддинни столга ўтқазади-да, қўлига ручка ва учта қоғоз тутқазади. Рамзиддин юзидаги тупукларни артиб, тушунтириш хати ёза бошлайди. Раъно уни туртиб, матнни тушунтириб туради.

Жўрақулов:(Рамзиддин ёзаётган қоғозга кўз ташлаб) “Тушинтириш” эмас, “тушунтириш” бўлади. Ҳе, ўқимаган! Текис ёзинг, юқорига ўрмалаб кетяпсиз. Компьютерда ишлаб, қўлда ёзишни ҳам эсдан чиқаргансизлар-да!.. “Тан оламан”, деб ёзинг… Ўзи сизларни анови Мирғани эркалатиб юборган. Меҳнат таътили ҳам чўзилиб кетди унинг. Масъул котиб-у, масъулияти йўқ. Ҳақиқий масъул котиб таътилсиз ишлаши керак. Умуман, ёш болага таътилни ким қўйибди! Ишга келгани билан ҳам бир ишни ёлчитмайди аслида. Шахмат ўйнагани-ўйнаган. Онаси шахмат ўйнаб туққан бўлса керак уни. Барибир менга ютқазади. Қани ютиб кўрсин-чи, нақ пул мукофотини кесиб ташлайман!

Раъно:(Рамзиддин ёзиб бўлган тушунтириш хатларини Жўрақуловга узатади) Мана, тан олди. Айтдим-ку, менинг айбим йўқ, деб.

Рамзиддин: — Аммо иккала саҳифани ҳам мен вёрстка қилганим йўқ, Сашаники бўлса керак! У пиво ичган экан, касал бўлиб ётибди.

Жўрақулов:(қоғоздан кўз узиб, Раънога қарайди) Бир нима дедими?

Раъно: — Айбини оғзаки ҳам тан оляпти.

Рамзиддин:(қўрқиб) Ҳа, ҳа, тан оламан.

Жўрақулов: — Сашами, Пашами, дегандай бўлдингиз.

Раъно:(шошиб) Керак бўлса, Сашаям тан олади, деяпти.

Рамзиддин: — Ҳа, тан олмай ўлибдими!

Жўрақулов: — Тунов куни ўша Саша менинг компьютеримни кўриб бериб, “это нужно викидивать”, дейди. Вей, ҳамма компьютерчилар бир хил гапиради-я?! Ҳозир ўзингни деразадан улоқтираман, дедим… Сиз бундан кейин хато қилманг. Думларингни ликиллатмай ишланглар, тушунарлими?

Рамзиддин қўллари билан юзини тўсиб, бош ирғайди. Жўрақулов қўлида тушунтириш хати билан саҳнадан чиқиб кетади. Рамзиддин эса талмовсираб эшик томонга эмас, тескари тарафга қараб юради. Раъно уни ушлаб, ортига қайтаради-да, эшикни кўрсатади. Рамзиддин гандираклаб, шкафнинг эшигини очиб, ичига кирмоқчи бўлади. Раъно яна уни ушлаб, чиқиш эшигини кўрсатади. Рамзиддин чиқиб кетади. Раъно қийқириб, рақс тушиб юборади. Кейин у ҳам “Дилхирож” садоси остида саҳнадан чиқиб кетади.

Саҳнага Санобар опа билан Лутфия кириб келишади. Иш жойларини эгаллайдилар.

Санобар опа: — Шунақа, денг? Ҳа, қийин. Сиз рашкини келтиринг-да! Мана, мен шу ёшга кириб, ҳозиргача эримнинг рашкини келтиравераман-келтиравераман.

Лутфия: — Вой, роса уриниб кўрдим, Санобар опа. Фойдаси йўқ. Олдинлари мени ҳар бир симёғочдан ҳам рашк қиларди. Ҳозир эса, тирикмисан ҳам демайди.

Санобар опа: — Телефонини яхшилаб текширдингизми?

Лутфия: — Айтдим-ку, телефонининг ичига кириб, у ёғидан-бу ёғигача айланиб чиқдим. Шубҳа қиладиган биттаям эсимис йўқ.

Санобар опа: — Умуман қарамайди, денг! Қизи-и-қ!.. Биласизми, нима қилинг: эрингизнинг ҳар бир гапига тиржайиб тураверинг. Чунки сиз жудаям жиддийсиз-да! Табассум кайфиятни кўтаради. (Залдаги томошабинларни кўрсатиб) Мана шунча одам ҳам кулиш учун келишган, тўғрими?

Лутфия: — Санобар опа, спектаклдан четга чиқманг.

Санобар опа: — Ҳа-я, лирик чекиниш қилиб юборибман.

Саҳнага Шоир, Турғунов, Зокиров ва Фахриев чиқиб келишади. Улар иш столларини эгаллайдилар.

Фахриев:(тишкавлагич билан тишини кавлаб) Қани эди, тушликдан сўнг мазза қилиб ухласанг. Болалигимда бир мультфильмни севиб кўрардим. Қурбақалар ҳаётидан олинган. Иккита қурбақа ўтиради, денг. Улар бошлари устида айланаётган пашшаларни шартта-шартта ушлаб ейишади. “Мана, қорин тўйди, энди ухлаймиз”, дейишади. Шундай деб, пинакка кетишади. Уйғонгач, “мана, ухладик, қорин оч қолди, энди тўйғазамиз”, деб яна пашша тутишга киришади. Кейин яна ухлашади.

Турғунов: — Мен навбатчиликни ўйласам, Фахриев қурбақаларни ўйлайди.

Лутфия:(ишдан бош кўтариб, афтини бужмайтиради) Вой-вой-ей, қаёқдаги гапларни гапирасизлар!

Саҳнага котиба чиқиб келиб, қўлидаги пуркагичдан ҳамма жойга сепа бошлайди.

Котиба: — Шафтолининг ҳиди, зўр-а? Муассис келаркан — мажлис бўларкан! Ўзларинг чақиртирибсизлар-ку!

Барча ўзининг иш столидаги қоғозларни тартибга келтира бошлайди. Сочларини тараб, уст-бошларини тўғирлайдилар.

Зокиров: (Котибага) Мажлислар зали-чи?

Котиба:(эшикка қараб қўйиб) Муассиснинг хотини гаштак ўтказяпти, дегандим-ку, бир-иккита дугонаси ухлаб қолибди (шундай деб саҳнадан чиқиб кетади).

Санобар опа: — Муассисга нима бор экан? Битта-иккита муаммомизни ҳал қилиб берармиди!

Шоир: — Учрашиб туриш керак-да, опа. Дийдор ғанимат, дейдилар.

Фахриев: — Ўзларинг чақиртирдиларинг-ку, газета номини ўзгартирамиз, деб.

Зокиров: — Тўғри, аллақачон ўзгартириш керак эди.

Шоир: — Энг муҳими, муассиснинг кайфиятини бузмасак бўлгани. Акс ҳолда “ишдан бўшатаман”лаб қолади.

Саҳнага тез-тез қадамлар билан паст бўйли Муассис, ортидан Эмин Лапасович ва Жўрақуловлар чиқиб келишади. Муассиснинг иккала қўлида ҳам “сотка”.

Ходимлар:(бараварига ўринларидан туриб) Ас-са-ло-му  а-лай-кум!

Муассис бош ирғаб, Эмин Лапасович кўрсатган столни эгаллайди. Ходимлар жойларига ўтирадилар. Эмин Лапасович ва Жўрақулов Муассиснинг ёнидан жой оладилар. Барчанинг юзида табассум, нигоҳлари Муассисга қаратилган.

Муассис: (Эмин Лапасовичга афтини сал буриштириб қарайди) Нима гап? Тезроқ… Шарт-шурт гапирамиз, чиқиб кетамиз. Время нету!

Эмин Лапасович: — Шу, газета номини ўзгартирсак дегандик, домла. Учиб кетадиган бир ном қўйсак.

Муассис:(тушунмайди, қовоғини солади) Қандай… учиб кетадиган?

Эмин Лапасович: — Бозорда учиб кетадиган!

Муассис: (чеҳраси ёришиб) Ҳа, бозор, денг. Бозор яхши. У ерда пул айланади… (Кейин ўйланиб туриб, шартта ўрнидан туради ва у ёқдан-бу ёққа юра бошлайди. Ҳамманинг нигоҳи унинг ҳаракатига қаратилган) “Экспресс-тайм-ньюс”… Ҳм-м-м… бу номни мен ўйлаб топганман-ку! Как, ўзгартирамиз?

Эмин Лапасович:(томоқ қириб) Тўғри, сиз ўйлаб топгансиз. Сал бошқачароқ қўйсакми, деб жамоа билан фикрлашган эдик.

Муассиснинг қўл телефонидан чиройли оҳанг чиқади. Саҳнага бир зумгина Зарифа ва Раъно пайдо бўлиб, бир чеккада рақс туша бошлайдилар. Санобар опа ва Лутфиянинг “кет” ишораси билан саҳнадан чиқиб кетадилар.

Муассис:(қўл телефонини қулоғига тутиб) Алло, да… Сколько котнейнер? Кам-ку! Дармоеди! Вабше кам! Кутинглар, бораман. (Телефонини ўчириб, яна у ёқдан-бу ёққа юра бошлайди. Ҳатто, эшиккача бориб келади). Так-так-так… (Бирдан тўхтаб) Мен газета номини ўзгартириш эмас, унга қўшимча сўз қўшиш тарафдориман. Агар кимда-ким фикримга қарши чиқса, шартта ишдан бўшатаман.

Ҳеч ким лом-мим демайди. Ҳамма бир-бирига зимдан қараб олади. Бироз ўтиб, Шоир ўрнидан туради.

Шоир: — Қўшимча сўз қўшиш керак экан, менда бир фикр бор: (дона-дона қилиб) “Экспресс-тайм-ньюс-баҳор-эпкинлари”, десак, қалай бўларкан?

Муассис: (ўйлаб туриб, бош чайқайди) Йўқ, чўзилиб кетади! И во вторих, “эпкинлари” что такое?

Шоир елкасини қисиб, бошқаларга қарайди. Улар ҳам Шоирга ола қараб қўйишади. Зокиров уни енгидан тортиб, жойига ўтқазади. Таклифлар айта бошланади.

Лутфия: — “Экспресс-тайм-ньюс-латофат”. (Муассис бош чайқайди).

Санобар опа: — “Экспресс-тайм-ньюс-кеп-қолинг”. (Муассис яна бош чайқайди).

Турғунов: — “Экспресс-тайм-ньюс-музлаган-қалбнинг-эриши”!

Муассис:(афтини буриштириб) Холодильник не пойдёт!

Фахриев: — “Экспресс-тайм-ньюс-сканвордлар-додаси”… (Муассис қадамини тўхтатмай, бош чайқайди).

Жўрақулов: — Бугун масъулиятни тарғиб-ташвиқ қилишимиз керак. Шуни ҳисобга олиб, “Экспресс-тайм-ньюс-масъулиятни-унутма-ҳаргиз”, деб қўйсак, қалай бўларкан?.. Поэтически (Муассис қўли билан “йўқ” ишорасини қилади).

Эмин Лапасович ҳам нимадир айтмоқчи бўлади, аммо Муассис жойида тўхтаб, кўрсаткич бармоғини кўтаради-да, таклифини айтади.

Муассис:(баланд овозда) Энг зўр номни ўзим топдим: “Экспресс-тайм-ньюс-МАМОНТ”!

Ходимлар йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмай қоладилар. Шоир бошини хам қилиб, ўзини кулгидан тўхтата олмайди. Зокиров уни турта бошлайди. Лутфия оғзини рўмолча билан ёпиб олган. Фахриев Муассисга қараганча бақрайиб қолган. Шоирнинг ҳануз елкалари силкиниб овозсиз кулади. Муассис эса Эмин Лапасович ва Жўрақулов ўтирган столга яқинлашиб, уларга тикилиб туради. Жўрақулов нима қиларини билмай, столнинг тортмаларини очиб титкилай бошлайди.

Эмин Лапасович:(тутилиб) “Экс… экспресс-тайм-ньюс-МАМОНТ”?!. Мамонтнинг нима алоқаси бор, домла?

Муассис:(яна юра бошлайди) Мамонт — каттакон дегани-да! Улкан, энг зўр газета! Громадный, понимаете?.. Демак, келишилди. Агар ким бу таклифга қарши чиқса (ҳаммага бир-бир қараб олади), ишдан бўшатаман (шундай деб эшик томон юради. Эмин Лапасович билан Жўрақулов ҳам тура солиб, унинг ортидан эргашадилар. Муассис шошганидан шкаф эшигини очиб, ичига қадам ташлайди. Эмин Лапасович уни ушлаб қолиб, чиқиш эшигини кўрсатади. Кейин учовлон чиқиб кетадилар).

Зокиров: (ҳамон бошини қуйи солиб кулаётган Шоирнинг елкасига бир уради) Бўлди қилсангиз-чи!

Шоир:(ҳамон кулимсираб) Ўзи шундоқ ҳам европача ном билан газетани одамларга ўқитолмай ётибмиз-у, “мамонт” дейди! Қанақа тушунмайдиган одам-а, бу муассис? Ҳув бир гал ҳам Америкагами, Англиягами бориб-келиб, ҳошша-калом “бир кунда икки юз варақлик иккита сонини чиқарамиз, у ерда шунақа қилишаркан”, дегани эсларингдами? Капалакларимиз учиб кетувди. Ҳартугул ошналари бу фикридан қайтарганди ўшанда.

Фахриев: — Энди нима қиламиз? Ёмғирдан қутулиб, дўлга!

Зокиров: — Эмин Лапасович ўзи гаплашади, кўрасизлар.

Шоир:(мириқиб кулиб) “Экспресс-тайм-ньюс-мамонт”! Хо-хо-хо!..

Турғунов: — Баракат топкурлар, ишни қачон бошлаймиз? Навбатчиликда мен нимани ўқийман?..

Саҳна қоронғилашади.

* * *

Саҳна ёруғлашиб, фақат Турғуновни кўрамиз. У ўзининг иш столида газета саҳифаларини ўқиб ўтирибди.

Полювгич кўтарган Хадича хола яқинлашади. Полювгичга латта ўраб, полни юва бошлайди. Хадича хола Турғуновнинг столига яқинлашганида унга олайиб қарайди.

Хадича хола: — Тувакда ўтирган болага ўхшамай тур ўрнингдан, тагингни тозалаб олай. Менинг вақтим йўқ. Ҳали сут-қатиғимни сотишим керак.

Турғунов: (қоғоздан кўз узмай) Қўйсангиз-чи, Хачча хола! Шу навбатчилигимда чалғитмай туринг! Боринг-боринг, халақит берманг.

Хадича хола:(жаҳл билан полювгични Турғуновнинг боши узра кўтаради) Тур, дедим. Ҳозир мана шу билан бир тушираман, калланг қоқ иккига бўлинади.

Турғунов:(ўрнидан туради) Хўп-хўп… Дарров қўполлашасиз-а!

Хадича хола:(полни юва бошлайди) Сенинг навбатчилигинг деб кутиб ўтираманми? (Турғуновга қараб олиб) Менга қовоқ-тумшуқ қилма! Жўрнолист бўлсанг, ўзингга!

Турғунов чиқиб кетади. Саҳнага бир ўспирин йигит кириб, ийманибгина салом беради. Хадича хола унга бир қараб қўяди-да, ишини қилаверади.

Йигитча: (йиғламсираб) Кечирасиз, сиз севги бўлимида ишламайсизми мабодо?

Хадича хола:(унга олайиб қараб) Ҳа, намунча эрталабдан обидийдангни оқизасан? Отанг урдими, нима бало?

Йигит:(уҳ тортиб) Илтимос, менга ёрдам беринг. Бир қизга хат ёзишим керак.

Хадича хола:(тўнғиллаб) Мен секритарка эмас, фаррошман. Ўзинг ёзсанг бўлмайдими¸ қўлинг синганми? Момонг тенги одамга иш буюрасан?! Тирмизак!

Йигитча:(муомаладан ранжиб) Билмайсизми, севги бўлимидагилар қачон келишаркан?

Хадича хола: — Ўв, бола, қулоғинг том битган, шекилли-а? Мен фаррошман, булар қачон келишини айтадиган фолбин эмасман. Обидийдангни оқизма-ей, полни расво қиласан!

Йигитча кўз ёшини артиб, бир чеккадаги курсига ўтиради. Хадича хола ишини тугатиб, чиқиб кетади. Эшик тирқишидан пойлаб турган Турғунов хўмрайганча қайтиб келиб, иш столига ўтиради.

Йигитча: — Кечирасиз, амаки, сиз севги бўлимида ишламайсизми?

Турғунов:(бош чайқаб) Ука, бизда севги деган бўлим йўқ.

Йигитча: — Нега?.. Ахир ҳар сонда берасизлар-ку, севишганларнинг хатини.

Турғунов: — У бошқа бўлим: “Турмуш зинапояларида”. Санобар опа дегани бошқаради. Озроқ кутсангиз, келиб қолади.

Зарифа кириб, қўлидаги қоғозларни Турғуновга кўрсатади. Бирин-кетин Шоир, Фахриев, Зокировлар кириб келишади. Турғунов билан сўрашадилар. Зарифа чиқиб кетади. Санобар опа ва Лутфия ҳам кириб келишади. Саломлашиб, ўз жойларини эгаллайдилар.

Шоир:(Турғуновга тиржайиб) Қалай энди, Турғунов? Ўрганиб қолдингизми навбатчиликка?

Турғунов унга хўмрайиб, ҳеч нима демайди.

Шоир: — Намунча?! Ҳадемай имзо чексангиз, ўтади-кетади-да! Фақат таъзияномага эҳтиёт бўлинг!

Турғунов:(бошини кўтариб) Ярамни тирнаманг, хўпми?

Фахриев:(ёйилиб кулиб) Нега ярангиз тирналади? Таъзияномадаги одам қариндошингизми ё?

Турғунов: — Айнан шу бугунга келиб, Раънонинг боласи касал бўлиб қолибди. Бунинг устига Жўрақулов қайсидир тадбирга кетган. Зарифага, сиз ҳам ўқинг, десам, менинг саҳифам эмас, дейди без бўлиб. Ҳамма бало менинг гарданимда! Негадир Ялғашева момонинг қассоб ўғли ҳақидаги гапи қулоқларим остидан кетмаяпти. Ўлмай ўлгир, бошқа ходимнинг навбатчилигигача ўлмай турса бўларди.

Шоир мириқиб кулади. Фақат Зокировгина Турғуновга ачиниб қарайди. Ҳамма ўз иши билан андармон бўлади. Бир чеккада ўтирган йигитча эса кимга мурожаат қилишни билолмай, индамай ўтираверади. Хадича хола бўш пақир кўтариб киради-да, эшик ёнидаги шкафни очиб, пақирни ўша ерга қўяди. Кейин йигитчанинг ёнидан ўтиб кетаётиб шартта тўхтайди.

Хадича хола:(йигитчага) Ия, нега аммамнинг эчкисига ўхшаб индамай турибсан? Ҳамма келиб бўлди. Оғзингни очиб ўтираверасанми? (Санобар опани кўрсатиб) Мана бу Санобарга учраш! (Хадича хола минғирлаб йўлида давом этади). Бугунги болалар намунча лаллаймаса! Кетига бир тепсанг-да, калишинг билан!..

Йигитча:(Санобар опанинг олдига боради). Ассалому алайкум, хола. Мен бир қизни севиб қолдим.

Санобар опа: — Нима қилай шунга? Суюнчи берайми?

Шоир:(эшитиб қолиб) О, укам, севиш, бу – жуда яхши! (Турғуновга ўгирилиб) Навбатчилик эмас, севги-муҳаббат тирнасин ярангизни!

Санобар опа:(Шоирга норози қараб) Намунча кўп гапирмасангиз?

Турғунов:(минғирлаб) Эрталабдан буён оғзи тинмайди. Ҳали ўзининг навбатчилиги келсин, кўрамиз.

Шоир:(виқор билан) Севги ҳақида қанча кўп гапирса, шунча оз!

Йигитча Санобар опага нималардир деб гапира бошлайди. Санобар опа яхши эшитмай, унга томон энгашади. Шоир эса шифтга тикилиб, ўйланиб қолади.

Саҳнага Зарифа кириб келади. Қўлидаги қоғозларни Турғуновга кўрсатади. Турғунов қоғозларни нақ тумшуғи тагига келтириб ўқийди. Айниқса, битта саҳифага ўрнидан туриб, яхшилаб тикилади. Ручкаси билан битта-битталаб белгилаб қарайди. Фахриев билан Зокиров уни имлаб, бир-бирларига нимадир деб куладилар. Зарифа чиқиб кетгач, Турғунов чуқур хўрсинади.

Турғунов:(Чап кўксини ушлаб) Худди бир бало бўладигандай… Ўлай агар, бир бало бўлади.

Шоир:(нигоҳини шифтдан олиб) Оббо! Юракдан ҳам берган экан-ку! (Тиржайиб) Бир бошга – бир ўлим-да!

Санобар опа:(йигитчага) Ука, уялмайсизми? Шу гапни шу ерга олиб келиб ўтирибсизми? Туринг-ей! Боринг.

Лутфия:(ишдан бош кўтариб) Нима гап, опа? Сизга гап отяптими ё?

Санобар опа: — Э, “бир бир қизни севаман”, деб пиқ-пиқ йиғлаяпти. “Ана шу йиғлашимни бутун Ўзбекистон билсин”, дейди. Яна нима эмиш: “агар менга тегса, бутун умр оёқларини ўпиб ўтаман, деб ёзинг” эмиш!.. “Озодбек Назарбеков, “оёғингни қучиб йиғлайман”, дейди-ку, мен ҳам севгимни шундай баён этсам нима қилибди”, эмиш! Аёл бўла туриб, менинг ориятим қўзиб кетди-я! Боя Хачча хола тўғри айтган экан, қанақа бола булар, севги-севги деб ҳамма нарсадан ҳам кечворади.

Йигитча ўрнидан туради. Гандираклаб шкафнинг эшигини очади-да, кириб кетади. У ердан пақирнинг танғир-тунғири эшитилиб, қайтиб чиқади-да, тезда эшикдан чиқиб кетади.

Шоир:(Турғунов, Фахриев ва Зокировга) Туринглар жойларингдан. Ҳали узоққа кетиб қолмагандир, ғурурсизлиги учун шу болани хумордан чиққунча бир урамиз.

Фахриев: — Ия, Шоир, ўзингизни босинг.

Шоир:(ифодали ўқиб) Ахир, севги эмасдир ғуруринг сотмоқ.

Зокиров:(бош ирғаб) Тўппа-тўғри!

Хонанда Озодбек Назарбековнинг “Оёғингни қучиб йиғлагим келди” қўшиғи садоси остида саҳна қоронғилашади…

* * *

Саҳна ёришиб, ходимларни тинчгина ишлаб ўтирган ҳолда кўрамиз. Фақат Зокировнинг жойи бўш. Турғунов бошқача кийинган – чиройли костюм-шимда, бўйнида галстук. Сочлари силлиқ таралган. У хотиржам кўринса-да, газеталар тахлами қуйилган стол чеккасидаги телефонга хавотир билан қараб-қараб қўяди.

Фахриев:(ишдан бошини кўтариб, Турғуновга қарайди) Э, қойил! Навбатчиликдан қутулганим – мен учун байрам, денг! Би-и-ир шашлик олиб, ювмайсизми?

Турғунов: — Фақат навбатчиликдан қутулганим майли, ҳалиги некрологдан ҳам қутулдим. (Яна телефон томонга ҳадик билан қараб қўяди).

Фахриев:(олдидаги қоғозларга нималарнидир ёзиб) Шу сканвордлар ҳам жонга тегди. Гоҳ катаклар тўғри келмайди, гоҳ ҳарфларни сиғдиролмайман. (Шоирга қарайди) Шоир, тўртта ҳарфдан иборат сўз айтиб юборинг, охири “у” бўлсин. “Буғу” дедим, тўғри келмади, “уйқу”ям тўғри келмади. “Туйғу” десам, бешта ҳарф!

Шоир талмовсираб ўтиради. Фахриевнинг гапига парвоям қилмайди.

Фахриев: — Эшитмаяпти, шекилли? Шоир, сизга гапиряпман?!!

Шоир:(ўзига келиб) Восилни сўраяпсизми? Бошқармадан материал қилиб келаман, деганди-ку!

Фахриев: — Э, қанақа Восил? Тўртта ҳарфдан иборат сўз айтинг, дедим. Охири “у” бўлсин.

Шоир: — Нега?

Фахриев:(олдидаги қоғозларга ишора қилиб) Сканвордга сўз тополмаяпман, дедим-ку!

Шоир:(Хиёл ўйланиб) Инжу!

Фахриев: — О, яшанг! (Ёза бошлайди) Ин-жу!.. Нима дегани бу? Анови Жўрақулов шайтонлаб сўраб қолса, жавоб тополмай қолмай тағин.

Шоир: — Нима?

Фахриев: — Оббо? Инжу нима дегани, деб сўраяпман?

Шоир: — Дур, марварид, дегани!

Фахриев: — О, яна бир марта яшанг, Шоир!

Шу пайт телефон жиринглаб, ҳаммадан аввал Шоир ўрнидан туради-да, бориб гўшакни олади. Турғунов қўлларини қовуштириб, елкасини қисган кўйи унга илинж билан қараб туради.

Шоир: — Алё, нима? (Гўшакни қулоғига маҳкам босади). Эшитилмаяпти, қаттиқроқ гапиринг… А?.. Навбатчини?.. Нима қиласиз?..

Турғунов қалтирай бошлайди. Оғзини каппа-каппа очади, чуқур-чуқур нафас олади. Қўлини столга қўйиб ўтиргани боис стол ҳам қимирлайверади.

Шоир:(гўшакка) Бақирманг, нега бақирасиз?!. Ҳозир чақираман. (Шундай деб, Турғуновга қарайди). Ушланг гўшакни, навбатчи ким эди, деб сўрашяпти…

Турғунов:(зўрға ўрнидан туради) Ким… ким? Ки-и-и-и-и-м?

Шоир: — Билмаса-а-а-а-а-а-м!.. Овози паст келяпти, ўзингиз қаранг! (Шундай деб жойига ўтиради).

Турғунов гандираклаб ўрнидан туради. Қўллари қалтираб гўшакни олади, қулоғига тутади

Турғунов: — Ал… ал… ал… А? Эшитилмаяпти… Ҳа, мен, мен… мен эдим. Нима?.. Қанақа расм? Тирик одам?.. Ал… ал… Кимни ўлдирасиз?.. Ал… ал…

Турғуновнинг қўлидан гўшак тушиб кетади. Ўзи гандираклаб жойида уч марта айланади. Бошқалар қўрқиб, қараб турадилар. Лутфия ўрнидан туриб кетиб, Санобар опанинг пинжига тиқилади. Фахриев ручкасининг учини чайнай бошлайди. Шоир худди ҳимоялангандек икки қўлини мушт қилган ҳолда туради. Турғунов гандираклаб бориб, диванга етмай, қулаб тушади.

Лутфия:(додлаб юборади) Вой-дод! Турғунов ўлди!..

Қий-чув бўлиб кетади. Фахриев қўрқа-писа Турғуновга аввал қўлини теккизиб кўради, кейин эса уни судраб, диванга ётқизади. Шоир нима қиларини билмай, сакраб-сакраб қўяди. Эшик томонга тез-тез қарайди. Санобар опа Турғуновнинг юзига сув сепиш билан овора, Лутфия эса газета ўрами билан уни елпий бошлайди. Саҳнага югуриб чиққан Зарифа ҳам Турғуновни бу аҳволда кўриб, қўрқиб кетади. Қўрқа-писа диванга яқинлашади. Вағир-вуғур овозлар!

Зарифа: — Вой, бу кишининг ётишини!

СаноБар:(Шоирга) Нега гўшакни Турғуновга бердингиз?

Бирдан сукут чўкиб, ҳамма Шоирга қарайди. Шундай жимлик ҳукм сурадики, пашшанинг ғўнғиллаган овози эшитилади. Шоир нигоҳларга чидай олмай, талмовсираб қолади. Бир Турғуновга, бир бошқаларга қарайди.

Шоир:(тутилиб) Нав… Навбатчини сўради, бердим-да! Бердим! Бердим!..

Санобар опа ва Лутфия жонсиз ётган Турғуновга қараб-қараб, йиғлай бошлайдилар.

Фахриев:(Шоирни сўроққа тутади) Сиз ўзингизни босинг, Шоир. Саволларимга шошилмай жавоб беринг, айтинг-чи, ким эди қўнғироқ қилган? А?.. Фақат ҳаяжонламманг. Овоз тони қанақа эди?

Санобар опа ва Лутфия йиғидан тўхтаб, Шоирга қарайдилар.

Шоир:(юз-кўзини артиб) Мен овозининг тонини қаердан биламан! Гўшакни кўтарганимда дўқ урди, навбатчини чақириб бер, деди, чақирдим. Бор гап шу!

Санобар опа:(Шоирга яқинроқ келиб, унга тикилиб қарайди) Унда нега қалтираяпсиз? Кўз қорачиқларингиз уйимдаги счўтчикка ўхшаб намунча ғириллаб айланмаса?!

Шоир:(йиғлагудек бўлиб) Ие, опа, тинч қўясизми? (Кейин ҳаммага бир-бири қараб олади). Бақрайманглар менга (ўнг қўлининг иккинчи ва учинчи бармоқларини кўрсатиб), кўзларингга қўлимни тиқиб оламан!.. Умуман… нега менга ёпишиб олдиларинг?

Фахриев:(Шоирга раҳми келиб) Биродарлар, каминанинг англашича, Шоир айбдор эмас! Навбатчини чақир деса, мен ҳам, бошқалар ҳам чақириб берардик, тўғрими? Турғуновниям пешонасига ёзилган экан, начора! Шоир причўм?! Турғуновнинг қисматига газетанинг шу сонига навбатчи бўлиш, шундай хато кетиши ва ўлиши ёзилган экан, вассалом! Холиқ Хурсандов ёзганидай, “ўлдинг-ўчдинг”!

Зарифа: — Гап ўртамизда қолсин-у, агар Раъно ишга чиққанида Ҳикматилла ака ўлмаслиги аниқ эди.. Мен “Тез ёрдам”ни чақираман (шундай деб тезда саҳнадан чиқиб кетади).

Лутфия:ўз ёшларини артиб) Балки ўлмагандир? Аниқлаш керак. Экспертизага телефон қилайлик… Менимча, Турғунов ўлмаган. Эркаклардан бирортаси юрагига қулоғини тутиб кўрсин! Ахир ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ, кўмиб юборавермаймиз-ку!.. Шоир, бўлинг, Турғуновнинг кўксига қулоғингизни қўйиб кўринг…

Шоир:(алам билан) Нега мен қулоғимни қўйишим керак? Мана, Фахриев текшириб кўрсин.

Фахриев:(аччиқланиб) Ия, тавба!

Лутфия:(Шоирга) Ҳаммасига сиз айбдорсиз. Турғуновга телефон гўшагини сиз бердингиз. Ҳаммамиз кўрдик, ҳаммамиз гувоҳмиз бунга! Суддаям шундай деймиз.

Шоир:(жиғибийрон бўлиб) Судда?!. Ҳой, инсон, навбатчини сўрашди, гўшакни бердим. Ўрнимда бошқа одам бўлганида ҳам шундай қиларди.

Лутфия:(бош чайқайди) Йўқ, бундай қилмасди. Шахсан мен Турғуновнинг экстренний ҳолатини, хавотирланганини, қўрқаётганини, насмерт ўлишини била туриб, уни телефонга чақирмаган бўлардим.

Шоир:(бақириб юборади) Бўлмаса энангни чақирармидинг?!

Лутфия:(кўзларини катта-катта очиб) Вой, шоир бўлмай кет, сен нега мени сенсирайсан, нега онамни қўшасан? (У Шоирга яқинлашиб, ёқасига ёпишади. Яна қий-чув бўлиб кетади. Фахриев билан Санобар опа Лутфияни зўрға ажратадилар. Зарифа қайтиб кириб, бир чеккада уларни тиржайиб томоша қилиб туради).

Шоир:(виқор билан) Ялмоғизлар ҳужум айлаганда ҳам, ўзимни албат ҳимоя қилгум!

Санобар опа:(қичқириб) Бас қилинглар! Турғуновга ҳурмат шуми?

Лутфия тинчийди. Кейин Турғуновнинг атрофини ўраб олишади. Зарифа ҳам жиддий тортиб, улар сафига қўшилади. Бир, икки… беш… ўн сониялик сукут…

Фахриев: — Қараб тураверамизми? Иш ҳам қолиб кетди. Мен сканвордларни текшириб чиқаман, дегандим.

Санобар опа: — Намунча иш-иш деб сиқилмасангиз! “Тез ёрдам”дан келишлари керак. Балки газетани битта сон чиқармай, дам олармиз.

Шоир:(Турғуновга термилиб) Турғунов яхши одам эди… (Ифодали ўқий бошлайди) Қофиялар кела бошлаяпти. Алвидо, эй, дўст, алвидо, видо, ридо, нидо, радио!

Фахриев: — Аммо биз бу масалани шунчаки ташлаб қўймаслигимиз керак. Навбатчиликка ким мажбурлаган бўлса, ўшани жавобгар қилишимиз керак.

Шоир:(қийқириб юборади) Тўппа-тўғри! (Ифодали ўқиб) Бор экансиз-у биродар, қаёқда эдингиз шу пайтга қадар? Битта топиб гапирасиз-да, кейин мени кулдирасиз-да! Гапларингиздан ўзим ўлай, келинг, пешонангиздан битта ўпай.

Фахриев: — Ким мажбурлаганди ўзи навбатчиликка?

Ҳеч ким лом-мим демайди. Яна сукут чўкади.

Шоир: — Нега индамайсизлар, бир одам ўлиб кетаверади-ю оғзимизга сув олиб тураверамизми? (Овозини пастлатиб). Бу ўринбосар Жўрақулов ҳаммамизни битта-битта ўлдиради, мана, кўрасизлар! Яхшиси, Турғуновнинг ўлимида Жўрақуловни айблаб, бош муҳаррир номига таъзиянома топширамиз, э, тфу, билдиришнома топширамиз.

Фахриев:(эшик томонга қараб қўйиб) Бу фикрингиз яхши, аммо ўша билдиришномага ким биринчи бўлиб имзо қўяди? Ўзингизми? Кейин Жўрақулов сизни қовуриб ейди!

Шоир:(талмовсираб) Нега энди мен? Нима бўлса, Шоир, Шоир экан-да!

Фахриев: — Ахир ташаббус сиздан чиқяпти-ку! Бизни бало ўқига дучор қилиб, ўзингиз ортимизда турмоқчимисиз?

Санобар опа: — Умуман айтганда, Шоирнинг гапида жон бор. Билдиришнома ёзиш керак. Бироқ Фахриевнинг ҳам гапи тўғри, биринчи бўлиб имзо чекишга ҳеч ким журъат этолмайди. Бу борада менда бир таклиф бор!

Тўртовлон:(бараварига) Х-ў-ш?

Санобар опа: — Энг яхши йўли — қуръа ташлаш! Анна шунда ҳеч ким бир-биридан ранжимайди.

Шоир: — О, яшанг, опагинам, яшанг. Гапларингиз баҳор ҳавосидек мусаффо, юракларда лиммо-лим сабо!

Лутфия:(Шоирнинг гапини кесиб) — Шу пайт шеър ўқишга бало борми? Қуръа ташласак, ташлай қолайлик.

Зарифа: — Аммо мен қўшилмайман. Фақат қараб тураман, корректорман-ку!

Ғала-ғовур бўлади.

Санобар опа: — Бир рақамини ҳеч кимга ёзмаймиз!

Фахриев: — Тўғри! Юз рақами бир бўла қолсин.

Шоир: — Ҳа, юздан бошлаймиз.

Зарифа: — Қандай? Юз, икки юз, уч юзми?

Санобар опа: — Йўғ-ей! Юз, бир юз бир, бир юз икки…

Фахриев: — Ишга келмаганлар, отпускадагилар-чи, улар қутулиб қолаверадими?

Санобар опа: — Келганидан кейин қуръа ташлаймиз.

Лутфия: — Тўппа-тўғри, балки юз рақами ўшаларга тушар?!

Зарифа: — Тезлаштиринглар.

Шоир: — Шошманглар, мен ҳаяжонланиб кетяпман.

Лутфия: — Вақтни ўтказмайлик, дедик-ку!

Санобар опа: — Шоир, сиз иккита олдингиз, биттасини қўйинг жойига. Ёки Фахриевга беринг.

Фахриев: — Йўқ, мен ўзим оламан. Шоирники бехосият.

Санобар опа: — Оббо, бўпти, олаверинг.

Фахриев: — Мана, олдим, яхши кунларга буюрсин, демайсизми?

Шоир: — Э, едингиз-да, индамай олавермайсизми?

Лутфия: — Вой, жоним! Мен мана бунисини оламан.

Санобар опа: — Оббо, тезроқ бўлинглар…

Саҳнага тиржайиб Зокиров чиқиб келади. У дастлаб ҳамма ходимлар ғуж бўлиб турганига кўзи тушиб ҳайрон бўлади. Турғуновнинг ётгани Зокировга кўринмайди. У вағир-вуғур овозларни эшитиб, ўша томонга талпинади.

Зокиров: — Ассалому алайкум, ҳорманглар!

Лутфия: — Салом… Келинг-келинг!

Зокиржв:(ҳамон кулиб) Ҳа, яна Хитой молларими? Ўтган сафар хотиним қўшниларга пуллаб, анча фойда қилди… Савдогар опамиз кўринмаяпти?..

Фахриев: — Э, қанақа савдогар опа? Турғунов ўлган экан, шунга…

Зокиров:(қўрқиб кетади) Нима?!. Турғунов ўлдими? Ростдан ҳам ўлдими?

Ғала-ғовур тиниб, энди аввал Турғуновга, кейин Зокировга жиддий эътибор берадилар.

Зокиров: — Нега индамайсизлар? Турғунов нега ўлади?

Лутфия:(йиғлаб юбориб, Турғунов ётган диванни кўрсатади) Ҳа, ўлди, мана, қаранг. Бир аҳмоқ телефон қилувди, ўлиб қолди. Энди на ўша одам келяпти, на “тез ёрдам”!

Зокиров ҳамкасбларини у ёққа-бу ёққа суриб, юзтубан ётган Турғуновга тикилади. Кўзларига ёш қуйилиб келади.

Зокиров:(бақириб) Нега ўлади, нега?

Фахриев: — Намунча додлайсиз?! Шунчалик ғамхўрмисиз, билмаган эканман.

Лутфия:(бидирлаб) Ҳаммаси Шоирни деб бўлди! Турғуновга телефон гўшагини бериб ўтирибди-да!..

Зокиров Фахриевнинг орқасига яширинмоқчи бўлаётган Шоирга ғазаб билан тикилади. Нимадир демоқчи бўлади.

Шоир:(орқага тисарилиб) Буям мени балогардон қилмоқчи!

Зокиров:(Шоирни кўрсаткич бармоғи билан кўрсатиб) Мана шу, мана шу (шундай деб Турғуновнинг ёнига йиқилади).

Аёллар:(чувиллаб юборадилар) Вой-дод, Зокиров ҳам ўлди!..

Фахриев Зокировни диваннинг бу томонига ётқизиб қўяди. Санобар опа тиззасига шапатилаб-шапатилаб йиғлайди. Лутфия ўзини елпий бошлайди. Зарифа қалтираб қолган. Фахриев гоҳ диваннинг у ёғига, гоҳ бу ёғига ўтади. Шоир қўрқиб кетиб, бир чеккада туради.

Лутфия:(Зарифага) Мен чидай олмайман. Зарифа, хонангизга ўтайлик.

Санобар опа: — Мен ҳам… Бир кунда иккита ўлик! Бу қандай гап-а?

Зарифа, Лутфия ва Санобар опа чиқиб кетадилар.

Саҳнага дўхтир бир ёрдамчиси билан кириб келади. Улар ҳайрон бўлиб, диванда чўзилиб ётган Турғунов ва Зокировга қарашади.

Дўхтир:(Турғуновни кўрсатиб) Хўш, нима қилди бунга?

Фахриев: — Кимдир телефон қилиб, алламбало деган эди, тап этиб ҳушидан кетиб қолди.

Дўхтир: — (бош қашлаб) Қизи-и-қ (Зокировни кўрсатиб) Буниси-чи?

Фахриев: — Буми? Мановини ётганини кўриб, буям йиқилди.

Дўхтир ёрдамчиси: — Тавба!.. (дўхтирга) Нима қиламиз? Ҳозир морг ёпиқ. Дядя Стёпа калитни йўқотган.

Дўхтир:(Турғунов ва Зокировдан кўз узмай) Шифохонага олиб кетамиз. Аввал яхшилаб текшириб кўрайлик-чи! (Фахриевга) Бу ишхонада қўл-оёқни ювадиган хона борми?

Фахриев: — Бор, бор, юринглар (шундай деб ўзи шкаф ёнида туриб, уларга чиқиш эшигини кўрсатади). Мен катталарга ҳам хабар қилай.

Дўхтир, ёрдамчиси ва Фахриев саҳнадан чиқиб кетишади. Улар чиқиб кетган заҳоти Шоир Зокировнинг устига энгашиб, унинг қулоғига шивирлай бошлайди.

Шоир: — Восилжон, биродар, шу гап шу ерда қолади-я? (Эшик томонга қараб қўяди) Ҳеч ким билмасин, илтимос. Ўзи шундоқ ҳам ходимлар мени айблашяпти. Бунақа бўлишини қаёқдан билай? Галварс Турғунов ҳазилни кўтаради, деб ўйлабман-да! Шуйчалик ҳам қўрқоқ бўладими?! Гўшакни бошқа киши олсаям ўхшамасди-да! Сиз ҳам жуда оширвордингиз. Дўқ урмай, секинроқ гапириш керак эди. Қалтираб турганини нафасидан сезмадингизми?!. (Яна эшик тарафга қараб қўйди) Тўғри, бу фикр мендан чиқди, аммо Турғунов ўзини ташлаб юборишини қаердан билай? Бир ҳазиллашайлик, дебман-да, мен девона!.. Илтимос, Восилжон, мени сотиб қўйманг. Ҳой, эшитяпсизми? Агар Турғунов ўлмай, ўзига келса, бир амаллаб кўндирамиз… Ҳали иккалангизгаямм гўзал шеърлар битгум. Жамоа билмаса бас, энди чиқмасин сас…

Дўхтир саҳнага қайтиб чиқиб, Шоирга ажабланиб қарайди.

Дўхтир:(Шоирга) Тушунмадим, сиз буларга алла айтяпсизми?

Шоир:(шошиб қолиб) Йўқ, ўзим… Ҳалиги искуствинний дихания!.. Парво қилманг… Бир илҳом келиб қолди-да!.. Шеър ўқиб бермоқдаман, ўзимдан ўтганини билмоқдаман.

Дўхтир:(Турғунов ва Зокировнинг томир уришини текшириб) Ҳа, ҳа, ижод, денг.

Шоир: — Ўзи нима бўлибди, дўхтиржон, юрагим така-пука, хавотирда жон.

Дўхтир: — Фобия.

Шоир: — Чатоқ-ку!.. Аттанг!.. Газетада ишлаб, ҳаммамиз амфибия бўлиб кетдик ўзиям.

Фахриев кириб, анграйиб туради.

Дўхтир:(ёрдамчисига) Замбил қани?

Дўхтир ёрдамчиси:(шивирлаб) Облздравдан сўрашувди, ҳалиги катта хўжайинникига беш мошин ғишт келган экан…

Дўхтир: — Бўлди-бўлди, тушунарли… (Турғуновнинг икки қўлидан ушлаб) Қани кўтардик, раз, два, взёли! (Шоир ва Фахриевга Зокировни кўрсатиб) Сизлар бунисини кўтаринглар.

Фахриев Турғуновни оёғидан, Шоир эса уни қўлларидан ушлаб кўтариб олишади. Дўхтир ёрдамчиси Зокировни кўтарган кўйи шкафнинг эшигини оёғи билан очмоқчи бўлади.

Фахриев:(ҳансираб) Йўқ, мана бунисидан чиқинг, униси шкаф!.. Вой-бўй, оёғи намунча оғир бўлмаса! Тағин пайпоғиям ювилмаган. Бирам сассиқ!.. Эҳ, оёқлар!..

Чиқиб кетадилар

Яна хонанда Озодбек Назарбековнинг қўшиғи янграйди:

“Оёғингни қучиб йиғлагим келди-и-и-и…”

Саҳнага Эмин Лапасович ва Жўрақулов чиқишади. Кўринишлари хомуш.

Жўрақулов: — Сўрадим, Эмин Лапасович. Кучли депрессия экан. Қаттиқ қўрқувдан, дейишди. Номини ёзиб олган эдим… Охири “…фия”миди, “мия”миди, столнинг устида қолиб кетибди. “Инфузория туфелка” дегандай бўлишди. Қанча вақт ётишлари ҳали аниқ эмас экан… Тавба, учаласи худди суннат қилинган ёш боладай ётибди.

Эммин Лапасович: — Иккаласи-ку, ишхонада ҳушидан кетибди. Шоир-чи, Шоир нега ҳушидан кетибди? Шунчалик ҳамдард эканми уларга?

Жўрақулов: — Э, унинг дарди бошқа! Палатага кирган ҳамшира Шоирнинг бир пайтлар севиб қолган қизи экан. Биринчи муҳаббати бўлса керак. Ҳалиги нима эди, “Кеча оқшом ётганда-а-а-а-а, ой бўзариб ётганда, хира юлдуз милтираб…” Шоирнинг ана шу ҳамширага кўзи тушибди-ю, шартта дўхтирнинг устига ўзини ташлаворибди. Энди дўхтирга бир бало бўлмаса гўрга эди!

Эмин Лапасович: — Бир кунда шунча ғавғо, шунча ташвиш! Бирданига уч кишининг йўқлиги билинади. (Ўйланиб) Мен тушунолмаяпман. Ким телефон қилган бўлиши мумкин? Турғунов, “ал, ал, ал” деганмиш.

Жўрақулов: — “Ал” деган бўлса, Алла Пугачёвадир-да!

Эмин Лапасович: — Йўқ, “ал, ал…”

Жўрақулов: — Алишер Файз бўлса керак? Мабодо сканвордга нотўғри берилган бўлса…

Эмин Лапасович: — Луғатни кўриб чиқишимиз керак. “Ал”, “ал”…

Жўрақулов: — Агар Ал-Капоне, десак, у ўлиб кетган.

Эмин Лапасович: — Ким эди у?

Жўрақулов: — Э, битта гангстер!.. Аль-Пачино деганиям бор. Жаҳон киноюлдузи. Балки газетимизга ишқи тушиб, ўша телефон қилгандир-у, Турғунов эса тушунмай ҳушидан кетиб қолгандир?

Саҳнадан чиқиб кета бошлайдилар.

Жўрақулов: — Ал, ал, ал… Балки араб шайхларидан бирортасидир, Эмин Лапасович? Ажаб эмас, нефть компанияси счўтимизга миллионлаб доллар ўтказса!

Эмин Лапасович: — Оббо!.. Арабистон чегараларини бузиб ўтиб кетасиз ҳам бунақада…

Иккинчи парда

Иккинчи кўриниш

Шифохона палатаси. Уч киши учта каравотда бошигача чойшаб билан ўралган ҳолда ётибди. Оғир, хазин мусиқа янграйди.

Бирданига ўртадаги каравотда ётган одамнинг чойшаби очилади-да, Турғунов бошини кўтаради. У ҳайрон бўлиб, аввал шифтга тикилади, кейин икки ёнига қараб, баттар ажабланади. Пичирлаб нималардир дейди. Ўзининг билакларини, лунжини чимчилаб кўради. Ташқарига қулоқ тутади. “Шип-шип” қадам товушларини, йўтал, аксиришларни эшитиб, ҳайрон бўлади. Кейин яна икки ёнига ўгирилиб, секин каравотдан тушади. Ўнг томондаги каравотда ётган одамнинг чойшабини секин очиб мўралайди. Кўзларини катта-катта очиб, ўша каравотдаги Зокировга қарайди.

Турғунов: — Ия, Восилжон-ку?! Нима бўлди экан? (Чап томондаги каравотга нигоҳ ташлаб) Буниси ким? (Секин ўша томонга қадам ташлайди, аммо жойида тўхтайди) Жўрақулов бўлса-я! (Қўл силтаб) Э, Жўрақуловни жин ҳам урмайди.

Зокиров:(уйқусираб) Ўша, ҳаммасини ўша қилган, ўша!

Турғунов жойида тўхтайди. Секин ортига ўгирилади. Кейин қўрқа-писа Зокировга яқинлашади.

Турғунов: — Восилжон, туринг, қорин очқаб кетди. Ўзи нега бу ерда ётибмиз? Анови ким?

Зокиров кутилмаганда бақириб уйғониб кетади. Турғунов ҳам додлаганча ортига тисарилиб қочади-да, иккинчи каравотда ётган одамга урилади.

Зокиров:(қаддини ростлаб) Сиз?.. Мени кечиринг, илтимос, кечиринг.

Турғунов:(қўлини кўксига қўйиб) Ассалому алайкум… Йўқ, айб менда. Ширингина ухлаб ётгандингиз, сизни қўрқитиб юбордим.

Зокиров: — Йўқ, мен сизни қўрқитдим. Сизга бир гапни айтишим керак.

Саҳнага бош врач билан ҳамшира чиқиб келишади. Бош ҳакимнинг авзойи бузуқ. Ҳамшира кўринишидан беҳаловат.

Бош врач: — Тинчлик борми, сизларнинг дастингиздан? Нега бақирасизлар? Қанақа одамсизлар-а?

Турғунов:(анграйиб) Биз нима қилдик? Ўзи ҳозиргина уйғонган бўлсак?

Бош врач: — Сизлар беҳуш бўлганда ҳам бақирасизлар, ҳушларингга келганда ҳам бақирасизлар! Овозларинг операция хонасигача етиб боряпти. Ана, бир дўхтиримиз қўрқиб кетиб, скалпелни беморнинг думбасига тиқиб олди.

Турғунов: — Йўғ-ей, шахсан мен ҳушимдан кетган пайтда гапирмайман.

Бош врач:(жиғибийрон бўлиб) Биз алдамаймиз, билдингизми, Гиппократ қасамини ичганмиз. Кимўзарга бақир-чақир қилдиларинг. (Учинчи каравотда ётган беморни кўрсатиб) Айниқса, манови одам бутун бошли достонларни додлаб айтди.

Турғунов:қувониб кетади) Ие, ие, демак, бу одам ўзимизнинг Шоир экан-да!.. Кўряпсизми, биз нақадар аҳилмиз – ҳушдан кетсак, ҳаммамиз бараварига ҳушдан кетамиз!

Бош арач: — Э, бор-ей! шундай деб ҳамшира билан чиққиб кетади. ҲҲамшира кета-кетгунча учинчи каравотдан кўз узмайди).

Турғунов:(кулимсираб) Ўлай агар, тушунмаяпман. (Учинчи каравотга яқин келиб, чойшабни очади). Ҳа, Шоир, худди ўзи!.. Мен-ку, майли, сиз билан Шоир нега ётибсизлар бу ерда?

Зокиров:(каравотдан оёғини осилтириб) Мен сизга ҳаммасини бир бошдан айтиб бераман. Хуллас, ўша куни…

Турғунов: — Қайси куни?

Зокиров: — Билмасам! Ҳушимиздан кетган кунни айтяпман! Хуллас, телефон қилган…

Шоир:(уйқусираб бақиради) Моҳим, оҳим, недир гуноҳим…

Турғунов: — Вей, бу ростдан ҳам бақиряпти. Ҳозир анови нервинний дўхтир келиб, яна минғирлайди.

Зокиров: — Қўяверинг! Мени эшитинг. Айтмасам, кўнглим тинчимайди. Хуллас, мени кўндиришга…

Шоир:(бақиради) Моҳим, оҳим, қатқалоғим.

Турғунов:(бетоқат бўлиб) Нега бўғизланган қўйдай бўкиради бу? Ахир, операция бўляпти, дейишди!

Зокиров: — Ҳикматилла ака, эшитасизми-йўқми? Бировни ранжитиш ҳеч гап эмас экан. Кейин сиқилиб юрасан, одам. Аҳволим…

Турғунов: — Восилжон, яхшиси, Шоирнинг оғзига латта-путта тиқиб қўяйлик. Кейин хумордан чиққунча гапираверасиз… Бўлинг. Мен оёғидан ушлаб тураман, (сочиқ узатади) сиз қўлини маҳкам босиб, оғзига манови сочиқни тиқасиз!

Зокиров: — Йўқ, аввал мени эшитинг, ўша куни…

Шоир:(яна бақиради) Моҳим, оҳим, ўзингиз мисоли кулоҳим…

Турғунов: — Бўлинг, дедим-ку!.. (Шоирга яқинлашиб) Тавба, кулоҳим нима дегани экан?

Зокиров ноилож каравотдан тушиб, Шоирга бош томондан яқинлашади. Турғунов ўзини Шоирнинг оёқлари устига ташлайди ва Зокировга имо қилади. Зокиров Шоирнинг қўлларига ёпишади, аммо сочиқ тушиб кетади.

Шу пайт ҳамшира кириб келади ва анграйган кўйи уларнинг ҳаракатини кузатиб туради. Шоир нимадир демоқчи бўлиб овоз чақирганида Зокиров унинг оғзини ёпиб олади.

Ҳамшира:(бақириб) Вой-дод! Бўғишяпти! Бўғизлашяпти! Одам ўлдиришяпти!

Турғунов:(елкаси оша ҳамширага қараб) Йўқ, синглим, ўлдирмоқчи эмасмиз.

Саҳнага яна бош врач ва иккита дўхтир кириб келишади. Бош врачнинг қовоғи солинган, иккала дўхтир Турғунов билан Зокировга анграйиб қарайди. Турғунов ва Зокиров қадларини ростлайдилар.

Бош врач: — Яна нима тўполон?

Ҳамшира: — Булар анув кишини ўлдирмоқчи бўлишди!

Зокиров:(Шоирни кўрсатиб) Бу одамни ўлдирсаям кам!

Ҳамшира: — Ана-ана!.. Мен муҳаббатимни ўлдиришларига қараб туролмайман (ҳамшира шундай деб юбориб, хижолатомуз ерга қарайди).

Турғунов:(аввал Зокировга, кейин бош врачга қарайди) Йўғ-ей, нега ўлдирарканмиз? Восилжон ҳазиллашяпти.

Бош врач:(ёнидаги биринчи дўхтирга) Сиз милисахонага қўнғироқ қилинг. Буларни олиб кетишсин.

Зокиров: — Милиция келгунича мен (Турғуновни кўрсатиб) бу одамга бир гапни айтиб олай.

Шоир:(ётган жойида иккала қўлини юқорига кўтариб) Моҳим, воҳ-воҳим, оҳ, жоним…

Ҳамшира уялган каби оёғи билан ер чиза бошлайди.

Бош ҳаким:(Шоирга қараб) Қанақа одам-а?

Иккинчи дўхтир: — Лунатик бўлса керак.

Зокиров: — Ҳикматилла ака, майли, буларнинг олдида бўлсаям айтаман. Шундай қилиб…

Шу пайт Шоир бирданига бошини кўтаради. Ҳаммага бир-бир қарайди. Кўзларини ишқалайди. Ҳамшира Шоирга қараб тиржаяди, Шоир эса Зокировга қараб тиржаяди.

Биринчи дўхтир:(бош врачга) Батальонни ҳам чақирайми?

Шоир:(тезда каравотдан тушиб, аввал Турғуновни, кейин Зокировни қучоқлаб олади) Нақадар яхши инсонсизлар, Турғунов, Восилжон!

Зокиров Шоирнинг қучоғидан чиқмоқчи бўлади. Шоир уни сира қўйиб юбормайди.

Бош врач: —  Бу одам сизни ўлдирмоқчи бўлибди, ўлдирсаям кам, дебди.

Шоир: — Жуда тўғри айтибди. Мени давно ўлдириш керак эди. Бу менинг туғишган укам, дўхтир бова! (Турғуновни кўрсатиб) Буниси эса амакимнинг ўғли!

Бош врач ва икки дўхтир қўл силтаб чиқиб кетишади. Ҳамшира ҳам бироз қараб туриб, у ҳам кетади.

Турғунов:(Шоирга кўз қисиб) Бу ҳамшира тушмагур билан қачон таниша қолдингиз? Жа сизнинг тарафингизни оляпти.

Шоир: — Муҳаббат, муҳаббат, ёндиради муҳаббат…

Зокиров: — Муҳаббатни қўйинг, ҳақиқатдан гапиринг. Мен барибир айтаман!

Шоир: — Нимани айтасиз?

Зокиров: — Ўша куни телефон…

Шоир: — Ҳой-ҳой, укам, дедим-а! Хоҳласангиз, майли, акам ҳам, дейман.

Зокиров: — Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин…

Турғунов:(диққат бўлиб) Қанақа ҳақиқат? Мени ишдан бўшатишгандир-да, а, очиғини айтаверинглар!

Зокиров: — Ҳақиқат шуки…

Шоир: — (гапни илиб кетади) Турғунов, балки нос чеккингиз келаётгандир?

Турғунов:(ён-верини титкилаб) Айтгандай, носим қани? Халта-палтаси билан йўқ.

Зокиров: —  Носни нима қиласиз? Сиз катта сирдан бехабарсиз! Эшитинг-да!

Турғунов:(каравот тагини, ёстиқ остини кўра бошлайди) Ҳозир носимни топай, кейин эшитаман.

Саҳнага қўлидаги қоғозхалта билан Фахриев чиқиб келади.

Фахриев: — Ассалому алайкум! (Самимий кулиб) Жамоат жам, битта Фахриев кам-ку!

Фахриев билан қучоқлашиб кўришадилар. Шоир бир зум ҳам Зокировнинг ёнидан жилмайди. Икки кўзи – Зокировда!

Фахриев: — Э, қойил сизларга! Ишдан қочишнинг зўр баҳонасини топибсизлар! Келишишга келишибсизлар, менга айтсаларинг ҳам бўларди. Кўзимни чирт юмиб йиқилиб ётаверардим мен ҳам. (Юқорига, ён-атрофга қараб) Мазза – мазза, сизларга мазза! Оёқни узатиб ётибсизлар! Лекин-чи, сценарийни қотирдиларинг. Бирваракайига уч киши-я! Армияда Миша дегани бўларди…

Шоир: — Армиядан эмас, ишхонадан гапиринг.

Фахриев: — Жўрақулов қонимни симириб бўлди. Жўрақулов эмас, Асабни Едиқулов экан! Менга мақола ёзасан, дейди. Умримда ёзмаган бўлсам! Ўзи сканвордни зўрға эплайман-у мақолани қандай ёзаман, дедим. Тушунмайди. Тепамда туриб олган. Айтгандай, Мирғанини чақириб олишди.

Шоир:(қўлларини бир-бирига ишқаб) О-ҳо, Мирғани келдими? Ана энди шахмат ўйнаб, хуморимдан чиқадиган бўлдим. Сен гўзалсан, эй шахмат, қора-оқинг қават-қават.

Зокиров:(жиддий равишда) Жаноблар, мен бир айбимга иқрор бўлишим керак. Ичимда қолиб кетса, ўзимни бир умрга кечирмайман.

Фахриев:(ҳайрон) Қанақа айб?

Шоир:(шоша-пиша) Восилжон уколдан қўрқишини айтяпти. Вей, мен ҳам қўрқаман.

Фахриев:(қоғозхалтадаги егуликларни тумба устига олиб қўя бошлайди) Э, уколни қўйинг. Қоринни ўйласангиз-чи! Ҳалиги “Ўтган кунлар”да Ҳомиднинг жўралари айтади-ку, тўрт кунлик дунё – кайфу сафо, деб, хо-хо-хо! Қани, олинглар-чи! Мен ўзим ҳам тузукрок еганим йўқ. Жўрақулов нима кавшасам, кўзини бақрайтириб ўтиради.

Зокиров:(Турғуновга) Ҳикматилла ака, ҳақиқатни эшитмайсизми?

Шоир: — Қўйсангиз-чи, яна бошлаяпсизми?

Зокиров: — Турғунов барибир ҳақиқатни билиши керак.

Турғунов:(нон чайнай бошлайди) Ана шу-да, сизлар. Ниманидир яширяпсизлар. Тўғрисини айтаверинглар, мени ишдан бўшатишдими-а?

Фахриев:(ҳайрон бўлиб) Нега бўшатишади? Ишхонада одам етмай ётибди-ю шундоқ ҳам.

Турғунов: (ғурурланиб) Демак, менинг ўрним барибир билинар экан-да!

Фахриев: — Унчалик эмас.

Шоир: — Нега билинмасин? Албатта, билинади. (Зокировга қарайди) Юринг, Турғуновга нос топиб келайлик.

Зокиров:(бош чайқайди) Ўзингиз бора қолинг.

Шоир: — Йўқ, сиздан бир қадам ҳам ажралмайман.

Турғунов:(секин Фахриевни бир чеккага тортади) Буларга нима бўлган? Бири гапираман деса, иккинчиси гапни илиб кетади. Ўзи Шоирга бир гап бўлган. Бирам меҳрибон-ей! Зокиров билан туғишган ака-ука чиқиб қолди. Мен эса амакиваччаси эканман. Буёғини сўрасангиз, аллақачон ҳамширанинг юрагидан урибди пақиллатиб. “Ёндиради муҳаббат”, дейди. Ҳамшира қурмағур ҳам бирам ялтоқланади. Ер чизавериб, полни тешиб юборди… Бу Шоиримиз жа-а хотинбоз экан, билмай юраверибмиз.

Фахриев:(Шоирга қараб олади) Хотинига етказайми?

Турғунов: — Хотинига етказиш қочмайди. Мен типирчилаб қолганига ҳайрон бўляпман-да!

Фахриев: — Айтгандай, ўша куни сизга ким телефон қилди? Эмин Лапасовичга “Ал, ал”, деб қулаб тушди, дедим. Ким эди ўша эшак?

Шоир:(орқа томондан келиб Турғуновнинг елкасига қоқади) Юринг, бирорта чолдан нос олиб бераман.

Турғунов: — Ўзингиз бора қолинг, илтимос. Жуда савоб иш қилган бўлардингиз. Мен, тўғриси, анови глав врачдан қўрқяпман. Қалтироқ тутиб бақиради. Ёки, мана, Фахриев билан бора қолинг.

Шоир:(сал энгашиб, Турғуновнинг қулоғига шивирлайди) Фахриевни эмас, Зокировни кўндириб беринг. Шу одамни бир айлантириб келмасам, калласи айниб қопти.

Фахриев:(баралла) Буёғини сўрасаларинг, Эмин Лапасовичнинг ўзиям мақола ёзиб ётибди. Материал йўқ-да! Биласизларми, нима учун сизларнинг олдингизга келдим?

Шоир:(ифодали тарзда) Соғинч етаклагай палата томон!

Фахриев: — Қанақа соғинч? Мени навбатчиликка тиқишмоқчи эди, Жўрақуловнинг кўзини шамғалат қилиб қочдим. Столнинг устига қоғоз қолдирдим, “учала ҳамкасбимизнинг мазаси қочиб қолибди”, деб. Бекатгача лўкиллаб чопибман, Жўрақулов орқамдан қувлаётгандек туюлди-да! Ўттиз еттинчи автобусни кутиб турганимда бир танишимни кўриб қолдим. Шу десангиз, кимлигини, исмини эслолмайман-да! У бечора бола-чақам ҳам, қозон-товоғим ҳам қолмай мендан сўраб ётибди. Гапни айлантириб туравердим. Роса лақиллади. Тўртта ўттиз етти келиб-кетди. Ниҳоят калламдаги хотира дафтаримни титкилаб-титкилаб эсладим: Ғулом! Ҳа-ҳа, Ғулом! Институтда биздан икки курс қуйида ўқирди. Ҳайронман, ўшанда бунча кўп гапирмасди. Ўзи институт бўйича талабалар кўп гапирмаган бизда. Фақат домлалар гапиришган. Курсимизда етмиш тўрт киши бўлса, Ғулом…

Шоир: — Сиз ҳам ўша Ғуломдан қолишмайсиз.

Фахриев: — Хуллас, бешинчи бўлиб келган ўттиз еттинчи автобусга чиқдим.

Турғунов: — (кулиб) Ўша автобуснинг ғилдиракларигача айтиб беринг.

Фахриев: — Сиз пичинг қилманг. Биз, журналистлар ҳар бир икир-чикирни ҳисобга олишимиз керак. Қолаверса, тинглай билиш ҳам фазилат, деган экан машойихлардан бири. Мактабда ўқиганимизда кимё фанидан кирадиган ўқитувчимиз бўларди. У кишининг ўғли…

Зокиров: — Ишхона шундай қийин аҳволда экан, боришимиз керак.

Шоир: — Тўппа-тўғри. Ётаверамизми, бу ерда ялпайиб?

Турғунов: — Нима қипти! Шу баҳонада дам оламиз.

Шоир: — Буям тўғри. Пишириб қўйибдими ишхонада? Бир қадримизни билдирайлик.

Зокиров: — Ишхона – пирхона, дейдилар. Оғир кунларда асқотмасак, қачон ёлчиймиз?

Турғунов: — Қўйсангиз-чи, китобий сўзларни! Шахсан менинг бу ишдан юрагим безиллаб қолган. Кўрдингиз-ку, нималар бўлганини! Бир кишининг таъзияси деб учаламизнинг маъракамизни ўтказишларига сал қопти. Газета, газета! Битта сонини чиқарасан, кейин иккинчи сони келиб туради. Яна материал йиғ, топшир! Кейин учинчиси! Хато кетмасин, деб юрагингни ҳовучлаб турасан. Битта хато чиқса, ўнта газетхон телефон қилади. “Ўл, саводсизлар”, дейди. Ҳаловат йўқ. Тушларингга кириб чиқади.

Фахриев: — Навбатчиликни айтмайсизми! Ҳижжалаб, ҳарфма-ҳарф ўқиш керак. Ручкани шундай маҳкам ушлаб ўқийманки, қўлим акашак бўлиб қолади. Бир қўшнимиз бор. Бойвачча! Шу устимдан кулади, газетчи, деб. Ўзи бир пулга қиммат. Украиналик Тарас деган хизматдошим бор эди. Ҳар сафар гимнастёркасини…

Зокиров: — Шундай дейсизлар-у, менинг ҳамма чарчоғим газетамизнинг янги сонини қўлимга олганимдаёқ чиқиб кетади. Бошқача таассуротлар чўлғаб олади.

Шоир: — Ҳа, буям бор. Энг катта лаззат, қониқиш шу бўлса керак.

Турғунов ўйланиб қолади.

Фахриев: — Сизларга фақат пафос, кўтаринки гаплар бўлса! Осмонга учиб кетмай бундоқ ерга тушинглар. Реал кўз билан қараганда, энг қийин иш кимники – бизники! Масалан, мен сканворд тузаётиб, битта ҳарф устида бир кун бош қотиришимга тўғри келади. Газетхон эса ўша саҳифани шунчаки варақлаб ўтказиб юбориши мумкин. Алам қилади-да!

Шоир: — Сиз ўқувчига ёқадиган саҳифа қилинг, янгиликларга қўл уринг. Бир хил нарса ҳамманинг жонига тегади-да! Фақат сиз эмас, ҳаммамиз шундай қилишимиз керак. Газетхон қанча роҳатланса, биз ҳам шуни идрок этамиз.

Турғунов: — Шунақа дейсиз-у, ўша газетхоннинг роҳатланиши қийин-да! Мана, уч киши ҳушидан кетиб ҳам ўша газетхонингиз роҳатланганми-йўқми, қаёқдан биласиз?!

Зокиров:(Шоирга қараб қўяди) Аммо бизнинг ҳушимиздан кетганимизга газетхон айбдор эмас-ку!

Турғунов: — Ким айбдор бўлмаса? Мен ҳалигача ўшанда менга ким қўнғироқ қилганини билолмаяпман. Ишхонага келгандир, деб ўйлагандим. Шунақанги ўдағайладики…

Шоир:(шартта гапга қўшилиб) Қўйинглар, шу ерда ишдан гаплашмайлик.

Фахриев: — Шу ерда гаплашмасак, бошқа қаерда гаплашамиз?

Шоир: — Ишхонага борганда гаплашамиз.

Турғунов: — Мен… мен ишхонада ишдан нолиб гапиришга, тўғриси… уялсам керак.

Фахриев:(кулиб юборади) Нега уяласиз, кимдан уяласиз? Лутфия билан Санобар опаданми? Балки Хачча холадандир?

Турғунов: — Йўқ, ишхонанинг ўзидан уяламан.

Фахриев:(мириқиб кулиб) Сизга бир гап бўлдими?! (Зокировга қараб) Ишхонадан уялармиш!

Зокиров:(Турғуновга) Ҳозиргина ишдан нолидингиз-ку! Ёки бу ерда уялмайсизми?

Турғунов: — Энди-и-и, бир дарди ҳол қилдим-да! Ишидан нолимайдиган одам бўлмаса керак бу дунёда.

Шоир: — Ҳа, нолишга нолиймиз-у, аслида бизни иш боқади. Газетачилик эса алоҳида таҳсинга сазовор иш. Исм-фамилиянг чиққанини кўришнинг ўзи завқ бағишлайди.

Турғунов:(Зокировга) Нима десам экан, бояги гапларимдан уялмасам ҳам, худди ишимга нисбатан хиёнат қилаётгандек сездим ўзимни.

Фахриев: — Тўхтанглар-тўхтанглар. Жа ғалати гапларни гапиряпсизлар! Мен ҳам ишни яхши кўришим учун бу ерга келиб ётиб олишим керак экан-да!

Шоир: — Э, сиз бу ерда бир умр ётсангиз ҳам ўзгармайсиз.

Фахриев:(хўмрайиб) Нега ўзгармас эканман? Мен ҳам газетамизни яхши кўраман. Хизмат сафарларига чиққанимда айнан газетада ишлаганим учун мени ҳурмат-иззат билан кутиб олишади. Дўстларим ҳам худди шундай. Улардан бир поғона баланд туришимни яққол ҳис қиламан. Гердайиб юришим шундан-да! Бошқа одамлар ҳам ҳурмат қилади.

Зокиров: — Қўрқади, демоқчимисиз?

Фахриев: — Нега қўрқар экан? Нима дейин, қўрқади эмас, ҳурмат қилади. Айби борлар эса қўрқади.

Шоир: — Бойвачча қўшним масхара қилади, дедингиз-ку!

Фахриев: — Ўрни келганда айтдим-да! Ўшанда у маст эди. Эртаси куни ўзига келиб, мендан роса кечирим сўраган. Қўрқди-да! Кейин мени қўярда-қўймай зиёфатга олиб борди. Уйланмаган отнинг гўштидан қилинган қази-қарта, қип-қизил пишлоқ, яна бодом, ёнғоқ мағзи дейсизми, банан, кокосми, ҳаммасидан бор. Ҳалигидан ҳам бор, хоҳласам, оқи, хоҳласам, қизили! Мен бўш келмай, гердайиб ўтиравердим.

Шоир: — Ўзи томоғингиз тақиллаб тургандир аслида. Лекин-чи, боплабсиз!

Фахриев: — Шундан буён қўли кўксида. (Пихиллаб кулиб) Мен эса бор-йўғи сканворд тузаман. Зато домимиз тоза-ораста, дайди-пайдилар келмайди. Жекдагилар ҳам билиб муомала қилади.

Турғунов: — Машҳур бўлиб кетганман, денг!

Фахриев: — Газетада ишлаймиз-да! Ўзи олдиндан иззат-обрў олишни яхши кўраман. Ҳарбий хизмат давримда…

Шоир: — Оббо, бу яна ўтлаб кетди. Ишга муҳаббат ҳақида гапираётгандик.

Турғунов: — Ишга муҳаббат деймиз-у, шу Жўрақуловлар ҳам ишни севармикан?

Шоир: — Албатта, севади. Фақат унинг муҳаббати бошқача, яъни дўқ-пўписали муҳаббат. Нима бўлгандаям ҳаммамиз ишимизни севар эканмиз.

Зокиров: (ўрнидан туриб кетади) Уҳ, газетамизни соғиниб кетдим. (Фахриевга) Менга қаранг, бу ерга келганимизга қанча бўлди ўзи?

Фахриев: — Минг йил! Минг йил!!! Буни ишхонада қолиб ишлаган одам билади. Э, мановилардан олсаларинг-чи! Ўн уч минг саккиз юз сўмим кетди… Хотиндан яширган пулим.

Учинчи парда

Биринчи кўриниш

Санобар опа билан Лутфия ишлаб ўтиришибди. Саҳнага Эмин Лапасович ва Жўрақулов чиқиб келишади.

Эмин Лапасович: — Элмуродов масаласини жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Биттаси қўнғироқ қилиб, бошимни қотириб, миямнинг қатиғини чиқарворди. “Манқуртнинг қуртлаши” мақоласидаги манқурт менман”, дейди уялмай. Ярим соат шуни исботламоқчи бўлди. “Судга бераман”, дейди. Мен, “сиз манқурт эмассиз”, дейман, у эса, “йўқ, мен манқуртман”, дейди.

Жўрақулов: — Э, ҳозир одамлар пул учун каламуш бўлишгаям рози.

Эмин Лапасович: — Буёғини эшитинг. “Агар ростдан ҳам манқурт бўлсангиз, справка олиб келинг”, дедим. Ўчди-қолди.

Жўрàқулов: — Ўзи Элмуродов ҳаддидан ошди. Футбол ҳақидаги хато бўйича гаплашдим. “Зафаробод” билан “Сафаробод” ўйини бешу ноль тарзида берилган. Ваҳоланки, “Сафаробод” ютган. Натижа бешу етти бўлган.

Эмин Лапасович: — Биламан, хўш?

Жўрақулов: — Анқов Элмуродов ярим кечасигача фақат биринчи таймни кўриб, уйқуси келибди-да, телефон орқали ишхонага ўша натижани айтиб, шартта ухлабди. Газетимизда “Зафаробод” ютган деб ёзилган. Битта футбол мухлиси қўнғироқ қилгач, газетани қарасам, иш равсо! Шартта Элмуродовга сим қоқдим. Ухлаб ётган экан, хотини уйғотди. Шундай-шундай дедим. “Сафаробод” ютиши мумкин эмас”, дейди аблаҳ! “Қандай қилиб иккинчи таймда еттита гол уради, ахир писта чақиб ўйнашаётганди-ку” эмиш! Гапини қаранг! Яна нима дейди, денг: “Сиз мабодо янглишиб “Манчестер”нинг ўйинини айтмаяпсизми?” дейди. Ёнимда бўлганида-ку, қулоқ-чаккасига солардим. Энди газетада изоҳ беришимизга тўғри келади. Айбимизни бўйнимизга олмаймиз, албатта. Одатдагидек, “техник хато”, деб ёзамиз-да! “Биринчи тайм ёзилган эди, умумий ҳисоб фалон-писмадон бўлган”, деймиз… Хема Капур бўйича ҳам суриштирув олиб бордим, Эмин Лапасович. Буйруқ матнини котибага бердим. Кўриб, маъқул бўлса, имзо чекарсиз. Битта-иккитасига қатъий чора кўришимиз керак. Рамзиддин деган компьютерчи бола бор, ўша қилган экан ҳаммасини. Тушунтириш хатини мен айтганимдан… э, мен ўйлаганимдан ҳам зиёда қилиб ёзиб берди. “Мунис” сўзини “минус” деб ёзган ҳам ўша экан. Хайрият “плюс” деб ёзмабсан”, дедим.

Саҳнага котиба чиқиб келади

Котиба: — Эмин Лапасович, бу ердаэкансиз. Бир киши келган, ёзувчимам, деяпти.

Котиба сўзини тугатар-тугатмас, ўрта ёшлардаги бир эркак чиқиб келади. Эиин Лапасович билан қўшқўллаб сўрашади. Жўрақулов билан котиба бу ерни тарк этишади.

Ёзувчи: — Мен ёзувчи Шоёқуб Норёқуб бўламан. Мен газетангизнинг ҳар бир сонини ўқиб бораман. Менинг ҳар бир асарим шедевр. Гап шундаки, мен насрда модерн усулида ишлайман. Бу деганим — доим янгилик  қиламан. Ахир, насрда ҳам кимдир модерн қилиши керак-ку! Айниқса, шу кунларда бунга ниҳоятда эътибор қаратиб келяпман. Янгилик қилмоқчиман. Модерн дегани илҳом париларини роса қитиқлар экан ўзиям. Масалан, сиз мендан “аҳволларингиз қалай?” деб сўранг… Сўранг… Бўлинг.

Эмин Лапасович: — Аҳволларингиз қалай?

Ёзувчи: — Яхша-яхша.

ЭмШн Лапасович: — Нима?!

Ёзувчи: — “Яхша” деганим — “яхши”, деганим. Насрдаги модерн ана шу!

Санобар опа билан Лутфия пиқ-пиқ кула бошлайдилар.

Эмин Лапасович: — Нега энди (таъкидлаб) “ЯХША”?

Ёзувчи: — Янгилик қилмоқчиман, деяпман-ку!.. Шеъриятда қанча-қанча янгиликлар бўлиб ётибди, масалан, Икром Отамурод “кангул’ деб ёзади, билсангиз керак? “Кўнгил” — “кангул” бўлганда, “яхши” — “яхша” бўлса, нима қилибди, а, нима дедингиз?

Эмин Лапасович:(энсаси қотиб) Ҳамма асарларингиз шунақа ёзилганми?

Ёзувчи: — Ҳа-да, масалан, “нарса” — “нурса”, “копток” — “киптак”, “ручка” — “рачка”, “осмон” — “асмаун”.

Эмин Лапасович: — Яхша-яхша, ҳозирча етади. Мабодо китобингиз чиқса, охирида бу сўзларнинг изоҳини ҳам берасиз-да-а? Демак, изоҳларнинг ўзига яна битта китоб керак бўлади.

Ёзувчи: — Изоҳларни берсамми, деб ҳам ўйладим. Бу гапингиздан кейин хулосам бўйича беришим керак экан… Хў-ў-ш, китобимни қачон чиқарасизлар?

Эмин Лапасович: — Қанақа китоб? Биз китоб эмас, газета чиқарамиз.

Ёзувчи:(ҳайрон бўлиб қарайди) Китоб ҳам чиқарсангиз ҳам бўлмайдими?

Эмин Лапасович: — Йўқ, газетани зўрға чиқариб ётибмиз-ку!

Ёзувчи: — Чакка-чакка бўлди. Дарвоқе, газетангиз номи ғалати, уни “модерн” қилиб берсам бўларкан, нима дедингиз?

Эмин Лапасович: — Йўқ, шундоқ ҳам модерн ном, қолаверса, бу ишни муассис эплайди. Хуш келибдилар (шундай деб ёзувчини эшиккача кузатиб, ўзи ҳам чиқиб кетади).

Фахриев келади. Қўлида қоғоз.

Фахриев:(жиғибийрон бўлиб) Компьютерчи бўлмай кет! Сканворд нималигини тушунмайди.

Санобар опа: — Э, улар одаммас!

Фахриев: — Битта катак устида ануви Саша билан бир соат тортишдим. “Зачем ешо адин катак?” дейди. Қанақа тушунмайдиган бола бу?! Фақат Мирғанига қулоқ солади ҳаммаси.

Саҳнада Мирғани пайдо бўлади.

Мирғани:(Фахриевга) Ҳа, ака, мени гапиряпсизми?

Фахриев: — Сашангизни айтаман-да! Мен терлаб-пишиб кетдим, у эса тушунмайди.

Эмин Лапасович кўзойнак таққан жиккаккина йигит билан саҳнага чиқиб келади.

Эмин Лапасович: — Алибек Синдорович юборди, денг? Мақолани беринг-чи!

Йигит:(костюмининг ички чўнтагидан қоғоз олиб узатади) Марҳамат.

Эмин Лапасович:(бешта саҳифадан иборат мақолани ағдариб кўриб, афти буришиб кетади) Жуда ғалати-ку! Сарлавҳа намунча узун?! Майли, қисқартирамиз.

Йигит:(бош чайқаб) Йўқ, қисқартирманг, маъноси бузилиб кетади.

Эмин Лапасович:(Мақоланинг охирги саҳифасини очиб) Иккита фамилия? Алибек Синдорович билан сиз бўлсангиз керак-да муаллиф?! Илмий раҳбарингиз, шекилли? Маъқул. Биз унча тушунавермаймиз, мақола нима ҳақида ўзи?

Йигит: — Функционал геометрик фигураларнинг кўпбурчакли трапецияси юзаси пропорцияси ва марказий симметрия нисбатининг параллелограммаси айлана ватари, диаметрнинг хоссалари ҳамда скаляр кўпайтмаси координаталари…

Эмин Лапасович:(бош ирғаб) Тушунарли-тушунарли.

Мирғани билан Фахриев бу йигитга анграйиб қарашади.

Йигит: — Гипотенуза ва тўғри бурчакли перпендикуляр учбурчак радиуси катетлари биссектрисаси консентрик айлана ҳамда пропорционал кесмалар…

Эмин Лапасович: — Бўлди, ука, жуда зўр (йигитга қўл узатади, кейин уни эшик томон судрайди). Алибек Синдоровичга менинг қизғин саломимни етказинг… Зўр мақола экан, роса ўқишли бўлади, дейишди, денг! Чиқарамиз, чиқарамиз!

Йигит: — Хўп… Квадрат бўлмаган ромб периметри ва тўғри тўртбурчак диагоналлари…

Эмин Лапасович: — Укажон, чиқарамиз, дедик-ку, яхши боринг (йигитни зўрға эшикдан чиқариб юборади).

Баҳайбат гавдаси билан Жўрақулов кириб келади.

Мирғани: — Эмин Лапасович, ҳамма Турғунов-мурғунов билан бўлиб қолди. Иш-чи? Бир сатр ҳам материал йўқ. Авваллари макетга қайси материални қўйишни билмасдим. Энди эса макет Гоби саҳросига ўхшаб ҳувиллаб ётибди. Ҳувиллаганидан сквозняк бўлиб кетди.

Фахриев:(шоша-пиша) Сканворд қўйинг, ҳозирнинг ўзида элликта тайёрлаб бераман.

Эмин Лапасович:(стулга чўкиб) Мирғани тўғри айтяпти. Биз ишни мутлақо ташлаб қўйдик. Хўш, кимнинг бисотида нима бўлса, тўкиб солсин.

Санобар опа: (талмовсираб) Тилла тақинчоқларимизни берамизми?

Жўрақулов:(жеркиб беради) Э, тақинчоғғингизни бошимизга урамизми? Газетага нима берасиз, шундан гапиринг. Бу учта азамат касалхонадан ҳали-бери ққайтадиганга ўўхшамайди. Фахриев бориб, уларни олиб келиш ўўрнига ққуп-ққуруқ  ққайтиб келди.

Фахриев: — Мен ўша ерда қолиб кетмаганимга шукр қилинг.

Жўрақулов: — Гап қайтарманг менга!

Лутфия: — Яхшиси, мен бораман. Мабодо Шоир ўлмаган бўлса, ўзим ўлдириб келаман… Ҳазиллашдим. Ўша томонда ишим бор эди. Холам қизини чиқаряпти. Ҳозир эсимга тушди. Шу баҳонада бирорта мақола ёзиб келаман. “Палахмон тошининг отилиши” ёки “Чиққан қизнинг қаттиқ чинқириғи” деган. Бундай материалларни аёллар роса ёпишиб ўқишади. Ўтган йили “Чимилдиқдаги қувишмачоқ” номли мақолам роса шов-шув бўлган эди. Унинг ғояси тоғамнинг қизини узатишаётганида ўнг мия шаримда туғилган.

Санобар опа: — Вой, мениям материалларим яхши. “Овсинимнинг кундоши” деган мақоламни қайнонам роса мақтаган. “Қайинсингил — заҳар-заққум сингил”, “Эр бўлсанг, пул топиб кел”, “Дубайга кетган турналар” материалларим роса ўқимишли!

Лутфия: — Ўқимишли эмас, ўқишли, денг. Мениям жуда кўп материалларим чиқди. “Иккинчи хотин — кобра илон” номли мақоламни хотинлар тугул илонлар ҳам ўқиган.

Мирғани: — Э, эски мақолаларни бошимизга урамизми? Бу сонга материал йўқ, деяпман. Кобра-мобра, дейсизлар, тавба!

Жўрақулов: — Аввало, биз бу ерга кекс-пекс ейишга келганимиз йўқ, э-э, жин урсин, Эргаш Каримовнинг миниатюрасига ўтиб кетибман, Лутфия билан Санобар опанинг ижодий кечасини ўтказгани келганимиз йўқ. Кобра илон бўладими, анакондами, товуқми, зудлик билан материал керак… Турғуновлар билан кейин алоҳида гаплашамиз. Мен уларга касалхонада ётишни кўрсатиб қўяман ҳали. Фахриев, сиз ўлик бўлса, ўлигини, тирик бўлса, тиригини олиб келишингиз керак эди уларнинг… Масъулият ҳис қилишмайди! Жа писмиқ-да! Тулкидек айёр, дизертир, шоқоллар, ондатралар! Олдин материалини бериб, кейин ҳушларидан кетишсаям майли эди… Эмин Лапасович, сизга материал бериб кетишди, шекилли? Ҳалиги жипириқ келди-ку, кўзойнак таққан, олим-полим бўлса керак. Кўпроқ ёзган, шекилли? Тўртинчи бетга урворамиз!

Эмин Лапасович: — Ҳа. Геометриянинг бир бало-бир балоси…

Мирғани: — Уч кишининг ўрни қанчалик билиняпти-я! Бунақада кучаниб туғиб ҳам материал етказолмаймиз.

Эмин Лапасович: — Ҳа, камайиб қолдик. Газетамизнинг бу сонини чиқаришимиз оғир бўлади. Улгуришимиз керак.

Фахриев:(қўлини кўтариб) Менда бир таклиф бор.

Эмин Лапасович: — Хўш?

Фахриев: — Би-и-и-р  тоғ сайрига чиқайлик. Кўп эмас, уч кунга!

Жўрақулов Фахриевни сўкмоқчи бўлади-ю, Эмин Лапасовичга қараб индамайди. Фахриев “нима қипти”, дегандек, елкасини қисганча, барчага бир-бирига қараб олади.

Эмин Лапасович:(Жўрақуловга) Ҳалиги Элмуродовнинг материали йўқми?

Жўрақулов: — Бор. “Манқуртнинг қуртлаши-2”.

Эмин Лапасович: — Оббо!

Жўрақулов:(Фахриевга) Сизда ҳалиги қаллоблар, муттаҳамлар, ўғри-каззоблар ҳақидаги материал бордир?

Фахриев: — Йўқ! Менда жиноий материаллар нима қилади?

Жўрақулов: — Унда нима бор?

Фахриев:(столи устидаги қоғозларни титкилаб) Марҳамат, венгерча бошқотирма, судоку, кўндаланг сканвордлар бор. Янгича сканворд бу! Равшан Намозовнинг қўшиғини эшитганмисиз: “Ўзим кўндоланг бўлай”, деб айтган. Ана шу қўшиқчи бир танишимнинг ҳамсояси бўлади. Аммо неча марта борсам ҳам сира кўзим тушмаган. Узоқдан ҳам кўра олмадим… Юринглар, ҳозир ҳаммамиз бориб кўриб келамиз!

Жўрақулов:(қўлини мушт қилиб) Бу Фахриев қандай одам-а? Ўзи анови учаласининг ўрнига мана шу ҳушидан кетиши керак эди. Касалхонага бориб ҳам муаммони ҳал қилиб келмади. Қайтага пойқадами ёқмай, келадиган ходимларимизни ҳам келмайдиган қилиб келган.

Фахриев:(эшик томонга қараб, ўнг қўлини баланд кўтаради) Эҳ-ҳе-ҳей, ана!.. Пойқадамим ёқмаган эмиш!

Турғунов югуриб чиқади.

Турғунов:(бақириб кулганча) Ассалому алайкум! (Эмин Лапасович ва Жўрақуловни кўриб, жойида тўхтайди).

Турғуновнинг орқасидан Шоир ҳам югура солиб чиқади. У ҳам тиржайган.

Шоир: — Мен ҳам келдим (қўлини қулоғига олиб бориб), жинг-жинг! Учиб келдим, шамолдек елдим! (Шоир ҳам афт-ангори ўзгариб, жойида қолади).

Зокиров ҳам саҳнага чиқади. Ҳеч кимга қарамай, ўйнаб кетади.

Зокиров: — Нега жимсизлар, ё бизнинг келганимиз ёқмадими? (Бирданига Эмин Лапасовичга кўзи тушиб, ярим рақс ҳолатида қотиб қолади).

Жимлик чўкади. Шоир билан Турғунов бошини хам қилиб туришади. Зокиров секин уларнинг ёнидан жой олади.

Мирғани:(чапак чалиб юборади) Яшасин! Ҳозирнинг ўзида учта мақола тайёр дегани бу! Шоир, шахмат… (Кейин у ҳам жим бўлиб қолади).

Эмин Лапасович бир-бир босиб, Турғунов, Шоир ва Зокировнинг олдига келади. Улар ғуж бўлиб, ҳануз бошларини хам қилиб турадилар. Кутилмаганда Эмин Лапасович уларни бараварига қучоқлаб олади. Санобар опа ва Лутфия йиғлаб юборишади. Турғунов билан Шоирнинг ҳам йиғиси эшитилади. Фахриев ҳам йиғлайди. Мирғани ҳаммага қараб ҳайрон. Жўрақулов елкалари силкиниб, чўнтагидан рўмолча чиқаради-да, кўзёшларини артади.

Саҳнага қоронғилик чўкади. Мусиқа янграйди: “Йиғлама-а-а, қиз, тўй сеники…”

* * *

Саҳна ёруғлашганда Турғуновни компьютер ўйнаб ўтирган ҳолда кўрамиз.

Хадича хола саҳнага чиқиб, уни кўради-да, ҳайрон бўлади.

Хадича хола: — Ия, туппа-тузук экансан-ку!

Турғунов:(компьютердан бош кўтариб) Ашшайому айайкум. Битта мен эмаш, Шойий билан Шокийиф ҳам туппа-тушук.

Хадича хола: — Улар ҳам ҳушидан кетганмиди? Сенларни от тепганми, нима бало?!

Турғунов:(яйраб кулади) Сунақа бўлша кейак. Менинг навбатчилигим қимматга тушди ҳаммага.

Хадича хола: — Э, сенларни балоям урмайди (қўл силтаб, ишга уннаб, кейин чиқиб кетади).

Зокиров билан Шоир саҳнага чиқиб келишади. Саломлашадилар. Турғунов уларни кўриб тиржаяди.

Турғунов:(носини тупуриб келиб) Барибир сизларнинг бир гапларинг бор. Ҳалиям эгизакларга ўхшаб ажрашмаяпсизлар!

Зокиров:(Шоирни кўрсатиб) Мана бу киши-да! Иложи бўлса, ҳожатхонагаям бирга борса!

Шоир:(Турғуновга) Яна вақтли келибсиз? Навбатчи бўлманг мабодо?

Зокиров:(Шоирга) Кайфиятни бузманг-да дарров!

Турғунов: — Майли, навбатчи бўлсам ҳам майли. Энди ўлик-тирикдан қўрқмайман. Ўзим бир ўлиб-тирилдим-ку!

Шоир: — Сизга қўшилиб, биз ҳам ўлиб-тирилдик. Кўрдингизми, сизни ёлғизлатиб қўймаймиз.

Саҳнага Санобар опа билан Лутфия чиқиб келишади. Саломлашиб, жойларига ўтиришади. Улардан сўнг эшик қаттиқ тақиллаб, саҳнага Паҳлавон чиқиб келади. Қўлида ғижимланган газета. У тўппа-тўғри Лутфиянинг тепасига боради. Лутфия қўрқиб кетади.

Паҳлавон: — Ўв, мени Паҳлавон дейишади. Мен кушхонада ишлайман (қўлидаги газетани кўрсатиб) Мана бу шармандаликни кўряпсизми? Нима ҳаққингиз бор? Сизнинг ишингизми бу?

Лутфия:(қўрққанидан Турғуновни кўрсатиб юборади) Йўқ, мана бу кишининг иши!

Паҳлавон:(Турғуновнинг устига бостириб боради) Ўв, одам, нега онамнинг расми ўрнига бошқа расмни чиқардинг? Саводинг борми сенинг?

Турғунов: (ўрнидан туриб, қалтираганича Лутфияга норози қарайди) Менинг ишим эмас, нон урсин!

Паҳлавон: — Баҳона қилма, хўпми? (Қўлини биқинидаги пичоқ қинига олиб боради) Ҳозир қовурғаларингни тополмай қоласан (Лутфияга ҳам норози қарайди).

Лутфия:(Турғуновга) Навбатчи сиз-ку, ахир!

Турғунов: — Мен янги сонга навбатчиман. Эскисидан хабарим йўқ, ака.

Шоир:(Паҳлавонга) Тўғри айтяпти. Сиз қизишманг. Биз онангиз билан гаплашдик, кечирим сўрадик. Бу сонга чиройли қилиб шеърий тузатиш берадиган бўлдик. Ўзим чиройли мувашшаҳ ёзаман. Шундай мисралар билан берамизки, пичоғингиз ўз-ўзидан ўйнаб кетади. (Курси суриб) Сиз мана бу ерга ўтиринг.

Паҳлавон: — Ўтирмайман, керак бўлса, сенларни ўтқизаман. Шарманда қилдиларинг. (Қўлидаги газетага имо қилади) Битта клиентга гўшт ўраб бераётиб қарасам, онамнинг фамилияси ёзилган. Расми эса Жўхи Шавла!

Зокиров: — Туҳмат қилманг, Жухи Чавла эмас, Айшвария Рай, денг

Паҳлавон: — Хато қилган қўлларингни чопиб ташлаш керак. Қайси калла билан расмни алмаштириб қўйгансизлар?! Қариндошлар кўриб қолишса, нима деган одам бўлдик?

Шоир:(тиржайиб) Қариндошларингиз кўрмайди, негаки газетимиз тиражимиз озгина.

Паҳлавон: — Ким қилди буни, топиб беринглар! Ўша саводсизни ўзим судраб, кушхонага олиб кетаман. Газит чиқармай кеткурлар! (Яна қўлини пичоқ солинган қинига олиб боради) Топинг беринглар, деяпман!

Фахриев:(Паҳлавонга тикилиб туриб, бақиради) Ия!.. Ия!.. Ҳой, Палка, ўзингмисан? (Яқинлаша бошлайди) Ҳа, худди ўзи!

Паҳлавон:(ҳовуридан тушиб, ҳайрон бўлади) Сен кимсан?.. Лақабимни қаердан биласан?

Фахриев: — Э, овсар Палка, танимадингми? Менга яхшилаб қара!

Паҳлавон:(Фахриевга яхшилаб разм солиб, бағрини очади) Ия, Пахрийип, сенми? Ия, ия! (Қучоқлашиб кўришади) Сен бу ерда нима қиляпсан? Ё сениям онангнинг расмини алмаштиришганми?

Фахриев: — Мен шу ерда ишлайман, Палка! Энди, қимир-қимир-да! Ишларинг яхшими? Қаерларда йўқолиб кетдинг? Институтни ташлаб кетувдинг, қассоблик қилаётган экансан-да! Эҳ, Палка, Палка-ей!..

Паҳлавон: — Шунақа бўлиб қолди. Айтгандай, сенинг лақабинг нима эди?

Фахриев: — Менинг лақабим ҳам, исм-фамилиям ҳам Фахриев.

Шоир: (Паҳлавонга тиржайиб) Эслаб кўринг, балки лақаби бўлгандир?

Паҳлавон: (Фахриевга Шоирни кўрсатиб) Шу одам жа кўп гапирарканда!

Фахриев: (қўл силтаб) Ҳа, энди Шоир-да бу! Бизнинг магнитафонимиз! (Паҳлавонни эшик томон судрайди) Юр, бу ёққа!

Паҳлавон: — Қаёққа? (Қўлидаги газетага имо қилиб) Мана буни ҳал қилиб олайин.

Фахриев: — Э, бу масала аллақачон ҳал бўлган, оғайни. Кейинги сонда чиқади. Сенга ўзим олиб бориб бераман… Биласанми, яқинда кимни кўрдим — Эгамберди билан Турдини!

Паҳлавон: — Нима?! Қачон кўрдинг?

Фахриев ва Паҳлавон чиқиб кета бошлашади. Паҳлавон тиржайиб шкафнинг эшигини очадида, ичига кириб кетади. Фахриев уни чиқариб олади.

Фахриев:(кулимсираб) Чиқ, бу ёққа, Палкажон! Қассобхонам, деб ўйладингми, мана-ку, эшик!

Паҳлавон: (шкафдан чиқиб) Ғалати ишхонада ишларкансан!

Шоир: — Ғалати эмас, кулгили, денг!

Паҳлавон Шоирга хўмрайиб қараб, Фахриев билан чиқиб кетади.

Турғунов: (оғир тин олиб, Лутфияга қарайди) Менда қасдингиз борлигини билмаган эканман.

Лутфия: — Вой, кечиринг, биринчи бўлиб сизга кўзим тушди-да!

Турғунов: — Ана шунақа: доим таёқ менинг бошимда синади. Навбатчи бўладиган ҳам мен, бировнинг биринчи бўлиб кўзи тушадиган ҳам мен, қассоб кушхонага олиб кетмоқчи бўлган ҳам мен!

Шоир: — Э, шукр қилинг. (Кулимсираб Зокировга) Палка дедими лақабини? Ўзининг лақаби ажабтовур-у тағин бизнинг ишхонани ғалати, дейди.

Санобар опа: — Яхшиям Фахриев бор экан. Акс ҳолда бу қассоб ҳаммамизни олиб кетарди кушхонасига! (Лутфияга қараб) Юринг, тушликка сомса олиб келайлик. Ҳадемай тугаб қолади.

Санобар опа ва Лутфия чиқиб кетишади.

Зокиров: — Энди енг шимариб ишга киришмасак бўлмайди. Ўзимизни кўрсатайлик. Кеча Эмин Лапасовичнинг олдида уялиб қолдим.

Турғунов: (компьютердан нигоҳини олиб, Зокировга қарайди) Биласизларми, мен кеча ростдан ҳам йиғладим. Билмадим, Эмин Лапасовичга ҳам, ўзимга ҳам раҳмим келди.

Шоир: — Бу нима деганингиз? Мен ҳам йиғладим. Кўз ёшларим оқди сел бўлиб. Кечқурун хотинимга биринчи муҳаббатим ҳақида гапириб бердим.

Фахриев қайтиб келади. Дарров уларга қараб тиржаяди.

Фахриев: — Ассалому алайкум!.. Яна нима кенгаш?

Турғунов:(Шоирга) Моҳим, оҳим… Яна нима эди… қатқалоғиммиди?.. Ишонмайман, хотинингизга айтмагансиз!

Шоир: — Айтдим, рост.

Турғунов: — Қўйнимда бир ёр, кўнглимда бир ёр бўлибди-да!

Фахриев: — Нимани айтибди? Кимга? Яна нимани бошлаяпсизлар?

Турғунов: — Шоир ўзининг хотинига касалхонадаги севгилиси ҳақида гапириб берибди.

Фахриев: — Бўлмаган гап! (Шоирга тикилиб) Кўзингиз кўкарганида ишонишим мумкин эди.

Шоир:(қўлларини бир-бирига ишқаб) Биласизларми, ана шундай рукн ташкил қилиш керак: ҳамма ўзининг биринчи муҳаббатини ёзсин. Нима дедингиз?

Турғунов:(бош чайқайди) Йўқ, тўғри келмайди. Одамларнинг уйида ғавғо бошланади. Ҳеч ким ёзмайдиям. Масалан, менинг биринчи муҳаббатим эсимдан чиқиб кетган. Сизники-чи, Восилжон?

Зокиров: — Меникими?.. (Хомуш тортиб) Э-ҳе, неча йиллар ўтса-да, кечагидек эсимда. Юрардик қўл ушлашиб. Кинога кирардик. Кейин номард отаси уни бошқа йигитга берворди.

Шоир: — Ана, кўряпсизми? Нақадар аламли муҳаббат тарихи! Юраклар питирлаб кетади. Бунақалар озми?!. Таҳририятдагиларнинг ўзини титкиласак, йилнинг охиригача етадиган мақолалар тайёрлаймиз. Масалан, Жўрақулов бор, Хачча холаям бор…

Фахриев: — Менинг муҳаббатим армияда қолиб кетган. Танюша эди исми. Жон деб менга эргашиб келарди-ю тўғриси, мен отамдан қўрқдим. Танюшага қўшиб мениям ортимга қувиб соларди отам.

Турғунов: — Тўхтанг-тўхтанг, мен ўзимникини эсладим. Семиз қиз эди. Нуқул ширмой нон олиб берардим. Чақалоқлигида бўласи қулоғини тишлаб қўйган экан, кейин маълум бўлди, ўшанга тегди. Хоҳласанг-хоҳламасанг, хотирангни титкилаб ўзи чиқаркан бу муҳаббат! Семиз бўлсаям биринчи севгилим эди!

Ҳамма ўйланиб қолади. Зокиров хўрсиниб, қўллари билан бошини чангаллайди. Фахриев кўзларини юмиб олган. Турғунов шифтга тикилиб қолган. Шоир эса уларни бирма-бир кузатиб, гоҳ ўтиради, гоҳ туради. Кейин эшикнинг олдига бориб, яхшилаб қарайди. Эшикни зичлаб ёпади. Яна жойига қайтади. Эшик томонга яна бир бор қараб қўяди.

Шоир: — Эшитинглар, бундай қиламиз (учовлон ҳам ўгирилиб, унга тикилишади), Жўрақуловни Хачча холага уйлантирамиз!

Турғунов ҳам, Зокиров ҳам бир сапчиб тушишади. Фахриевнинг оғзи ланг очилиб қолади. Турғунов дарҳол компьютерга ёпишади. Зокиров эса қулоқларини беркитиб, қув-қув йўталишга тушади.

Шоир:(ҳайрон бўлади) Нега индамайсизлар? Иккаласи бир-бирига узукка кўз қўйгандай-ку! Буям қўпол, уям… Жўрақуловнинг хотини ўлганига юз йил бўлди. Хачча хола эса эрини уриб ўлдирган, деб эшитганман.

Турғунов:(чидаб туролмай) Иккита пилус ёки иккита минус бир-бирига тўғри келмайди.

Шоир:(жонланиб қолиб) Жуда тўғри келади-да!.. Турғунов, бу ҳақда Жўрақуловга сиз айтасиз!

Турғунов: (бақириб) Йўқ-йўқ, ҳеч қачон. Жаҳлимни чиқарманг, акс ҳолда яна ҳушимдан кетиб қоламан.

Шоир: — Қўйсангиз-чи! Яхши ният қилинг (шундай деб Зокировга имо қилади) Хачча холага эса, мана, Восилжон айтади.

Зокиров:(тутақиб кетади) Сиз тинч юрасизми-йўқми? Нега бизни балога йўлиқтирасиз? Жаҳлимни чиқарсангиз, ҳалиги гапларни Турғуновга айтиб бераман. Ана шунда Турғунов ҳам, мен ҳам эмас, сиз ҳушингиздан кетиб қоласиз.

Шоир: — Барака топкур, мен ўзимни эмас, бировларнинг бахтини ўйлайман. Ахир биздан нима қолади: яхшилик. Икки ёшни қовуштирсак, э-э, икки қарияни, демоқчи эдим…

Турғунов: — Яхшилик эмиш! Ўша яхшиликни сиз қилинг. Жўрақуловга ҳам, Хачча холага ҳам ўзингиз айтинг.

Шоир: — Яхши, сизлар қўрқаётган бўлсангизлар, мана, Фахриев айтади.

Фахриев: — Ним-ма?!! Ишдан бўшаб кетсам, кетаманки, бу гапни икки дунёда ҳам уларга айтмайман. Сизларнинг шайкангизга қўшилмаганим бўлсин! Қитмирлар!

Шоир: — Мендан таклиф чиқди, амалиёт сизлардан-да!

Зокиров: — Сиз вабши жаҳлимни чиқаряпсиз!

Шоир: — Майли, майли, Жўрақуловга мен айтаман, Хачча хола — сизларники!

Турғунов:(чўзиб) Мен бу ерда й-ў-қ-м-а-н. (Пичирлаб) Қойил, Шоирнинг калласи ишлайди.

Шоир: — Менга қаранглар, агар Жўрақуловни уйлантирсак, қулоғимиз анча тинчийди. Хачча хола билан андармон бўларди-да! Навбатчиликни ҳам иккаласи галма-галдан қилаверарди. Эр-хотин – қўш ҳўкиз!

Турғунов: — Бир томондан тўғри…

Шоир:(қийқириб юборади) Ана-ана, демак, сиз розисиз, яшанг! Жўрақуловгаям ўзингиз айтасиз. Энди, бу иш шошилинч эмас, ҳозир аёллар келишсин, яна маслаҳатлашамиз. Мен сизларга гарантия бераман, агар мана шу иккита пилус ўзаро умр риштасини боғласа, анча босилиб қолади…

Мусиқа чалиниб, тўртовлоннинг гаплари эшитилмайди. Бирин-кетин Санобар опа билан Лутфия кириб келишади. Шоир уларга нимадир дейди, улар анграйиб қолишади, бош чайқашади. Лутфия елпина бошлайди, Санобар опа қўрқиб, эшикка қарайди. Фахриев ҳам нималардир дейди. Зокиров қўлларини пахса қилиб гапиради. Шоир уларнинг ҳар бирига нималарнидир тушунтиради… Ниҳоят мусиқа пасаяди.

Зокиров: — Биламан, аммо фақат у киши Жўрақуловга айта олади-да! Акс ҳолда иш чаппасига кетса, Жўрақулов бизни деворга қапиштириб қўйиши ҳеч гап эмас.

Лутфия: — Ҳа, тўғри, Хачча холаям полчўпи билан уриши мумкин.

Фахриев: — Хўп-хўп, тўйни қаерда ўтказамиз?

Санобар опа: — Вой, тўйгача ҳали гап кўп.

Шоир: — Нега унақа дейсиз, опа? Иш пишса, буёғи зинғиллаб кетади!

Лутфия: — Турғунов, сиз нега куласиз?

Турғунов:(ўзини кулгидан тўхтатмай) Кулмай бўладими! Ахир, иккаласини келин-куёв сифатида тасаввур қилиб кўряпман-да!

Ҳаммалари куладилар.

Фахриев: — Тўйни “Интерконтинентал”да ўтказамиз. Ҳалигача бормаганман, бир кўрай-чи!

Санобар опа: — Вой, у ер қимматлик қилса керак.

Зокиров: — Муассис кўтаради-да харажатни, ўлдими!

Фахриев: — Шоир, сиз вадаванг қилиб никоҳ шеърини ёзаверинг!.. Оббо, бу Турғунов яна нега куляпти?

Турғунов:(тўхтамай кулиб) Тўйдà келин-куёвнинг қариндошлари келса, ҳаммаси хўмрайган каллалар бўлса керак, деб куляпман.

Яна барча кулади.

Фахриев: — Тўйга ҳалиги Ялғашева момониям айтамизми?

Шоир: — Айтамиз-айтамиз. Айшвария Райниям айтамиз, во-ҳо-ҳо!..

Мириқиб-мириқиб куладилар.

Саҳна ортидан овоз:

— Хуллас, таҳририятда яна бир ҳангома етилиб келмоқда… Бу энди бошқа саргузашт.

В а с с а л о м !