Расул Ҳамзатов. Ўзим ҳақимда уч оғиз сўз

БИРИНЧИ МАҚОЛА

Доғистондаги дорбозлари билан машҳур Цовкра овулида ўғилнинг туғилган куни у мустақил равишда дорда дадил юрган кун ҳисобланади. Заргарлари билан машҳур кубачинлар эса, ўғил отасига кумушга жилвадор нақш ўйиб совға қилган кунни унинг туғилган куни этиб белгилашади. Ўша кун ота атрофдагиларга мағрур қараб дейди: «Мана менинг уйимда ўғил туғилди!»
Гоҳи-гоҳида менинг кўз олдимда шундай манзара гавдаланади: Цада овули, баҳор палласи. Мўйлови сабза урмаган ўсмир биринчи бор далани шудгор қилишга чиққан. Унинг битта тенгдоши биринчи бор ўзи уй қуришга киришди. Бошқа бир ўсмир отини эгарлаб, биринчи бор сафарга йўл олди… Уларга қарар экан, отам қувонгандан шундай деганди: «Қара, бизнинг шу кичкина овулимизда бу баҳорда қанча ўғил туғилди».
Тоғликлар иштиёқсиз, истеъдодсиз, меҳнати билан бировга фойдаси тегмайдиган кимсалар ҳақида гапирганда шундай дейди: «Унинг соч-соқолига оқ тушди, лекин ўзи ҳали туғилгани йўқ».
Менинг сочим икки рангда, бироқ туғилган куним ҳақида сўрашса жавоб беришга қийналаман. Ўзи мен қачон туғилганман?
Эҳтимол, ўн бир ёшимда, ҳали белимга камар тақмаган бўлсам ҳам, бирон отни эгарламаган бўл­сам ҳам уйимиз томига ёзилган ҳўкиз териси ус­тида ётганча биринчи шеъримни ёзган кунда ту­ғил­гандирман?
Эҳтимол, бу сал кейинроқ – мактаб деворий газетасига биринчи бор шеърим ёзилган кун бўлгандир?
Эҳтимол, мен 1943 йилда туғилгандирман, ахир ўша йили Доғистон нашриёти менинг биринчи китобимни чоп этганди.
Афсус билмайман, мақтов сўзларини кўпам айтавермайдиган отам қачондир шу сўзларни ирод этдимикин: «Мана, менинг уйимда ўғил туғилди!»
Эҳтимол, отам бу сўзларни айтмасдан оламдан ўтгандир.
Бироқ, мен қачон туғилган бўлмай, ҳақиқий ту­ғилган куним албатта, шеър ёзилган кун билан чамбарчас боғлиқ.
Менинг умрим қўшиқ билан бошланган ва қолган ҳаётим ҳам унга тегишли бўлади. Шеърият ҳам бошқа фойдали барча меҳнатлар каби одамзот ҳаётини бе­зайди, янада мазмунли ва чароғон этади.
Менинг олий орзуим умрим охиригача нимадандир хавотир олмай ёки кўр-кўрона эмас, балки чин юракдан халқимга садоқат билан хизмат қилиш. Тилагим – бундай ниятни барча одамлар орзу қилсин.
Мен оз сонли тоғлик халқнинг ўғлиман. Қайсики, барча тоғликлар каби уларнинг болалиги ва кексалиги жуда ҳам қисқа, ёшлиги ва етуклик даври эса жуда ҳам узун.
Тоғлик болалар тез улғаяди ва ҳаётда мустақил қадам ташлай бошлайди. Халқимни, таъбир жоиз бўлса, кафт устига жойлаштириш мумкин: биз аварлар ер юзидагиларнинг ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда ҳам озчиликмиз, лекин миллатимиз номи тоғлар ва кенгликлар аро мағрур жаранг­лайди. Шу оқ соч, булутли тоғлар қанча бургут юракли ўғлонларни кўрди, шундай ботир аскар, қаҳрамонлар ҳақида айтилган ажойиб қўшиқларни тинглади.
Эсимда, болалигимда гулхан ёнида ўтириб отамнинг машҳур Шомил ҳақидаги ҳикоясини севиб тинг­лардим. У етти жойидан оғир жароҳатланган бўлишига қарамай, қиличини бир серпаб ғанимини оти билан бирга икки бўлак қилган. Унинг ботир ноиби Ҳожимурод тўғрисида Лев Толстой ажойиб қисса ёзган. Гидатлинлик афсонавий Хочбар тўғрисида тоғликлар кўплаб қўшиқлар тўқишган. Чохлик ўктам йигит Камолил Башир ҳақида, ундан чироқ нури ҳам ўтган ва ерга сояси хира тушган. Севги куйчиси Маҳмуд ҳақида, унинг қўшиқларини тоғлик ошиқ-маъшуқлар тумор қилиб тақиб олишган. Ҳа, мен қанчадан-қанча шундай қаҳрамонларимиз ҳақида ҳикоялар тинглаганман.
Болалигимда эшитган халқ афсоналари, эртак ва қўшиқлар худди кубачинлик наққош қилич сопига ўйган нақшдай менинг юрагимда муҳрланиб қолган. Бу ҳикоят ва қўшиқлар, уй, қалъа ва тоғдаги тошларга ўйиб ёзилган битиклар менинг оз сонли халқимнинг шонли тарихини қиличлар жарангидай баланд овозда эслатиб туради.
Тоғлардан қўним топган халқим бир умр эркинлигини, қадрдон тоғларини ҳимоя қилиш учун золимларга, босқинчиларга қарши кураш олиб борди. Халқда шундай нақл бор: «Тоғлик эгар устида туғилади». Тоғлик ўғлонлар қўлига эрта қурол олишини ҳаётнинг ўзи тақозо этади, кейин уларнинг қиличини перога алмаштиришга вақти бўлмайди.
Шукрки, мен тоғлик ханжарини бехавотир уйнинг деворига осиб қўйган ва унинг озодлигига ҳеч ким даҳл қилмайдиган вақтда туғилдим. Бу вақтда Ватан тушунчаси тоғлар билан чегараланмай, анча кенгайганди. Менинг отам – Доғистон халқ шоири Ҳамзат Цадаса мана шу бепоён мамлакатга ўзининг энг яхши қўшиқларини бағишлади. Мана шу бепоён мамлакат тақдирига менинг ҳам қўшиқларим, қувонч- ташвишларим боғланди.
Умрим тенгдош юртдошларим ҳаётига ўхшаш тарзда кечди. Лекин ёзган шеърларим бирор шоир шеърларига ўхшаб қолмаслиги учун ҳаракат қилдим. Майли, бизнинг ҳаётимиз катта йўллар каби бир-бирига ўхшасин, бироқ ёзган шеърларимиз тоғлардаги сўқмоқлар каби ҳар хил бўлсин.
Овулимиздаги мактабни тугатгач, Бўйноқдаги пе­дагогика билим юртига ўқишга кирдим. Олийгоҳни та­момлаб мактабда ўқитувчилик ва авар театрида актёрлик қилдим. Сўнгра республика газетасида ишладим. 1950 йилда Москвадаги Адабиёт институтини тугатдим.
Авар тилида чиққан биринчи шеърий китобим – «Оташин севги ва ёндирувчи ғазаб» жуда жарангдор номланса ҳам унда «жарангдор» шеърлар жамланган деб айта олмайман. Ўшандан буён авар, рус, даргин, лак, грузин, корейс ва бошқа тилларда ўттиздан ортиқ шеърий тўпламларим чоп этилди. Улар орасида «Туғилган йилим», «Катта акам ҳақда сўзлайман», «Лирика», «Шеърлар ва достонлар», «Тоғликлар ватани», «Тоғлик қиз» каби китобларим мен учун жуда қадрли.
Шеърият ёшлик билан ҳамнафас. Ёш дўстларим, сизга бағишлаган шеърларимни ўзингизнинг тенгдошингиз ёзгандай қабул қилишингизни истайман.
Бу шеърларни ўттиздан ошганимда ёзганман. Ўттиз ёшга етганлар ҳақида тоғликларда шундай нақл бор: «Ким икки бургут ёшини яшаб бургут бўлмаса, ҳеч қачон бургут бўлмайди. Унинг тақдирига чирқиллаб ўтиш ёзилган». Мен чумчуқ эмасман, лекин бургутлар юксаклигига кўтарилдим деб ҳам айта олмайман. Мен қандай ёза олсам, шундай шеър ёздим. Шоирона айтсам, қувонганда қувондим, ранжиганда ранжидим, ғамли кунлар ғам ютдим, шодлик кунларида тантана қилдим ва албатта севдим. Менинг юрагим севги ота­шида ёнди. Севги эса мени куйлатди. Дардимни гоҳ секин, гоҳ баланд, гоҳ шеърда, гоҳ насрда баён этдим.
Ўша йилларда мамлакатимиз тинч эди, лекин дунё тинчимаганди. Худди шундай ижодкорларнинг қалби ҳам тинч эмасди. Ахир қалбда тафаккур ва туйғулар курашининг адоғи йўқ. Чунки, ижодкор хотиржам бўла олмайди, унинг қалбига чексиз дунёнинг бутун қувонч-ташвишлари жо бўлиши керак.
Йиллар ўтаверди. Мамлакатда уруш бўлмаса ҳам менга яқин кишилар – қардошларим, дўстларим, таниш шоирлар бир-бир оламдан ўтди. Шоирлар таъбири билан айтганда, улар нафақат кексаликдан, балки олдин олган эски жароҳатларидан ҳам вафот этишди. Кетган қадрдонларим ўрнини ҳеч ким боса олмайди, то юрагим уриб турар экан, уларнинг хотираси қалбимда яшайди. Бироқ юртимда ва Ватанимдан узоқда кезганимда жуда кўплаб яхши инсонларни учратдим. Бу учрашувлар қалбимга қувонч бағишлади ва ҳаёт давом этаверишидан дарак берди.
Иш столим устига ҳаётнинг тимсоли бўлган икки совғани қўйганман. Бири урушнинг шафқатсиз «совға»си – аскар танасидан олинган қўрғошин ўқ. Иккинчиси илгари порох ва қўрғошин ўқ бўлган бўш патронга қўйилган қадрдон даламизда очилган гул, қайсики, у тинчлик, муҳаббат, умид, ҳаёт рамзи, ўтган кунлар хотираси, бугуннинг безовталиги ва келажак ҳақидаги орзулар. Бу туйғулар ҳаёт йўлларида ҳамиша йўлдош. Улар шоирларга қатъий овозда шеър ва қўшиқлар айтади. Улар менга ҳам айтиб турди, имконим қадар қоғозга туширдим. Менинг бу борадаги ютуқ ва изланишларим билан ўқувчилар деярли ҳар йили танишиб борди.
Ҳаёт тақозо қилди, мен ёздим. Ўқувчилар қўлига шеър-достонларим, «Юксак юлдузлар», «Юлдузлар юлдузлар билан сўзлашар», «Учинчи соат», «Ривоятлар», «Шамшир ва атиргул», «Чегара», «Севги ҳақида китоб», «Уйим қаршисида», «Форсий шеърлар», «Менинг Доғистоним», «Сонетлар» деб номланган қатор китобларим етиб борди.
Ҳа, китобларимнинг номлари ҳар хил. Ижодим маҳсули бўлган китобларим бошига ҳар хил бўрк кийдирдим. Аммо мен учун асосий ва муқаддас мавзулар учта бўлиб қолаверади.
Мен икки гулханда доирамни тоблаб, икки дераза қаршисида севги куйини чалдим. Биламан, фикр­да барқарор бўлиш шоирнинг кучини белгиловчи бош омил эмас. Негаки, айримлар айтгандай шеърият кайфият маҳсули. Кайфият эса об-ҳаводай тез-тез ўзгариб туради, лекин мен сизни ишонтириб айтаман: шу икки чегара оралиғида охиригача тураман ва умрим сўнггигача шеър ёзаман.
Бу менинг ижодимдаги биринчи рақамли назорат жойи. Бу туғилган юртимнинг, Доғистонимнинг, бе­поён мамлакатимнинг чегараси. Иккинчи чегара бу муҳаббатим чегараси, бу муҳтарама аёлларга боғ­лиқ эканлигим чегараси, қайсики, уларга севгим чексиз. Бундан кейин ҳам ёзган китобларимни уларга бағишлайвераман. Мен самолётимда севги аэродромидан севги аэродроми томон парвоз қиламан, балки орзу аэродромига етмасдан ҳалок бўларман.
Китобларимнинг учинчи бир қисми ҳаёт, ўлим, замин, одам, айрилиқ ва учрашувлар ҳақидаги ўйларим. Улар – «Турналар» ва «Дўстларни асранг», «Йиллар шодаси» ва «Битиклар». Бу китобларни йиллар ўтиб, қанча мамлакатларни кезиб чиққач, сочим батамом оқарган вақтда жамлаганман.
Ҳаёт зайли, кўнгил кечинмалари, воқеа ва изтироблар сўз санъаткори ижодида ҳар хил акс этади. Буни шоирларнинг сайланмаси ёки танланган асарларини кўздан кечирсангиз дарҳол пайқайсиз. Бошқа китобларда эса ижод йўлининг турли даврлари, ёзиш маҳорати шаклланиши босқичларини илғаш қийин эмас. Ўқувчилар менинг китобларимда ҳам шундай ўзгаришларни пайқагандир. Чунки уларда турли ранг­лар ва тасвирлар бор.
Замондошларимдан бири менга шундай таъриф берибди: «Турфа феълли бўлгани учун унинг санъати ҳам турфа». Лекин мен турланишни ёқтирмайман. Сўз санъаткори бир бутун одам бўлиши ва унинг ижоди ҳам шу ўзига хослиги билан белгиланиши керак. Ахир, ажойиб мақсади бўлган кишиларгина ажойиб ишларни амалга оширади. Одамлар шундай ишларига қараб, уларнинг мақсади ва иқтидорини билиб олади. Дарҳақиқат, ўз олдига юксак мақсадни қўймасдан ижод қилиб бўлмайди.
Ҳали мен асосий китобимни ёзмадим. Уни ёзишга ҳаракат қилаяпман. Ҳозир ёшим эллик бешда. Бу ёшдагилар ҳақида тоғликлар шундай дейишади: «Энди унинг оти оқсоқлана бошлайди». Тўғри, эндиликда бир қадаҳ вино ичсам ҳам таъсир қилаяпти. Тан оламан, мен ўзини ёшидан кичикроқ кўрсатишга уринаётган кишиларни ёқтирмайман.
На илож, йиллар менинг орзуларим ва имкониятларим орасини тобора узоқлаштирмоқда. Аммо сизга такрор айтаман: мен шоирман, севги туйғуси қалбимда ошса ошдики, лекин заррача ҳам камайган эмас. Худди йигирма йиллар олдинги каби барчага баралла айтаман: «Менинг юрагим ишқ ўтида ёнаяпти». Бу туйғу менга шеър-қўшиқлар айтмоқда. Уларни албатта, қоғозга кўчираман.
Мен ёзаётган вақтда туйғуларимдан, бадиий ташбеҳларимдан аввало ўзим завқ туяман. Ҳа, бу масалада мен ўзимга хос йўл тутаман. Ёзиб бўлгач, қайта ўқийман, таҳрир қиламан, оққа кўчираман ва ижодимни барча билан баҳам кўришга ошиқаман. Уларни қанча кўп одам ўқиса, мен шунча бахтиёрман.
Шу билан сўзимни якунлайман. Бошқа тафсилотлар ҳақида бошқа сафар айтаман.
Дарвоқе, улар ҳақида менинг шеър ва қўшиқларим ҳам айтиши мумкин. Қайсики, уларнинг барчасини сизга бағишлаганман, азиз ўқувчим!
 
 ИККИНЧИ МАҚОЛА

Мен шоир оиласида туғилдим ва эрта шеър ёза бошладим. Шеърларим силлиқ ва равон эди. Ўн тўрт ёшимда биринчи шеърим газетада чоп этилди. Қувончим чексиз эди, дўстларим ҳам шодланишди. Матбуотда мен ҳақимда ёзишди, мақташди. Аммо ҳар бир ёзувчининг ҳасадгўйлари бўлади. Улар менда ҳам пайдо бўлишди ва ўзи ёзмайди, унга отаси ёзиб беради деган миш-мишлар тарқатишди. Айрим дўстларим таскин беришди: сенга отаси ёзиб беради деб айтиш­яптими, демак, ёмон ёзмаяпсан, бундан қувониш керак. Бошқалари эса чуқур мулоҳаза билан шундай де­йишди: бундай дейишларига сабаб, сен отанг­га ўхшаб ёзишга уринаяпсан, жуда отангга тақлид қилаяпсан, бошқача ёзишинг керак. Битта уйга, ҳатто Аваристонга битта Цадаса етади. Сен унинг сояси, иловаси бўлиб қоласан.
Чиндан ҳам ўша бошқалар ҳақ экан. Мен буни ўша вақтда тушунмасдим. Отамнинг ва бошқа тоғлик шоирларнинг биз ёшларга таъсири жуда кучли эди. Кейинчалик тенгдошларимнинг кўпчилиги ёзмай қўйишди. Чунки, улар ҳам тақлид қилишганди.
Тоғликлар сўрайди: дунёдаги энг гўзал нарса нима? Саволга ўзлари жавоб беради: энг гўзал нарса – ўсмир илк бор дадил мустақил қадам қўйган кун. Энг ширин лаҳза қайси? Ўша ўсмир ҳали ҳеч ким айтмаган ёқимли қўшиқни куйлаган кун. Бу дадил қадамсиз ва ёқимли қўшиқсиз дунёда яшаш зерикарли бўларди.
Минскдаги адабий учрашувда шундай савол беришганди: ўн олти ёшингизда шоир бўлишни орзу қилганмисиз? Мен жавоб бердим: шоир бўлишни орзу қилолмасдим, ўша вақтда шоир эканимга имоним комил эди. Шоирлигимга кейин шубҳалана бошладим. Йиллар ўтган сайин бу бежиз эмаслигини тушуна бордим. Ахир, мен ўн олти ёшимда мактабда ўқитувчилик қилардим ва ҳали ўзим ўқишим кераклиги хаёлимга келмасди. Кейин театрда, газетада, радиода ишладим, у жой, бу жойдаги адабий учрашувларда шеърларимни ўқидим. У жойда биринчи шеъримни мақташди, иккинчи шеъримни танқид қилишди. Бу жойда ўша иккинчи шеъримни мақташди, биринчисини танқид қилишди. Мен биринчи шеъримни ҳам, иккинчи шеъримни ҳам мақтаганларнинг сўзларини мароқ билан тингладим, лекин у жойда ҳам, бу жойда ҳам шеъримни танқид қилганларнинг фикрига қўшила олмадим.
Ўша вақтда мен жуда қадрлайдиган бир киши бор эди, айнан унинг шеърларимга эътибор беришини истардим. Ўйлардимки, фақат у мени тушунади ва шеърларимга холис баҳо беради. Бу киши Эффенди Капиев эди.
Мен замонавий миллий ёзувчи қиёфаси ҳақида ўйлаганимда, кўз олдимда Эффенди Капиев гавдаланарди. У оз сонли лак халқининг фарзанди эди, жаҳон маданий меросини қадрлаши билан бир қаторда жонажон тоғларининг алла-қўшиқларини қалбида авайлаб сақларди. Эҳтимол, шунинг учун тоғликлар байрамига ўзининг доғистонча кийимини кийиб борарди. Биринчи бор уни шундай кийимда кўрганман. Қолган вақтда европача костюм киярди, бу ҳам унга жуда ярашарди. Хуллас, унда ҳамма нарса уйғун ва беками кўст эди.
У юз қиёфамданми ёки бошқа бирон сабабданми менга эътибор қаратиши лозимлигини сезган шекилли, бир куни мендай ёш шоирни кўчада тўхтатди. Ўзининг қадрдон дўсти бастакор ва рассом Юнусалининг уйига бирга боришни таклиф этди. Бу уйда шоирлар навбат билан шеърларини ўқишди. Охирроғида менга ҳам навбат беришди. Мен рус тилига ўгирилган бир неча шеъримни ўқидим. Капиевни ҳаяжонлантира олмадим. Биринчиси, иккинчиси, учинчисини ўқисам ҳам юз қиёфаси ўзгармади. Шеърларимни берилиб тинг­лаётганлардан бири чидаб туролмасдан Капиевдан сўради:
– Қандай?
– Чакки эмас.
– Авар тилида бундан ҳам яхши жаранглайди.
– Эҳтимол, – деди Эффенди, – аммо ҳозир бошқа давр, бошқача шеърлар, бошқача шоирлар керак. Расул, сен Москвага бориб ўқишинг керак экан.
Бу гапни тоғликлар шеъриятининг жонкуяр тар­ғиботчиси, «Йигирманчи аср Гомери» – ёзишни билмайдиган Сулаймон Стальскийнинг таржимони айтаётганди. Ахир, Сулаймон Москвада ўқимаган-ку?
Эффенди Мансурович бу саволга жавоб берар экан, жумладан шундай деганди:
– Сулаймон ўлимидан бир йил олдин мени ҳузурига чақирди ва ўзи узоқ йиллар чалган чунгурини совға қилди. Ишонинглар, менда ундан бошқа қимматлироқ бойлик йўқ. Мен унда чалмаяпман, чунки мен Сулаймон эмасман, Эффенди Капиевман, менинг ўз чунгурим бўлиши керак. Ҳар бир ижодкорнинг баҳори, ёки кузи, ёки даври қулоғига шивирлаб айтган ўз қўшиғи бўлиши даркор.
Бу суҳбатдан кейин икки йил ўтиб, мен Москвадаги Адабиёт институтига ўқишга бордим. Битта ертўладаги ётоқхонада ўн олти шоир яшарди. Битта ўқув хонасида ўн олти нафар орзулари осмон шоир таҳсил оларди. Биз Тверь хиёбонида навбатма-навбат шеърларимизни ўқирдик. Шундоқ ёнимизда Пушкин ҳайкали тургани учунми шеърларимиз унчалик жаранг­ламасди. Бир куни мен ҳам ўз шеърларимни ўқишга тушдим, улар тенгдошларимга ёқди дея олмайман. Адабиёт инс­титутида ўқиган давримда ҳар хил таъсирга тушиб ва ҳар кимнинг маслаҳатига кириб ўзлигимдан бошқача шеърлар ёза бошладим. Истардимки, Москва мени тушунсин ва шеърларимни чоп этсин, овул билан эса кейинчалик тил топишиб олавераман. Шеъриятдаги бу кўзбўямачилигимни ўзимча янги йўл деб баҳоладим ва танбеҳ берган юртдошларимга «Сиз мени кейинчалик тушунасиз» дедим. Овул узоқда, отам тоғда яшарди, ўзимни «эркин» ҳис қилиб, хаёлларимга жуда эрк бериб юборгандим.
Бундай одамлар ҳақида шундай дейишади: «Унинг пайтавасига қурт тушган».
Илгари мен тоғлик шоирларга тақлид қилган бўлсам, энди рус шоирларига тақлид қила бошладим. Улар ҳолатига хос туришга ҳаракат қилдим.
Бир сафар дарсда иншо ёздик. Мен рус тилини яхши билмаганим ва рус ўртоқларим хатосиз ёзади деб ўйлаганим учун яқин шоир дўстимнинг иншосини тўлиқ кўчирдим. Ўқитувчимиз иншоларимизни текширганда дўстимнинг иншосида олтмишдан ортиқ хато борлигини айтди. Албатта, менинг иншоимда ундан ҳам кўпроқ.
Ёки бошқа бир мисол. Қадимий рус адабиётидан кекса профессор дарс берарди. Ўз-ўзидан аён, мен тоғлик бўлганим учун бу фанни яхши билмасдим. Шу боис имтиҳонга «кечикдим» ва тоғда бўлганим, у ерда қор кўчкисига учраганим учун вақтида имтиҳонга келмаганим ҳақида «эртак» тўқидим. Профессор истисно тариқасида мендан алоҳида, телефон орқали имтиҳон оладиган бўлди. Мен профессор уйига телефон қилдим. У учта савол берди ва жавоб тайёр бўлганда телефон қилишимни айтди. Қисқа вақт ичида бирга ўқийдиган дўстларим саволлар жавобини тайёрлаб беришди ва мен имтиҳонни топширдим. Жавобларимни тинглаб бўлгач, профессор телефон гўшагини котибага беришимни айтди. Маълум бўлдики, «тўрт» баҳо қўйибди. Бундай баҳодан руҳланиб кетдим ва профессор олижаноб эканлигини билганим учун қайтадан унга қўнғироқ қилдим. «Мен жуда хафа бўлдим, – дедим профессорга. – Сиз менга тўрт баҳо қўйибсиз. Ахир, мен бу фанни яхшироқ биламан». «Азизим, – деди профессор, – эҳтимол, сиз ҳақдирсиз». Телефон гўшагини котибага узатдим, «беш» баҳо қўйганини айтибди ва шу билан бирга қўшимча қилибди: бу кавказлик ёш йигит жуда ранжиган кўринади, биз унга илтифот кўрсатайлик.
Бу икки воқеани ўша даврда ёзган нарсаларимни ёки ҳозирги кундаги қайсидир миллатга мансуб шоирларнинг ижодини ўқиётганимда эсга оламан. Қайсики, бу ижод намуналари менга ўзгадан кўчирган, хатоларга тўла ўша иншоимни ва «телефон» орқали дўстларим ёрдамида топширган имтиҳонни эсга солади. Баъзи бир танқидчилар уларни баҳолаганда профессорга ўхшаб ўта илтифот кўрсатишади.
Ҳақиқий ижодкор эса ўзига кўрсатилган ҳар қандай илтифотни ҳақорат деб билади. Чунки барчамизга маълум, геологлар баъзан кичкина тоғ остидан қимматбаҳо олтин конини топишади. Демакки, оз сонли халқнинг ижодкори майда фикрлайди деб бўлмайди. Халқ тикланишининг белгиларидан бири маданиятининг тикланиши, гуллаб-яшнашидир. Мамлакатимизда ана шундай жараён давом этмоқда. Менимча баъзилар бу жараён мураккаб ва ранг-баранг кўринишда бораётганини илғаб ололмаяпти. Негаки, ҳар қандай ривожланишда бўлгани каби унда ҳам ўзига хос қувонч-ташвишлар, ўзига хос муаммо ва қийинчиликлар бор.
Ривожланишдаги бу қийинчиликлар, илгарига шиддат билан интилаётган ҳаёт оқими буларни ил­ғамаётган шоирларни бир четда қолдириб кетиши мумкин. Шу жумладан, ўзларини шеърият анъаналарига «занжирлаб боғлаб олган»ларни ҳам, ақидаларига ёпишиб олиб сусткашлик билан енгилини ўзлаштираётганларни ҳам, ижодда қотиб қолганларни ҳам. Улар ўзларича мустақил битта ҳам қадам ташлай олишмайди. Ҳаётда бу тоифаларнинг тамомила акси ҳам учрайди. Улар шошма-шошарлик билан ҳамма жойга бурун суқишади. Бу шошқалоқларга олдинда ким кетаётганининг, ёнида ким қадам ташлаётганининг фарқи йўқ. Ваҳоланки, ўйламасдан, йўлга қарамасдан қилинган шошқалоқлик фалокат билан якунланади.
Айримларининг шеърлари ҳижобда, бошқа­лар­ники ҳолига яраша. Баъзиларники «қип-яланғоч». Маълумки, шеър онанг ва синглинг олдида, овулда, Москвада, ҳамма жойда, ҳаммага уялмасдан ўқий оладиган бўлиши керак.
Ўлкаларда яшаётган ёш шоирлар Москвада ўқишга, мамлакат ва жаҳон ижодий ҳаётининг марказида бўлишга интилишади. Тўғри, қанотингни қанча кенг ёзсанг олдинда шунча кенглик пайдо бўлади. Аммо шу кенгликдаги қайноқ ҳаёт ичида ўзлигингни йўқотиб қўйишинг ҳам мумкин.
Шундай шоирлар бор, тирик бўлса ҳам бедарак йўқолишган. Улар бир нарсага эришиш илинжида ўз халқининг таъсирчан, бадиий ифода этиш анъаналарини унутишган. Мен шундай ижодкорларни биламан, улар шеър ёзиш ўрнига сўзма-сўз таржимасини ёзиб, уни она тилига ўгириб беришларини сўрашади. Улар учун туғилган юрти мисоли театр саҳнаси, қайсики, исталган декорацияни ўрнатса бўлади. Улар ўз халқининг феъл-атвори ва урф-одатларида фақат ғалатиликни кўради. Ўз шеърияти заминидан узилиб, нотаниш адабиёт ўлкасида йўл излаганлар, худди қамалда қолган аскарларга ўхшашади. Жуда озчиликка бу «қамал»дан омон чиқиш насиб этади. Бу ҳолатга кўникканлар ўзларини эркин ижодкор деб билиб, тўғри келган мусиқага ўйнай бошлайди. Булар шундай ўйинчиларки, бугун лезгинкани, эртага молдаванкани, индинига нимани сўрашса шуни ўйнайди. Аммо шоир артист ҳам, ўйинчи ҳам эмас. Унда бирор воқеага бағишлаб олиб қўйилган табассум бўлмайди. Шунингдек, томошабинлар олдида атай йиғлаш учун кўз ёш ҳам асрамайди. Бундай бўлиши мумкин эмас! Афсус­ки, айрим шеърларда «режалаштирилган» табассум ва «режалаштирилган» кўз ёшларни кўраяпмиз…
Ўзи туғилган заминдан, юртдан куч олмаган шеърият мисоли уясиз қуш. Мен шундай шоирларни ҳам биламан, уларнинг шеърлари чумчуқлар каби эсдан чиқди, ҳалок бўлди. Чунки улар бу «чумчуқ»ларини ерга қўнишга қўймай тинмай учиришди, охир-оқибат, ҳалок бўлиб қулаб тушишди.
Москвада талабалик давримда мен ҳам қадрдон заминимдан, жонажон тоғларимдан узилгандим. Ўша даврда кўплаб шеър ва достонлар ёзиб, газета-журналларга пешма-пеш етказиб турдим, алоҳида китоб ҳам чиқардим. Бу китоб ҳақида ижобий тақриз ҳам босилди. Мақтовларга маҳлиё бўлиб, менинг шеърларим тоғликлар шеъриятининг янги йўналиши дейишгача бордим. Ўзимни аллалаб улғайтирган миллий куй-қўшиқларни қадрлай олмадим, ашуг (бахши)лар ижодига шубҳа билан, ҳатто Маҳмуд шеъриятига танқидий кўз билан қарай бошладим.
Илгари ҳасадгўйларим унга отаси шеър ёзиб беради дейишган бўлса, энди улар у отасини ҳам танимай қолди, шеърларини фақат таржимада ўқиш мумкин дея жар солишди. Бу гаплар юрагимга илгарига нисбатан кўпроқ ботди. Бу менинг нозиктабиат бўлганим учун эмас, балки уларда қандайдир жиддий асос бор эди ва уларга эътибор бермасдан ўтиб бўлмасди. Гап-сўзлар миямда тахминан шундай фикр уйғотди:
«Тарас Бульба» асарида кекса Тарас сотқин ўғлига шундай дейди: «Мен сени дунёга келтирдим, энди ўзим сени дунёдан йўқотаман». Нима, бизнинг шеъриятимизда шундай ўғиллар пайдо бўлдими, ота­ларига қараб «Сиз бизни дунёга келтирдингиз, энди биз сизни дунёдан йўқотамиз» дейдиган? Тўғри, кекса Тараснинг ўғлини шафқатсиз жазолашига жиддий асоси бор эди. Нима, шеъриятга даҳлдор ёшларимизнинг оталари билан ворислик ришталарини узишга ва етим бўлиб қолишга асослари борми? Бу ерда гап фақат шеърлар(яхши-ёмонлиги) ҳақида кетмаяпти. Жуда оддий кўринган гина-кудуратлар ортида жиддий муаммолар турибди: анъанавийлик ва янгилик, миллийлик ва байналминаллик.
Аслида, ўз даври билан қадам ташлаётган, халқи ҳаёти билан ҳамнафас яшаётган ижодкорлар учун бундай муаммо йўқ. Улар бунга йўғрилиб кетган, мисоли бир бутун организмдай. Аммо шундай тоифа одамларни учратаяпмизки, улар айрим ҳолларда воқеа ва далилларни ўз билганларича талқин қи­лишади ва хулоса чиқаришда шошилишади. Бизнинг Доғистонимизда бир вақтлар овуллар, аждодлар, урф-одатлар, тоғдаги дарё ва ғорлар ҳақида ёзган шоирларни майдакаш, урф-одатга берилган, бир миллатга мансуб шоир деб аташарди. Улар ўз овулидан нарини кўра олмайдиган шоирлар тоифасига киритиларди. Аксинча, кимдир олис-олисдаги мамлакатлар ҳақида ёзиб қолса борми, шунинг ўзи уни кенг дунёқарашли, қамрови катта, байналминал ва илғор ижодкор де­йишлари учун етарли эди. Ҳар бир фикрни сохталаштирувчилар консолидация ниқоби остида Доғистон Ёзувчилар уюшмасидаги миллий тиллар бўлимларини биттага келтиришни, Доғистон умуммиллий театрини ташкил этишни, миллий тилларда чиқаётган газеталарни бирлаштиришни таклиф қилишди. Улар ҳозиргача Доғистонга кўп тиллилик ва кўп миллатлилик ривожланишга халақит бераяпти деб айюҳаннос солишаяпти. Гўё шохларини кесиб ташлаган дарахт чиройли бўлиб қоладигандай, жозибали камалакни битта рангга келтиришса ёрқин нур таратадигандай.
Одамларни фақат тил эмас, юрак ҳам бир-бирига яқинлаштиради. Бизнинг авар тилида дунёда уч юз минг одамгина гаплашади. Лекин дунёда менинг юрак туйғуларимни тушунадиган миллионлаб дўстларим бор, улар ҳам менга юртдош.
Шундай гап-сўзлар ҳам бўлган: шоирларнинг севги ҳақидаги шеърларини икки нусхада чоп этиш керак, улар икки юракка – ошиқ ва маъшуққа тегишли. Лекин азалдан севги ҳақидаги қўшиқлар куйланади, чунки бу муқаддас туйғу миллионлаб юракларга яқин.
 Эсимда, бир доғистонлик шоир нашриётга «Менинг овулим» деб номланган қўлёзмасини олиб борибди. Нашриёт директори ундан сўрабди:
– Овулингизда нечта хонадон бор?
– Етмишта, – дебди шоир.
– Биз бунча нусхада китоб чоп эта олмаймиз.
Мен бу директорнинг жавоби қанчалик тўғри-нотўғрилигини муҳокама қилмоқчи эмасман, фақат миллионлаб одамларга овул, қишлоқ ёки шаҳарда яшаётган одамларнинг ҳаёти яқин ва қизиқ эканлигини айтмоқчиман. Одамлар бир-бирларининг қувонч-ташвишлари, фикр-ўйлари тўғрисида билишни исташади. Бу уларга таъсир этиб, маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилади.
Мамлакатда маданий алоқалар мустаҳ­кам­лан­­моқда. Демакки, тоғликлар ватани ҳам кенгайиб бор­моқда. Энди у нафақат овулга, мамлакатга, ҳаттоки дунёга жавобгар. Ахир, қаерда чақмоқ чақмасин, дўл шоирларнинг бошига ёғади. Энди ижодкорнинг асари фақат у дунёга келган юртга тегишли эмас. Кейинги йилларда айрим олимларнинг у ёки бу ижодкорнинг қайси халққа мансублигига оид баҳсларига гувоҳ бўлаяпман. Бирлари унинг таржимаи ҳолини далил қилиб кўрсатишса, бошқалари ижодидан мисол келтиришади. Бу масалада аниқ фикр билдиришга ваколатли эмасман, лекин таржимаи ҳоли алоҳида, ижоди алоҳида, ўзи алоҳида кетаётган шоир менинг тасаввуримга ҳеч сиғмайди. Шунингдек, мен рус шоирини рус тилисиз, авар шоирини авар тилисиз тасаввур қила олмайман.
Чинакам миллий шоир дунёқараши, идроки ва фикрлаши билан ўз даврининг, ўз асрининг, ўз мамлакатининг шоири бўлиши керак. Бизнинг дунёқарашимиз битта халқнинг манфаатини устун қилиб, бошқа халқнинг манфаатини поймол этиши мумкин эмас. Чунки миллатларнинг турмуш тарзи, тили, маданияти бир-бирларини бойитади. Ҳар бир халқда жаҳон тараққиётига ҳисса қўшиш имконияти мавжуд. Умумий маданиятнинг ривожланиши ҳар бир миллат ривожланишига туртки беради. Битта қўшиқ бошқа қўшиқнинг таралишига халақит қилмайди. Биз янги қўшиқлар куйлаяпмиз, лекин қадимий қўшиқлардан – бешик уз­ра эшитган аллалардан тонмоқчи эмасмиз. Болалар оқсоқол боболарининг эртакларини мароқ билан тинг­лашаяпти, узоқ сафарга отланган ўсмирларни кексалар дуо қилиб, оқ йўл тилашаяпти.
Бизда физиклар ва лириклар тўғрисида кўп гапиришади. Мен улар ўртасида ажиб ўхшашликлар борлигини кўраман. Чунки униси ҳам, буниси ҳам инсоният тараққиётига ҳисса қўшади. Аммо физикларнинг формулалари, кашфиёт ва ихтиролари лириклардан фарқли равишда миллий асосда бўлавермайди. Физика, кимё, кибернетикага оид китобларни ўқиганда, уларнинг муаллифи қайси халққа мансублиги сезилмайди. Агар бадиий асарларни ўқиганда шундай ҳолни бошдан кечирсангиз, бу жуда ачинарли албатта. Худди шунингдек, бирор ижодкорнинг асарини ўзи туғилган жойдагина билишса, бундан бошқасига унинг овози етмаса – бу ҳам афсусланарли ҳол.
Менинг билишимча, агар шоир ўз шахсий туй­ғуларини тўғри ифодалай олса, у умуминсониятга ҳам тегишли бўлади. Агар у қулочи етмайдиган нарсани қучмоқчи бўлса, туйғулари ўзи кўтара олмайдиган тошнинг остида қолиб кетади. Бундай қаламкашларнинг машқларида умумий фикрлар, ўйлаб топилган шартли ифодалар, сўзлар кетма-кетлиги бўлади, холос. Менинг билишимча, чинакам миллий асар шабнамда қуёш акс этгани каби байналмилалликни ҳам ифодалайди. Ҳаммаси ижодкорнинг нуқтаи назарига, мавзуга чуқур ёндашганига, туйғуларининг кучига, маҳоратига боғлиқ. Баъзан шундай ҳам бўлади: ижодкор бирор узоқроқ мамлакатга борса, сафар таассуротлари асосида туркум шеърлар ёки саёҳатнома битади, уни адабиёшунослар байналмилаллик ва халқлар дўстлигининг юқори чўққиси дея баҳолашга уринишади. Аксинча, шоир ўз мавзусига содиқ қолиб жонажон халқи ва ўлкаси ҳақида ҳаққоний шеърлар битса ҳам, уни ҳаётдан орқада қолган, замон руҳини сезмайдиган, дунёда бошқа мамлакатлар борлигини билмайдиганга чиқариб қўювчилар ҳам топилади. Шундай шоирлар бор, улар учун муҳими – воқеа, ифодалаш воситаси, кузатиш. Шундай шоирлар ҳам бор, улар учун муҳими – мантиқий қурилиш ва фикрлаш. Чинакам шеърият эса шу иккаласи уйғунлашган вақтда туғилади.
Агар шеърият бўлмаса, донишмандлик бошланади, донишмандлик ҳам тугаса ақидапарастлик – вайсақилик бошланади. Ҳозир ҳар бир овул, ҳар битта қишлоқ дунё билан боғланган. Шунинг учун юртдош шоирларим ижодидаги инсон, овул, миллат ҳақидаги, демакки, бутун дунё ҳақидаги шеърлар менга кўпроқ ёқади. Чинакам миллий шоирлар ҳар доим байналмилалдир, улар ҳеч қачон бошқа миллатни камситмаган, аксинча бошқа миллатларга қалбан яқин бўлган. Ўз халқинг ҳақида, унга мансублигинг ҳақида ёзиш бу юртингнинг қарғасини булбул, ўзгаларнинг булбулини қарға, ёки ўзингнинг эшагингни тулпордан учқур, ўзгаларнинг тулпорларини эшак деб аташ дегани эмас. Адабиётнинг асосий ғояси ҳам, замонга ҳамнафаслик ҳам, дунёда рўй бераётган воқеаларга боғлиқлигимиз ҳам шунда. Қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ҳақидаги баҳсларни яхши эслайман. Ўша вақтда ўз юртида шундай одамлар ҳам топилди, уни юртдош деб атамайдиган. Ҳатто уни қирғизларга хиёнат қилди дейишгача боришди. Эндиликда ҳаммамизга маълум, Чингиз Айтматов адабиётдаги воқеа! У қотиб қолган анъана ва белгилаб қўйилган қолиплардан воз кечиб, инқилобий ўзгариш ясаганини, бу дадил қадам бўлганини энди ҳамма тан олди.
Ўзимнинг дастлабки китобларимни варақлайман: «Тоғлар қўшиғи», «Туғилган йилим», «Менинг қалбим тоғларда», «Тоғликлар ватани», «Тоғлик қиз»… Уларда мен халқимизнинг мероси ҳақида сўзлаганман. Булар Динғир ва Дўлалай, Цада ва Гуниб, Қайсу ва Каспийим.
Ҳа, бу китобларимни варақлаган ўқувчи менинг қаердан эканлигимни, ота-онам кимлигини, нимани яхши кўришимни ва нимани ёмон кўришимни, нимани ёқлашимни ва нимадан юз буришимни билишини истадим.
Ўз шеъриятимнинг ёшлигига(айтишларича, одамнинг иккита болалик даври ва битта ёшлик даври бўлар экан) «Юксак юлдузлар», «Юлдузлар сўзлашар юлдузлар билан», «Мулатка», «Чегара» каби китоб­ларим мансуб деб ўйлайман. Уларда мен нимани мерос қилиб олганим ва нимага эришганим тўғрисида сўзлаганман. «Турналар» ва «Дўстларни асранг» ки­тоб­ларим эса менинг изланишларим, учрашув ва ай­рилиқларим, йўқотиш ва топилдиқларим меваси. Бу китобларда замин чегараси, севги ва мардлик, эзгулик ва ёвузлик, ҳаёт ва ўлим чегаралари тўғрисида сўз юритганман.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Ев­­ропа, Осиё, Америка ва Африканинг қишлоқ-ша­ҳар­ларини кезганман. Ҳар хил халқларни ва ҳар хил одамларни кўрдим, ҳар хил тилдаги қўшиқларни эшитдим. Ҳар доим юрагимда бир истак уйғонди – бу мамлакатлар бошқа мамлакатлар билан худди «юлдузлар юлдузлар билан сўзлашгандай» сўзлашишини, одамлар бир-бирларига худди юлдузлар каби нур ва меҳр таратишини орзу қилдим.
Сайёрамизнинг турфа рангларда товланишини ўз кўзларим билан кўрганман. Шу боис «Мулатка» китобини ёзганда фақат аёлни назарда тутмаганман, балки бу она сайёрамизга бағишланган қўшиғим эди.
Китобларимни қайта-қайта варақлайман. Мана бу шеъриятимнинг иккинчи болалиги – менинг қайтишим, қайсики, улғайган кишининг алла билан учрашуви. Бу менга берилган мерос, уни қандай сақлай олдим, унга нималарни қўшдим. Бу «Йиллар шодаси», «Икки рўмол», «Битиклар», «Менинг Доғистоним» китоблари. Бу илгаригиларнинг такрори эмас, бўлган воқеаларга, ёдда сақланган ва ёдда умрбод сақланиб қоладиган кунларга янгича ёндашиш, зийрак кўз билан қайтадан қараш. Мен охирги китобимнинг номини «Болалик» деб номладим. Чунки шоирларга кексайиш бегона.
 
 УЧИНЧИ МАҚОЛА

Ёшликни, ўтган йилларни эслаш кексаларга хос хусусият. Бизда тоғлик ёшлар бу ҳақда гапиришмайди, албатта, улар ҳушёр бўлса. Чиндан ҳам ўтган кунни қандай баҳолаш мумкин, агар ҳали қуёш чарақлаб турган бўлса? Қандай қилиб қиш кунлари тугади дейиш мумкин, агар ҳали қор лопиллаб ёғиб турган бўлса? Қандай қилиб баҳор ҳақида хулоса чиқариш мумкин, агар ҳали авжи баҳор бўлса? Шоир ҳар доим йўлда, кечани кеча, кундузни кундуз демай доим ҳаракатда. Орқамда босиб ўтган йўлларимга назар ташлашим учун бир муддат бўлса ҳам отимни йўлнинг ўртасида тўхтатишим керак.
Тоғликлар ҳар қандай қўшиқни айтишдан аввал мусиқа чалишади. Худди шундай мен ҳам ҳикоямни болалигим ҳақида сўзлашдан бошлайман.
Йўловчи ҳам биринчи навбатда ўзи от эгарлаган ҳовлини эсга олгандай, мен ҳам ҳикоямни ўзим туғилган уйни эслашдан бошлайман. Бизнинг Цада қишлоғимиз шаҳарча деб номланган. Ҳолбуки, унда етмишта хонадон бор. «Цада» сўзи «оловда» маъносини англатади. Бизда эрта қуёш чиқади ва узоқ вақт чарақлаб туради. Эҳтимол, шунинг учун биз: Цадада қор музга, ёмғир ботқоққа айланмайди, деймиз.
Хонамнинг деразаси Хунзах йўли томонга қа­раган. Нарироқда худди бўрк кийган болалар том устида тўйни томоша қилгани каби тоғлар устидаги қоялар овул томонга қараб турибди. Овулдошларим қайта-қайта таъкидлаганидек: «Агар тошни энг арзон нархда сотиш мумкин бўлсайди, дунёда биз цадаликлардан бой одамлар бўлмасди». Қояларда осилиб турган тошлар худди бошингизга қулаб тушишга, ғорлар оғзини очиб турган бўри каби ютиб юборишга тайёрдай туюлади. О, менинг тоғларимнинг тошлари! Улар араб босқини даврида аварларни мустаҳкам қалъа каби ҳимоя қилди. Улар Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг йўлига тўсиқ бўлди. Улар Доғистоннинг биринчи имоми Қозимулланинг чақириғига акс садо берди. Улар иккинчи имом Ҳамзатни ҳам кўрган ва афсонавий Ҳожимуроднинг ўлими учун Хунзах хони бошига қасос тошлари бўлиб ёғилган.
Қўшни овулдагилар барча мақол, матал ва латифалар Цада овулида тўқилган дейишади. Худди шу овулда менинг отам, Доғистон халқ шоири Ҳамзат Цадаса туғилди ва яшаб ўтди. Мен унинг оиласида тўртинчи фарзанд, учинчи ўғил бўлиб дунёга келдим. Бу 1923 йил 8 сентябрда рўй берган. Иккала акам ҳам Иккинчи жаҳон уруши жангларида ҳалок бўлди. 1951 йилнинг июн ойида 74 ёшли отамдан айрилдим. Энди мен оилада бўрк кийганлар орасида энг каттасиман.
Болалик вақтимда отам мени тиззасига ўтқизиб, пўстини билан ўрарди ва ўз шеърларидан ўқирди. Шунинг учун мен отамнинг шеърларини белимга камар тақмасдан ва отни эгарламасдан аввалроқ ёддан билардим. Қўшниларимиз, мактабдаги ўқитувчиларим отамнинг ҳали чоп этилмаган шеърлардан ўқиб беришимни сўрашарди. Мен отам шеърларини уларга ҳаяжон билан ўқирдим.
 
 Кейин мен шоирнинг ўртанча ўғли,
 Ўзим ҳам ҳавасда шеърлар тўқидим…
 
 Биринчи шеъримни ёзганимда ўн бир ёшда эдим. Ўшанда томнинг устига ёзилган ҳўкиз териси устида ётиб, биринчи бор Цада текислигига 1934 йилда қўнган самолётни кўриш учун ҳатто суннатга ётқизилган болаларнинг чопиб чиққани тўғрисида ёзгандим. Кейин мактабим, ўртоқларим, ўқитувчиларим тўғрисида ёза бошладим. Мактабим унга шеър бағишлашим учун етарли мавзу берарди. Чунки мактаб овулимиздан шундоқ кўриниб турадиган Хунзах қалъасида жойлашганди ва бу қалъа юзлаб йиллар ғанимларнинг ўқ ва снарядларига дош берганди.
1940 йилда Бўйноқ шаҳридаги педагогика билим юртини тугатиб, шу мактабга яна қайтдим, фақат ўқитувчи бўлиб. Ҳозир бу етти йиллик мактаб умумий ўрта таълим мактабига айланган ва у отам номи билан аталади.
Еттинчи синфда ўқиётган вақтимда республика газетасида биринчи шеърим чоп этилди ва унга авар ёзувчиси Ражаб Динмагомедов ўз муносабатини билдириб, айрим сатрларининг пухта эканлигини таъкидлади. Ўшандан кейин шеърларим Хунзах тумани, Бўйноқ шаҳри ва республика газеталарида чиқди. Шеърларимга «Цадаса» тахаллуси билан имзо чекардим. Бир куни менинг шеър ёзишимдан бехабар тоғлик адабиёт мухлиси шундай деди: «Менга қара ука, отангга нима бўлди? Илгари шеърларини бир ўқишда ёдлаб олардим. Ҳозир қанча ўқисам ҳам сира тушунмаяпман». Ўшандан кейин отамнинг исмини фамилия қилдим ва шеърларимга Расул Ҳамзатов деб имзо қўйдим.
Матбуотда қанча шеърларим чиқмасин, одамлар мени шоир Расул Ҳамзатов сифатида эмас, Ҳамзат Цадасанинг ўғли сифатида қабул қилишарди. Отам шеърият санъатидаги биринчи устозим эди. У менинг дастлабки шеърларимни ўқиб шундай деганди: «Агар бу кулни оташкурак билан яхшилаб титилса, битта ўчоқда ўт олдириш учун кичкина чўғни топса бўлади».
Ҳа, дастлабки шеърларимда сўзлар кўпроқ, фикр камроқ эди. Товоқдаги бир сиқим унга бир кўза сув қуйиб, ундан хамир тайёрлашга уринаётганим ўзимга ҳам сезила бошлади. Қани ўша дастлабки машқларим? Улар дарёга етмаган жилғалар каби қуриди. Мен дарёга етгунча, йиқилишдан қўрққанимда қоятошларга суянганча ўша жилғалардай қанча юрдим? Бари бир, тан олишим керак, ўзим ўша вақтда шеърларимни яхши ёзилган деб ўйлардим. Лекин ўзимга барча китобларим азиз, ҳатто бўш тўпламим ҳам. Негаки, у биринчи китобим! У китобни «Оташин севги ва ёндирувчи ғазаб» деб номлагандим. Қандай унутишим мумкин, бу китобни ўқиб чиққан тоғлик қиз менга мактуб йўллаганини? Қандай унутишим мумкин, қишки қўтон ёнида чўпон шу китобим варағини тамакига ўралма қилганда ранжиганимни? Қандай унутишим мумкин, отам олдида ўзимни оқлаш учун бутунлай бошқа сабаб билан ўша чўпон авлод-аждодининг номини тупроққа қорганимни? Бу 1943 йилда бўлганди, у вақтда соқолимни ҳар кун қиртишлардим, намойишкорона тамаки чекардим ва ҳар куни қизларни севиб қолардим.
Бу вақтда турли жойларда ишлашга улгурдим: кўчма авар театрида режиссёр ёрдамчиси бўлдим, биз овулма-овул юриб томоша кўрсатардик, республика газетасида мухбирлик қилдим, радиода ҳам ўзимни синаб кўрдим.
Ўша даврда доғистонлик Иккинчи жаҳон уруши Қаҳрамони Саад Алиевга бағишлаб достон ёзгандим. Шўрлик достоним авар ёзувчиси Гаджи Залов қўлига тушибди ва у яхшилаб дўппослабди. Мен ҳам қарздор бўлиб қолмадим, унинг «Жанг соати» китобини авра-астарини чиқариб танқид қилдим. Вақт иккимиз ҳам ҳақ эканлигимизни кўрсатди.
Ўзимнинг бир неча китобим ва Илья Сельвинский рус тилига ўгирган «Краснодон болалари» достонимни қўлтиғимга қисиб, чўнтагимга Ёзувчилар уюшмаси аъзо­лиги гувоҳномаси ва озгина пулни солиб Москвага, Адабиёт институтига ўқишга кириш учун йўл олдим. Агар ростини айтадиган бўлсам, институтга кириш иштиёқидан кўра Москвани кўриш иштиёқи баланд эди. Шаҳарни кўраман ва қайтаман деб ўйлагандим. Аммо Адабиёт институти директори Фёдор Васильевич Гладков рус тилини билмаслигимни кўриб турса ҳам, мен ёзган диктант қизил қалам билан роса бўялган бўлса ҳам, фамилиямни ўқишга кирганлар қаторига ёзди. Шунинг учун бу бағрикенг инсондан ҳамиша миннатдорман. Эндигина ташаккуримни унга ёзма равишда изҳор қилаяпман.
Москва ва Адабиёт институти менга ручкани қандай ушлашни ўргатди, оқ қоғоз узра эгилиб ўтириб ёзишни ўргатди, жумла устида фикр-мулоҳаза юритишни ўргатди, муқаддас туйғуларни севишни ва қадр­лашни ўргатди, ўз ижодимдан қониқмасликни ва ҳар бир сўз устида ўйлашни ўргатди.
Москва ва Адабиёт институти менга шеъриятнинг кўз илғамас сирларини очди. Айнан ўша даврда тушундим: яхшилаб тозаланган уч тийинлик чақани олтин деб ўйлаб юрганимни. Мен навбатма-навбат турли шоирларга – Блокка, Маяковскийга, Есенинга, Пастернакка, Цветаевага, Багрицкийга, авар Маҳмудга, немис Гейнега ихлос қўйдим. Лекин Пушкин, Лермонтов, Некрасовга бўлган ихлосим ҳеч қачон ўзгармади.
Мен рус адабиётининг гўзал намуналари жозибасини болалигимдаёқ ҳис қилгандим. Отам мактабда ўқиб юрган вақтимдаёқ Толстойнинг «Ҳожимурод» асарини овулдошларимга ўқиб беришимни ва уни гапма-гап авар тилига таржима қилишимни буюрарди. Оқсоқоллар асарни тинглар экан, бундай ҳаққоний сўзларни одам боласи ёзиши мумкин эмас, уларни Аллоҳнинг ўзи нозил қилган бўлса керак, деб бош чайқаб қўйишарди. Криловнинг масалларини, Чеховнинг «Хамелеон» ҳикоясини, отам таржима қилган Пушкиннинг «Қишлоқ» шеърини ёддан ўқирдим. Кейинчалик ўзим ихлос қўйган Лермонтовнинг шеърларини, Пушкиннинг «Полтава»сини таржима қилдим. Есениннинг шеърлари таржимаси бўйича эса аварлик битта шоир билан муштлашганман ҳам.
Менинг шеърларим тўғрисида ёқимли сўзларни ёзган Александр Фадеевнинг мактубини ҳамон меҳр билан сақлаб келаяпман. Рус шоирлари билан учрашувлар ва улар билан дўстлик алоқаларини ўрнатганим, биргаликдаги қизғин баҳсларимиз менда унутилмас таассурот қолдирди, беқиёс сабоқ бўлди. 1947 йилда рус тилида биринчи китобим чиқди.
Мен кўп жойларда бўлганман. Мамлакатимизда ва унинг ташқарисида ҳам кўплаб дўстларим борлигидан фахрланаман. Агар тақдир менга қанча дўстларим бўлса, шунча умр берса эди, ҳатто узоқ яшайдиган одамлар билан машҳур Доғистонда ҳам мендан узоқроқ умр кўрган одам топилмасди.
Агар нафис авар шеъриятига учта кичкина чўғ қўша олган бўлсам ва улар учта ўчоқда ўтни ёндирса, бунинг учун аввало Москвадаги Адабиёт институтидан, ўқитувчи ва ижодкор дўстларимдан миннатдор бўлишим керак. Бир ижодкор сифатида ҳамиша умуминсоният шеъриятининг марваридларидан, хал­­­қимнинг, отам ва менинг йўлимни ёритган барча маёқ­лардан бир умр миннатдорман.

1978

Асрор Мўмин таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 9-сон.